17.05.2024
Жаннатмонанд юртимиз табиий қуёш нурига тўйинган турли ноз-неъматлари, шу жумладан, болдек ширин қовун-тарвузлари билан дунёга донг таратган. Шираси тилни ёрадиган Оқуруғ, Амири, Обиноввот, Кампирчопон, Бўрикалла, Гурвак, Кўк тинни, Кўкча-588, Шакарпалак, Гулоби, Кўк каллапўш каби қовун навларининг номлари чет элларда ҳам машҳур.
Давлатимиз томонидан кейинги йилларда сабзавот-полиз маҳсулотларини етиштиришга алоҳида эътибор қаратаётгани миришкорларимизда бу турдаги маҳсулотлар парваришига катта қизиқиш уйғотиб, полиз етиштириш кўламини кенгайтираётир. Экспорт ҳажмини оширмоқда.
Бироқ қовун етиштиришда миришкорларнинг муаммоларга дуч келинаётгани ҳам сир эмас. Чунки, зироатларга ин қуриб олаётган турли зараркунанда ҳашаротлар, касалликлар қовун ҳосилига зарар етказмоқда. “Бўрикалла”, “Қора бўрикалла”, “Шакарпалак”, “Дониёри”, “Қариқиз” каби қовунлар камайиб бораётир. Зараркунандалар орасида айниқса, “қовун пашшаси” кенг тарқалган.
Мутахассисларнинг фикрича, сўнгги йилларда қовун пашшаси мамлакатимизнинг полиз етиштириладиган барча ҳудудларига тарқалиб ҳимоя чоралари ўтказилмаган далаларда ҳосилнинг катта қисмини нобуд қилмоқда.
Жаҳонда аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда аграр соҳанинг ўрни ва аҳамияти кундан-кунга ошиб бораётган ҳозирги даврда мамлакатимизда ҳам мавжуд ресурс ва имкониятлардан оқилона фойдаланиб, халқимизни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, ҳосилдорлик ва манфаатдорликни янада ошириш, соҳага илм-фан ютуқлари ҳамда замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш муҳим масалага айланган. Шунга мувофиқ, соҳада юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш учун қовун пашшасининг ҳудудларга тарқалиш сабаблари, биоэкологик хусусиятлари, зарар келтириш даражаси, унга қарши уйғунлашган кураш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш юзасидан илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Қовун пашшаси келтирадиган зарарнинг олдини олиш мақсадида экин майдонларини алмашлаб экиш, зарарланган ўсимликларни даладан олиб чиқиб, кўмиб ташлаш, даладаги зарарланган қовунларни йиғиштириб олиш, далани чуқур шудгор қилиш ва қишда зарур ҳолларда яхоб суви бериш, ҳудудларга мос навларни танлаб экиш, минерал ва органик ўғитлар билан меъёридан оширмаган ҳолда озиқлантириш тавсия этилаётир.
Бу ҳашарот юртимизга Кавказ ва Кавказолди ҳудудларидан кириб келган бўлиб, Қовун пашшаси бизнинг шароитда мавсум давомида уч ва ундан кўп миқдорда авлод беради. Ҳашарот қиш мавсумида 5-15 сантиметр тупроқ остида сохта ғумбак ҳолида яшайди. Май ойи охири ва июнь ойининг биринчи ўн кунлигида, яъни қовун палакларининг гуллаши ва мева тугиши даврида учиб чиқади. Ҳар бир етилган наслдан кейин зараркунандаларда яна 23-30 кундан сўнг насл пайдо бўлади. Битта пашша қовун пўсти остига 100-150 тагача уруғ қўяди. Оқибатда, қовунлар пишмасдан далада чириб, айниб кетади. Бундай қовунларни ҳатто, чорва моллари ҳам емайди. Лекин пашша пўсти қотган қовунларга уруғ қўя олмайди. Муаммонинг янада мураккаблашишининг олдини олиш учун қовун пашшаси ривожининг биоэкологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қарши кураш тадбирлари тавсия этилади. Бу ҳашаротга қарши курашда аввало, агротехник тадбирлар сифатли ўтказилиши шарт. Феромон тутқичлар ёрдамида ҳашаротлар борлигини аниқлаб олгандан сўнг рухсат этилган инсектицидлар ёрдамида ишлов берилади. Кураш чораси сифатида таъсир этувчиси Лямбда-сигалотрин 100г/л бўлган КОРАТEК ПЛЮС 10 % (1,2-1,5 л/га) препарати нафақат қовун пашшаси балки полизлардаги бошқа ҳашарот зараркунадаларга қарши ҳам самарали таъсир кўрсатади.
Ҳосилни йиғиштириб олишдан камида 20 кун аввал кимёвий ишлов бериш тўхтатилади.
Навбахор туман Ўсимликлар карантини ва ҳимояси испекторлари
Х.Тураев, У.Ризақулов, Ф.Очилов, У.Хайитов, К.Кулдошов