29.10.2024
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасига кўра инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас.
Қонунчиликка кўра фуқаролар ўзининг соғлиғига ва хаётига етказилган зарарни қоплаш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи эгадирлар.
Фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усулларидан бири маънавий зарарни қоплашни талаб қилишдир.
Маънавий зарар деганда жабрланувчига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракати (ҳаракатсизлик) оқибатида у бошидан кечирган (ўтказган) маънавий ва жисмоний (камситиш, жисмоний оғриқ, зарар кўриш, ноқулайлик ва бошқа) азоблар тушунилади.
Ғайриқонуний ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)нинг объекти бўлиб фуқарога туғилган вақтидан буён ва қонунга мувофиқ тегишли бўлган номоддий манфаатлари, (ҳаёти, соғлиғи, шахснинг қадр-қиммати, ишчанлик обрў-эътибори, шахсий ҳаётнинг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сири), шахсий номулкий ҳуқуқлари (ўз номидан фойдаланиш ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқи ва бошқа номулкий ҳуқуқларнинг интеллектуал фаолият натижаларини қонунларга кўра ҳуқуқий муҳофаза қилиш) ва мулкий ҳуқуқлари (уй-жой дахлсизлиги, мулк ҳуқуқи ва бошқалар)ни бузилиши бўлиши мумкин.
Маънавий зарар, жумладан яқин қариндошини йўқотиш (ўлими) сабабли маънавий қайғуриш, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини давом эттира олмаслик, ишини йўқотиш, оилавий, тиббий сирларни ошкор қилиш, фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, ҳар қандай бошқа ҳуқуқларини вақтинча чеклаш ёки улардан маҳрум қилиш, етказилган зарар ёки соғлиққа бошқача зиён етказиш туфайли, жисмоний оғриқ, соғлиққа бошқача етказилган ёхуд етказилган маънавий азоблар натижасида бошидан ўтказилган бошқа касалликларда намоён бўлиши мумкин.
Судларга маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги даъво киритишда даъво муддати қўлланилмайди.
Маънавий зарар фуқароларнинг шаъни, қадр қимматини камситадиган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган бошқа ҳуқуқларини бузиш орқали етказилиши мумкин.
Маънавий зарар ундириш тўғрисидаги даъволар судга моддий зарарни удириш билан бирга ҳам, алоҳида ҳам тақдим қилиниши мумкин.
Судда маънавий зарарнинг миқдорини белгилашда жабрланувчининг унга етказилган маънавий зарарнинг оғирлигига берган субъектив баҳосини, шунингдек даъвогарга етказилган маънавий ва жисмоний азобларнинг даражасини кўрсатувчи объектив маълумотларни, тажовуз қилинган объектнинг ҳаёт учун муҳимлиги, фойдаси (ҳаёти, соғлиги, қадр-қиммати, шахсий эркинлиги, уй-жойнинг дахлсизлиги, катта қимматликка эга бўлган мулклари ва бошқалар), ҳуқуқбузарликнинг оғирлиги ва оқибати (яқин қариндошларининг ўлдирилиши, ногиронликка олиб келган тан жароҳати етказилиши, озодликдан маҳрум қилиш, ишдан ёки турар жойдан ва бошқалардан маҳрум қилиш), уялтирадиган нотўғри маълумотларнинг характери ва уларни қанчалик даражада (доирада) тарқатилганлиги, жабрланувчининг яшаш шароитлари, шахсий хусусиятлари (хизмати, оилавий, маиший, моддий томонлари, соғлигининг ҳолати, ёши ва бошқалар), зарар етказувчининг ва жабрланувчининг айб даражалари, зарар етказувчи шахснинг моддий аҳволи ва бошқа эътиборга молик ҳолатларни ҳисобга олинади.
Масалан, судга даъвогар А.Н жавобгар Ш.Х ва хусусий корхонасига нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, маънавий зарарни ундиришни сўраган.
Аниқланишича, жавобгар Ш.Х хусусий корхонасига тегишли автотранспорт воситасини бошқариб, йўл харакатлари қоидаларига риоя этмасдан йўл четида турган вояга етмаган Н.Мни уриб юборилиб, йўл транспорт ҳодисасини содир қилган.
Натижа, вояга етмаган шифохонада вафот этган.
Суднинг ҳукмига кўра, жавобгар Ш.Х Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 3-қисмининг “а”-бандида кўрсатилган жиноятни содир этишда билан айбли деб топилиб, 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 7 йил муддатга озодликдан махрум қилиш жазоси тайинланган ва манфаатдор шахсларга маънавий зарарни ундириш тушунтирилган.
Суд иш холатларини тўлиқ ўрганиб чиқиб, жавобгарларнинг айби даражаси ва шахси ҳамда мулкий аҳволи каби эътиборга молик жихатларни инобатга олиб, адолатлилик ва оқилоналик тамойиллари асосида маънавий зарар ундиришни белгилади.
Хулоса қилиб айтганда, фуқаролар ва юридик шахслар ўзларига тегишли хуқуқларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги лозим.
Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди раиси А.Ҳамраев