Деҳқон хўжаликлари иқтисодиёт таянчи

Республикамизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда фермер хўжаликлари билан бир қаторда, деҳқон хўжаликларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Ўз навбатида, бу икки қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг фарқли жиҳатлари мавжуд.

"Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига кўра, фермер хўжалиги ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқариши билан шуғулланувчи, мустақил хўжалик юритувчи субъектдир. Фермер хўжалиги албатта, юридик шахс сифатида ташкил этилади ва фаолият юритади.

Деҳқон хўжалиги эса "Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 1-моддасига биноан оилавий майда товар хўжалиги бўлиб, оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун оила бошлиғига берилган томорқа ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиради ва реализация қилади. Деҳқон хўжалигидаги фаолият тадбиркорлик фаолияти жумласига киради ва деҳқон хўжалиги аъзоларининг истагига кўра, юридик шахс ташкил этган ҳолда ва юридик шахс ташкил этмасдан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Фермер хўжалигига ер участкалари узоқ муддатга ижарага берилади. Яъни, уларга фаолият юритиш учун ер участкалари очиқ танлов асосида ижарага эллик йилгача, бироқ ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга берилади.

Деҳқон хўжалигига эса ер участкаси мерос қилиб қолдириладиган умурбод эгалик қилиш учун берилади.

Бу икки субъектнинг бир-биридан фарқ қиладиган асосий жиҳатларидан бири шундаки, деҳқон хўжалигини юритишда ёлланма меҳнатдан доимий асосда фойдаланиш мумкин эмас.

Деҳқон хўжалиги фаолиятини ўзининг аъзолари ёрдамида амалга оширади. Деҳқон хўжалиги аъзолари жумласига биргаликда яшаётган ва хўжаликни биргаликда юритаётган оила бошлиғи, унинг хотини (эри), болалари, шу жумладан, фарзандликка олинган болалари, тарбияга олинган болалари, ота-оналари, меҳнатга қобилиятли ёшгаетган бошқа қариндошлари киради. Қонунда кўрсатилган ушбу шахслардан бошқа шахслар унинг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Фермер хўжаликларида эса ҳар қандай меҳнатга лаёқатли шахс фермер хўжалиги ишчиси сифатида меҳнат фаолиятини юритиши мумкин.

Шу ўринда бу икки субъектнинг ердан фойдаланишдаги ўхшаш жиҳатларини эслатиб ўтиш жоиз. Фермер хўжалиги юритиш учун ҳам, деҳқон хўжалигини юритиш учун ҳам ажратилган ер участкалари хусусийлаштириш, олди-сотди, гаров, ҳадя, айрибошлаш объекти бўла олмайди. Шунингдек, иккиламчи ижарага ҳам берилиши мумкин эмас.

Жонибек АБДУКАРИМОВ,

СВОЖЖДЛҚК Департаментининг

туман бўлими бошлиғи.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.