30.05.2024
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасига кўра, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
Ҳар бир оилада фарзанд дуёнга келса ота-онанинг қувончи кўкка етади, барча ташвишлар унитилиб, барча эътиробори фарзандига қаратилади.
Аммо, ушбу оилага дарз кетса ота ёки онанинг фарзанди олдидаги мажбурияти унитилади, яъни фарзандининг моддий таъминлашдан бўйин товлайди.
Аслида, болаларни умуминсоний қадриятларни ҳурматлаш, маънавий меросни сақлаш ва ривожлантириш, юксак ватанпарварлик, софлик ва ҳалоллик руҳида тарбиялаш, уларни ижтимоий фойдали меҳнатга тайёрлаш ота-оналарнинг конституциявий ва маънавий бурчидир.
Фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриладиган ишлар тоифаларидан бири бу-ота ёки онанинг ўз фарзандларини моддий таъминоти билан боғлиқ алимент ундириш тўғрисидаги ишлардир.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила кедексида ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шартлиги, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота ёки онадан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилиши, вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенглиги белгиланган.
Бунда ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун - тўртдан бир қисми; икки бола учун - учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун - ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак. Бугунги кунда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдори 1.050.000 сўм эканлигидан келиб чиқиб, бу миқдор 278.250 сўмни ташкил этади.
Агар алимент тўлаши лозим бўлган ота ёки она ҳеч қаерда ишламаса алимент миқдори республикада белгиланган ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб, Мажбурий ижро бюроси томонидан ҳисобланади ва ундирилади.
Ўзбекистон Республикаси Оила кедексида вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт. Ота-онасининг давлат ва нодавлат муассасалари қарамоғида эканлиги вояга етган меҳнатга лаёқатли болаларни ота-она ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод қилмайди.
Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади. Ота-она, алимент ундириш ҳақидаги талабни ўз болаларининг бирига ёки бир нечтасига нисбатан қўйганлигидан қатъи назар, алимент миқдорини белгилашда суд вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг барчасини ҳисобга олиши лозим.
Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан ундирилаётган алимент миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги керак. Бугунги кунда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдори 1.050.000 сўм эканлигидан келиб чиқиб, 123.375 сўмни ташкил этади.
2024 йилнинг 5 ойи давомида фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судида алимент ундириш билан боғлиқ 218 та суд буйруғи чиқарилган.
Вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар Оила Кодекснинг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Бир мисол, даъвогар З.Каримова турмуш ўртоғи Р.Хакимов томонидан вояга етмаган бир нафар фарзандининг моддий таъминотидан бўйин товлаганлиги, яъни 22 млн сўм алимент қарздорлиги мавжудлиги сабабли судга оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Иш ҳужжатларига кўра, суднинг 29.07.2019 йилдаги суд буйруғига асосан жавобгар Р.Хакимовдан даъвогар З.Каримовнинг фойдасига бир нафар етмаган фарзанди таъминоти учун ҳар ойда иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/4 қисм миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочисининг қарорига асосан жавобгар Р.Хакимовнинг алимент қарздорлиги 22.858.663 сўмни ташкил этган.
Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг 11.03.2024 йилдаги қарорига асосан жавобгар Р.Хакимовга алимент тўламаганлиги учун Ўз.Р МЖтКнинг 474-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тайинланган.
Аммо, шундан кейин ҳам жавобгар алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган. Охир оқибат даъвогар З.Каримованинг даъвоси қаноатлантирилиб, суднинг хал қилув қарорига кўра жавобгар фарзандига нисбатан оталик ҳуқуқида маҳрум қилинди.
Юқорида баён этилган ҳолатлардан кўринадики, юртимизда болалар манфаати қонунлар асосида қатъий мухофаза қилинади, бу борадаги ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракат муқаррар жавобгарликка сабаб бўлади.
Фуқаролик ишлари бўйича
Навбаҳор туманлараро суди раиси А.Ҳамраев