Савол беринг жавоб берамиз.

Савол беринг жавоб берамиз.

 

Савол: Карантин пайтида ишлаб чиқариш тўхтатилганлиги сабабли корхона рахбари ишчилар билан тузилган меҳнат шартномасини ишчиларни огоҳлантирмай бекор қилиши мумкинми? Қушқочди МФЙда яшовчи фуқаро Д.Пирматова

 

Жавоб: Агарда меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилган бўлса, ходимнинг розилигисиз иш берувчи бир тарафлама меҳнат шартномасини бекор қилиб, ходимни ишдан бўшатиш ҳуқуқига эга эмас.

Ўзбеистон Республикаси Меҳнат кодексининг 97-моддаси 1-бандига асосан меҳнат шартномаси тарафларнинг яъни иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувга асосан меҳнат шартномасининг барча турлари исталган вақтда бекор қилиниши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Бироқ меҳнат шартномаси муайян муддатга тузилган бўлса, карантин ҳолатидан қатъий назар Меҳнат кодексининг 105-моддасига асосан муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши билан бекор қилинади. Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга фақатгина меҳнат кодексининг 100-моддасида кўрсатилган холлардагина йўл қўйилади ва бошқа ҳолатларда йўл қўйилмайди. Ушбу моддада карантин қоидалари назарда тутилмаган.

Бундан ташқари Президентимизнинг "Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт ҳолатларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг 16-банди 2-қисмига асосан, коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар, васйлар, ҳомийлар) бўлган ходимларнинг меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланади.

Туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Суннатилло Қаюмов

 

 

Савол беринг жавоб берамиз.

Савол: Мен 2 ёшли фарзандим билан чет элга чиқишим керак. Ёш болаларга хорижга чиқиш паспортини олиш тартиби, паспорт қанча муддатга берилиши, қанча тўлоқ қилиш кераклиги ҳақида тушунтириш берсангиз?

 

Жавоб: Президентимизнинг 2018 йил 26 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш тизимини яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, хорижга чиқиш боиметрик паспортлари қуйидаги муддатларда берилади.

 

1 ёшгача бўлган болаларга – 2 йилга, 1-16 ёшгача бўлган болаларга-5 йилга, 16 ёшдан ошганларга-10 йил муддатга берилади.

Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштирганлик учун тўловлар миқдори:

16 ёшгача болаларга- базавий ҳисоблаш миқдорининг 80% миқдорида;

16 ёшдан катталарга- базавий ҳисоблаш миқдорининг 120% миқдорида.

 

Вояга етмаган болаларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун ота-онанинг ёзма розилиги бўлиши шарт.

Тўловлар миқдори Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиқади, ҳозирги кунда бу-223.000 сўмни ташкил қилади.

Туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Суннатилло Қаюмов

 

Савол беринг жавоб берамиз.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.