23.05.2024
Босқинчиларга ҳукм ўқилди
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 10-моддасида, қилмишида жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шартлиги белгиланган.
Пахтачи туманида яшовчи З.Қосимов, Ғиждувон туманида яшовчи А.Назаров ва бошқалар жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ шахслар бўлиб, Навбаҳор тумани ва бошқа туманларда яшовчи фуқароларга тегишли бўлган хонадон ва ёрдамчи хўжалик биноларига кириб, хонадонларда мавжуд бўлган нақд пул маблағлари, тилла-тақинчоқлар, гиёҳвандлик моддалари ҳамда бошқа моддий қийматликдаги нарса ва буюмларни қонунга хилоф равишда босқинчилик йўли билан талон-торож қилишга режа тузишади ва
2023 йилнинг 23 март куни ярим тунда Навбаҳор тумани ҳудудига келишиб, юзларига ниқоб тақишиб, ошхона пичоғи ҳамда темир кастет билан қуролланиб, фуқаро Т.Хайдаровнинг (исми-шарифи ўзгартирилган) яшаш хонадонига кириб, ҳовли ётоқхонасида ухлаб ётган хонадон эгаси Т.Хайдаровга ҳужум қилиб, уни танасининг турли жойларига уриб, тан жароҳати етказишиб, яшаш хонадонидан 47 000 000 сўм миқдордаги нақд пуллар ҳамда турли нархдаги телефон аппрати ва бошқа буюмлар,
50 400 000 сўмлик тилла-тақинчоқлар жами 106 440 000 сўмлик мол-мулкни босқинчилик йўли билан қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинганлар.
Бундан ташқари З.Қосимов 2023 йил 27 март куни Кўкдала туманида 63,0 грамм кўп “Опий” гиёҳвандлик воситасини тадбирда “харидор” сифатида иштирок этган “А.Э” исмли шахсга 22.500.000 сўмга қонунга хилоф равишда сотган вақтида ушланган, шунингдек, З.Қосимов ёнида 0,95 грамм “Гашиш” гиёҳвандлик воситаси ва пул купюрасига ўралган 0,20 грамм “Марихуана” гиёҳвандлик воситаларини келгусида ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда сақлаб келаётгани аниқланган.
Кармана туманида яшовчи Ф.Эргашов 2023 йил апрель ойининг бошларида З.Қосимов ва унинг жиноий шериклари А.Назаров ва бошқалар томонидан фуқаро Т.Хайдаровнинг хонадонидан олиб чиқилган буюмларни қабул қилиб олиб, ушбу буюмларни жиноят содир этиш йўли билан қўлга киритилганлигини била туриб олиб қолиб, содир этилган ўта оғир жиноятни яширган.
Шофиркон туманида яшовчи Ш.Музаффаров 2023 йил апрель ойининг бошларида З.Қосимов томонидан ва унинг жиноий шериклари А.Назаров ва бошқалар томонидан Т.Хайдаровнинг жойлашган яшаш хонадонида содир қилинган босқинчилик жинояти ҳақида аниқ билгани ҳолда хабар бермаган.
А.Назаров 2023 йил 23 июль куни Қ.Рахматов билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, тадбирга жалб этилган фуқаро Ж.Ризоқуловга қалбаки 10.000 АҚШ долларини 5000 АҚШ долларига сотишга келишиб, Ғиждувон туманида унга қалбаки 8300 АҚШ долларини бериб, қолган қалбаки 1700 АҚШ долларини тез кунда етказишини айтиб, қалбаки АҚШ доллари сотганликлари эвазига 5000 АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур жиноят иши 2024 йил 8 апрель куни Навоий вилоят жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судида кўриб чиқилиб, З.Қосимовга 14 йил, А.Назаровга 13 йил 6 ой, Қ.Рахматовга 3 йил, Ф.Эргашовга 3 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган бўлса, Ш.Музаффаровга
3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Жиноят иши юзасидан етказилган ва қопланмаган 101.000.000 сўм зарар З.Қосимов ва А.Назаровлардан солидар тартибда жабрланувчи Т.Хайдаров фойдасига ундириш белгиланди.
Жиноят ишлари бўйича
Навбаҳор туман судининг раиси
А.Сайдуллаев