15.05.2024
Азиз дўстлар!
Бугун 15 май" Халқаро оила куни" нишонланмоқда. Шу муносабат билан барча оилаларни Халқаро оила куни билан муборакбод этаман!
Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 сентябрдаги ялпи йиғилишида 1994 йилдан бошлаб “15 май кунини - Халқаро оила куни” деб белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-3808-сон қарорига мувофиқ, 15 май ҳар йили Халқаро оила куни сифатида Республика бўйлаб кенг нишонланиши белгилаб қўйилди. Таъкидлаш жоизки, юртимизда, биринчи навбатда, янги қурилаётган ёш оилаларга эътибор қаратишни устувор вазифамиз деб биламиз.
Улар томонидан ёш оилалар ижтимоий ҳимояга олиниб, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда.
Ўзбек халқи тарихига назар ташлайдиган бўлсак, энг қимматли анъаналар: ҳалоллик, ростгўйлик, ор-номус, шарму ҳаё, меҳру оқибат, меҳнатсеварлик каби барча инсоний фазилатлар, энг аввало, оилада шаклланишининг гувоҳи бўламиз.
Бугунги кунда ҳам ана шу анъаналарни давом эттириб, ўзбек оилалари оиланинг соғлом иқлими, ота-онанинг бир-бирига меҳри ва ҳурмати шароитида, оила бағрида фарзандларини эл-юртининг муносиб ўғил-қизлари, Ватанининг ҳақиқий содиқ фуқароси бўлиб вояга етишларида жон куйдирмоқдалар.
Шундай экан Оилани мустаҳкамлашга хонадоннинг ҳар бир аъзоси масъул эканини унутмаслигимиз лозим. Ота-оналаримиз, қайнота-қайноналаримиз, ўғил-қизларимиз, келинлар-куёвларимиз, қудаларимиз ҳам, бир-бирларининг хатоларидан фожиа ясамай, оилаларимизни асраб қолиш учун астойидил ҳаракат қилсалар бундай хонадон чинакам меҳр-муҳаббат масканига айланади. Барчангизга оила куни яна бир бор муборак бўлсин дейман. Ҳар биримизни оиламиз тинч бўлсин, оила қўрғони деб аталмиш муқаддас масканимиз пойдевори мустаҳкам бўлсин!
Оила қадриятининг умри бардавом бўлмоғи шарт. Ҳар қандай мамлакат ва давлатнинг энг катта бойлиги, кучи қудрати бу унинг бағрида яшаётган оилалар ва аҳолисидир. Юрт тинчлиги оилалар тинчлигидан, эл-юрт фаровонлиги оилалар фаровонлигидан пайдо бўлади. Оилаларимиз мустаҳкам, ҳаммамиз учун қўрғон бўлсин. Файзу-иқбол ундан аримаслигини тилайман!