Қонунчиликдаги янгиликлар.

Қонунчиликдаги янгиликлар.

 

"Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5020-сон, 05.03.2021 й.) қабул қилинди. 

Қарор билан Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши (Республика кенгаши) ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари белгиланди.

Республика кенгаши, жумладан ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини оширади.

Қарорга кўра, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси (Жамғарма) сифатида қайта ташкил этилди.

Республика кенгашининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ Жамғармага ҳар йили 300 миллиард сўмгача миқдорда Давлат бюджети маблағлари ажратилади.

Шунингдек, тегишли дастурларни муваффақиятли ўзлаштирган хотин-қизларга туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари тавсиясига кўра, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 3 йилгача муддат ва 6 ойгача имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида БҲМнинг 150 бараваригача (36 млн 750 минг сўмгача) миқдорда кредитлар берилади.

2021 йилда "Аёллар дафтари”, "Ёшлар дафтари” ва "Темир дафтар”га киритилган хотин-қизларга ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадални тўлаб бериш ва ижтимоий уй-жойлар сотиб олиш учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига:

-нотурар жойларда истиқомат қилаётган аёлларни уй-жой билан таъминлашга – 10 миллиард сўмдан;

-отасидан айрилган, ёлғиз онаси қарамоғида бўлган вояга етган уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлашга – 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилади.

Қарорга кўра, 2021 йил мобайнида ҳар бир ҳудудда асосан хотин-қизлар фаолият юритадиган ҳунармандчилик турларига ихтисослашган кластерлар фаолияти тажриба сифатида жорий этилади.

"Аёллар дафтари” ва "Ёшлар дафтари”ни самарали юритиш, ишсиз фуқароларга бандлик соҳасида тизимли ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳар бир маҳаллада меҳнат инспекторига "жамоатчи ёрдамчи”лар жалб этилади.

"Жамоатчи ёрдамчи”лар билан 11 ой муддатгача жамоат шартномалари тузилади ҳамда уларнинг иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир ярим баравари миқдорида белгиланади.

Қарорга кўра, тегишли касб-ҳунар таълим муассасаларининг бўш турган қисми тадбиркорларга 30 йилгача муддатга имтиёзли ижарага берилади.

 

Шунга кўра, хотин-қизлар тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг 3 ой мобайнида уларга берилган бўш турган биноларнинг ижара тўловлари БҲМнинг 10 бараваригача (2 млн 450 минг сўмгача) миқдорда тўлаб берилиб, шунингдек, бўш турган биноларни                   1 йилгача муддатда имтиёзли равишда ижарага бериш тартиби жорий этилади.

2021/2022 ўқув йилидан базавий тўлов-контракт асосида давлат ОТМга қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда давлат ОТМ ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилади.

Шунингдек, бакалавриат босқичини муваффақиятли тамомлаб, хорижнинг нуфузли таълим муассасаларига "Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиялари асосида ўқишга юбориладиган стипендиатлар орасида хотин-қизлар улуши камида 20 фоизга кўпайтирилади.

 

 

Навбаҳор туман

адлия бўлими бошлиғи                                              Н.Э.Исроилов                                   

Қонунчиликдаги янгиликлар.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.