30.05.2024
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасига кўра, ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга.
Қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни талабларининг оғишмай бажарилиши фуқароларнинг ижтимоий таъминотга бўлган конституциявий ҳуқуқларининг кафолати ҳисобланади.
Маълумки, Қонунда қуйидаги давлат пенсия турлари белгиланган:
ёшга доир пенсия;
ногиронлик пенсияси;
боқувчисини йўқотганлик пенсияси.
Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эркаклар - 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар - 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўлади.
Пенсия ёшига етган ва етарли миқдорда иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсия Қонунни 37-моддаси биринчи қисмининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади.
Давлат пенсия таъминотига оид ҳуқуқни амалга ошириш билан боғлиқ қуйидаги ишлар судда кўрилиши мумкин:
иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, меҳнат фаолияти даврларини белгилаш ҳақидаги;
иш стажини тасдиқловчи ҳужжатнинг тегишлилик фактини белгилаш ҳақидаги;
иш ўринларининг аттестация қилинганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, ўта зарарли ва ўта хавфли меҳнат шароитларида ишлаганлик фактини белгилаш ҳақидаги;
фаолиятнинг суғурта бадаллари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги асоси бўйича Пенсия жамғармасининг пенсия тайинлаш бўйича комиссиясининг фаолият даврларини меҳнат стажига қўшишни рад этиш ҳақидаги қарорлари устидан шикоят бериш;
Пенсия жамғармасининг пенсия тайинлаш бўйича комиссиясининг пенсия тайинлашни рад этиш, пенсияни бир турдан бошқа турга ўтказишни рад этиш, пенсиядан чегирмалар қилиш тўғрисидаги қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги.
Шунингдек, ушбу рўйхат тугал ҳисобланмайди ва аризани иш юритувига қабул қилиш масаласини ҳал қилиш вақтида ҳар қандай ҳуқуқ бузилиши суд орқали тикланиши мумкинлигидан, шунингдек, фуқароларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқларининг вужудга келиши, ўзгариши ва бекор бўлиши билан боғлиқ ҳар қандай факт белгиланиши мумкинлигидан келиб чиқиш лозим.
Пенсия олиш билан боғлиқ ҳуқуқни амалга ошириш ҳақидаги даъво аризалар фуқаролик ишлар бўйича судларга, Пенсия жамғармаси органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)га нисбатан шикоятлар эса, маъмурий судларга тааллуқлидир.
Қонунга мувофиқ имтиёзли асосларда пенсиялар ёшидан қатъи назар муайян шахсларга пенсия ёши (10 йил, 5 йил ва 1 йилга) қисқартирилган ҳолда, лилипутлар ва паканаларга, шунингдек, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхона, муассаса, ташкилотнинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган шахсларга тегишли иш стажига эга бўлган ҳолларда, пенсия ёши 2 йилга қисқартирилган ҳолда, муддатидан илгари тайинланиши мумкин.
Имтиёзли равишда пенсия олиш ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхатларга асосан фуқароларнинг алоҳида тоифалари эгадир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 12 майдаги “Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 250-сонли қарорининг 2-бандига кўра: 2-рўйхатнинг 1-қисми ва 3-рўйхатнинг 1-қисми иш ўрнини меҳнат шароитлари бўйича ҳар бир беш йилда иш берувчи томонидан аттестациядан ўтказилиши белгиланган.
Фуқаролик ишлари бўйича
Навбаҳор туманлараро суди раиси А.Ҳамраев