Қимирлаган қир ошар

Қимирлаган қир ошарОна табиат диёримизга тўрт фаслни инъом этган. Қуёш ўзининг заррин нурларини заминимиз узра сахийлик билан сочади. Шу боис ҳам тупроғимизда ўсган сархил мева-ю сабзавотлар қуёш нурларида тобланиб, болга тўлиб етилади. Ҳатто юртимизга ташриф буюрган сайёҳлар ҳам еримизда етилган меваларни оғизларидан бол томиб эътироф этишади. Ўзбекистонимизда етиштирилаётган бу маҳсулотларнинг донг таратишида миришкор боғбонларимизнинг ҳам муносиб улуши бор.

Ижандлик Қаҳрамон Мирзаев ҳам ернинг тилини биладиган, боғбонликнинг ҳадисини олган миришкорларимиздан. Қаҳрамон ака 10 йилдан буён "Холиқул Мирзо” фермер хўжалигига раҳбарлик қилиб келмоқда. Хўжалик таассаруфида 10 гектардан зиёд боғ мавжуд бўлиб, боғда олма, ўрик, гилос, шафтоли каби мевали дарахтлар парвариш қилинади.

Қаҳрамон ака қатор йиллар турли жабҳаларда раҳбарлик лавозимларида фаолият юритди. Кейинчалик "Холиқул Мирзо” фермер хўжалигига асос солди.

Аслида қишлоқ хўжалиги менга бегона соҳа эмас. Раҳматли отам Холиқул Мирзаев 20 йил хўжаликни бошқарган. Ана шу йиллар давомида қишлоқ хўжалигининг сир-асрорларини ўрганганим бугунги фаолиятимда асқотмоқда, дейди, биз билан суҳбатда Қаҳрамон ака. Дарҳақиқат, қаҳрамонимиз бугун боғдорчиликда катта тажриба орттирган боғбонларимиздандир.

Халқимизда "қимирлаган қир ошар” деган нақл бор. Бугун ҳаракат қилган, меҳнат қилган киши кам бўлмаяпти. Биз ҳам меҳнатимиз орқасидан яхши даромад топаяпмиз. Яқинда даромадларимиз ортидан "Соbolt” енгил автомашинасини сотиб олдик. Меваларни ташиш учун "Дамас” автомашинамиз бор. Маҳаллий деҳқон бозорлари билан шартномалар тузганмиз. Келгусида 2 гектар ерга интенсив боғ яратиш ниятимиз бор,-дейди Қаҳрамон Мирзаев.

Ҳамжиҳатлик бор жойда ҳамиша барака бўлади. Боғбоннинг ишлари ривожида оиласининг, фарзандлари ҳамда турмуш ўртоғи Муҳаббат Мирзаеванинг ҳам муносиб улуши бор. Муҳаббат опа қатор йиллардан буён 12-умумтаълим мактабида ўқувчиларга сабоқ бериб келади. Ишдан бўш вақтларида эса турмуш ўртоғига боғ ишларида кўмаклашади.

Катта ўғли Отабекжон Тошкент давлат аграр университетида таҳсил олмоқда. Қизи Гулбодомхон эса она изидан бориб, ўқитувчилик касбини танлади. Қаҳрамон ака ва Муҳаббат опа шириндан шакар набираларнинг меҳрибон бобо ва бувижониси ҳамдир. Маҳаллада ўз обрў эътиборига эга бу оилага ҳамма ҳавас қилади. Чунки ҳалол меҳнат ортидан топилган ризқ насиба ҳамиша кишига тинчлик хотиржамлик, барака олиб келади.

Боғ-роғ яратиб она заминимизни гулу-гулзорга буркаётган Қаҳрамон ака каби тумандошларимиз ҳақида қанча илиқ гапирсак шунча оз. Чунки улар жананнатмакон юртнинг жаннатий одамларидир.

Дилфуза БЕРДИЕВА.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.