Қонунчиликдаги янгиликлар.

Қонунчиликдаги янгиликлар.

"Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–6186-сон, 11.03.2021 й.) қабул қилинди

Фармонга кўра, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби доирасида кўп квартирали уй-жойлар қурилади.

Фармон билан 2021 йилда янги тартиб доирасида:

-республика бўйича жами 33 114 та квартиралар ва якка тартибдаги уй-жойлар;

-қишлоқ жойларда 8 336 та квартирадан иборат кўп қаватли арзон уй-жойлар;

-фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун 3 550 та квартирадан иборат кўп қаватли уй-жойлар қурилади.

Шунингдек, 2021 йил учун уй-жойларнинг ҳисобланган қиймати, бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредити ва дастлабки бадалнинг бир қисми учун Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидияларнинг энг кўп миқдори тасдиқланди.

Жисмоний шахсларга якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун кредитларни ажратиш тартиби барча ҳудудларда жорий этилди (илгари Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жорий этилган  эди).

Бунда:

-кредитлар Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятда 500 та, жами 6 500 та якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) учун ажратилади;

-кредитлар ипотека кредитининг энг кўп миқдорларидан ошмайдиган ва дастлабки бадали якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) ишлари қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, 6 ойлик имтиёзли давр билан 20 йил (йигирманчи йилни ҳам қўшган ҳолда) муддатга ажратилади;

даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларга якка тартибдаги уй-жойларга ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки 5 йил мобайнида фоиз ставкасининг 10 фоизлик пунктдан ошган қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади;

субсидиялар қурилган (реконструкция қилинган) якка тартибдаги уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган ойнинг кейинги ойидан бошлаб тўланади.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 июндан бошлаб ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинади.

Унга мувофиқ:

-фуқаролар томонидан субсидия олиш учун аризалар йил давомида топширилиши мумкин;

-субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчининг даромадларига у билан бирга яшамаётган яқин қариндошларининг даромадлари ҳам киритилиши мумкин;

-субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчидан "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали олиш мумкин бўлган ҳужжатларни (маълумотларни) талаб қилиш ман этилади;

-уй-жой сотиб олиш учун субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарнома улар берилган вақтдан бошлаб 12 ой давомида амал қилади.

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқаролар, шу жумладан хотин-қизларни ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштириш учун уй-жойлар сотиб олинади (1 000 та квартира).

2021 йил 1 июндан Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган ҳамда "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган фуқароларга ижара харажатларининг бир қисмини қоплаш учун 6 ой давомида ойлик ижара тўловининг 50 фоизи миқдорида, бироқ БҲМнинг икки ярим бараваридан ошмаган ҳолда ойлик пул компенсациясини тўлаш тартиби жорий қилинади.

Фармонга кўра, ижтимоий ҳамкорликни янада кучайтириш, компенсация, субсидиялар ва давлат томонидан тақдим этиладиган бошқа имтиёзларни адолатли тақсимлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш мақсадида "Халқпарвар” комиссиялари ташкил этилади.

2021 йил 1 майгача аҳолига қулай шаклда маълумотларни тақдим этувчи ипотека бозори веб-портали ишга туширилади.

Фармонга кўра, уй-жойлар нархини арзонлаштириш мақсадида 2021 йил 1 апрелдан янги тартиб доирасида:

-кўп квартирали уй-жойлар қишлоқ жойларда 5 ва ундан юқори қаватли, шаҳарларда 9 ва ундан юқори қаватли, монолит темир-бетон ва йирик панелли конструкциялар ҳамда бошқа қурилиш материаллари асосида массив шаклида қурилади;

-уй-жой қурувчи ташкилотлар учун мўлжалланган цемент ҳамда металл прокати бўйича алоҳида биржа савдо секцияси жорий қилинади;

2021 йил 1 октябргача цемент маҳсулотини (ТИФ ТН коди 2523) Ўзбекистонга олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади.

2021 йил 1 майгача якка тартибдаги уй-жойларнинг намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Қурилиш вазирлиги расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

 

 

Навбаҳор туман адлия бўлими бошлиғи              Н.Э.Исроилов

 Қонунчиликдаги янгиликлар.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.