М У Ҳ А Б Б А Т В А С А Д О Қ А Т К У Й Ч И С И

Ҳар йили биз баҳорнинг илк кунини ўзгача кутиб оламиз. Чунки бу кун ўзбек халқининг севимли шоираси, муҳаббат ва садоқат куйчиси Зулфия Исроилова таваллуд топган кун. У Тошкент шаҳрида ҳунарманд оиласида 1915 йил 1 март куни дунёга келган. Шоира Хотин-қизлар билим юртида ўқиган вақтларида адабий тўгаракларда шеърлар машқ қила бошлайди. Унинг ҳар бир ижоди қалбларда ўзгача шукуҳ уйғотиши шубҳасиз эди. Зулфия 17 ёшида "Ҳаёт варақлари” (1932) номли биринчи шеърлар тўпламини чоп этади.

Шоира бутун умрини ўзбек хотин-қизларининг дарду ташвишларига бағишлади. "Қизлар қўшиғи” деб номланган поэтик асарида айни жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган. Шоиранинг ушбу асарида она-Ватан ва унинг дала-чўлларида меҳнат қилаётган пахтакорлар, механик, тракторчи қизларнинг қайноқ ҳаётлари қаламга олинган. Шоира жуда сермаҳсул ижод қилди. Улуғ Ватан уруши даврида "Уни Фарҳод дер эдилар”, "Ҳижрон кунларида” каби тўплам-ларининг нашр этилиши Зулфияхонимнинг пешқадам шоирлар қаторига дадил кириб келаётганлигидан нишона эди. Тўпламдаги шеърлар Ватанга муҳаббат, душманга нафрат ва ғалабага ишонч руҳида яратилганлиги билан характерланади. Шоира урушдан кейин ҳам сермаҳсул ижод қилди. Унинг "Сўроқлайди шоирни шеърим”, "Куйларим сизга”, "Мен тонгни куйлайман” кўплаб шеърлари ҳали-ҳануз ҳар бир китобхон қалбида муҳрланиб қолган, десак янгилишмаймиз.

Севимли шоирамизнинг серқирра ижоди давлатимизнинг бир қатор орден ва медаллари билан ҳам тақдирлаган.

Истиқлол йилларида шоиранинг ватанимиз, миллатимиз тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаларини юксак қадрлаш мақсадида, фан, адабиёт, маданият ва санъат, спорт йўналишларида оламшумул муваффақиятларни қўлга киритиб келаётган қизларимизни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш борасида Зулфияхоним номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилиши жуда катта тарихий воқеага айланди. Ҳар йили 8-март халқаро Хотин-қизлар байрами арафасида Республикамиз бўйича 14 нафар истеъдодли қизларимизнинг ана шу мукофот билан тақдирланиши келажак авлодда чуқур қизиқиш уйғотмоқда. Бу эса ўз навбатида, мамлакатимизда хотин-қизларимизнинг оила ва жамиятда тутган ўрнини янада мустаҳкамлаш, ўзига хос эъзозу эҳтиромнинг намунаси ҳамдир

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.