Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар

БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ ДАВЛАТ ВА ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кафолатлашни назарда тутувчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатининг бошида "Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар...” деган улуғвор эъти-роф билан бошланувчи Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси туради. 1959 йилда Бола ҳуқуқлари декларациясини қабул қилиш орқали Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бутун инсониятни, ота-оналар, давлатлар ҳукуматларини болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тан олишга, уларга риоя қилишга чақирган эди. Тавсия характердаги ушбу декларация бола ҳуқуқлари соҳасидаги улкан ўзгаришлар даврини бошлаб берди. Бола ҳуқуқларига доир биринчи ва асосий халқаро ҳуқуқий ҳужжат-Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция БМТ томонидан 1989 йилнинг 20 ноябрида қабул қилинган. 54 моддадан иборат ушбу конвенция айни пайтда бола ҳуқуқларининг халқаро миқёсида ҳимояланишига хизмат қилиб келмоқда ва у бола ҳуқуқларига доир миллий қонунчиликни ривожланишининг мукаммал андозаси саналади.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг ратификация қилган дастлабки халқаро ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳам Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бўлган эди. 1992 йил 9 декабрда ушбу конвенция имзоланар экан, Ўзбекистон дунёнинг 193 давлати қаторида бола ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олди. Ўтган йиллар давомида ушбу ҳужжат нормаларини миллий қонунчи-лигимиизга имплементация қилиш, халқаро шартномалар бажарилишини ҳуқуқий тартибга солиш бўйича 100 дан зиёд қонун, фармон, қарор ва бошқа норматив ҳужжатлар қабул қилинди.

Болаларни ҳимоя қилишга оид давлат сиёсатининг мақсади ёш авлоднинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши, ижодий иқтидори жамият манфаатлари йўлида тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун шароит яратиш ҳамда уларни кафолатлашдан иборат.

Ушбу тамойил Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлис палаталарига қилган мурожаатида ҳам ўз аксини топган бўлиб, унда жумладан қуйидаги фикрлар бор: «Халқимизда «таълим ва тарбия бешикдан бошланади» деган ҳикматли бир сўз бор. Фақат маърифат инсонни камолга, жамиятни тараққиётга етаклайди. Шу сабабли таълим соҳасидаги давлат сиёсати узлуксиз таълим тизими принципига асосланиши, яъни таълим боғчадан бошланиши ва бутун умр давом этиши лозим.

Ривожланган мамлакатларда таълимнинг тўлиқ циклига инвестиция киритишга, яъни бола 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган давр­да унинг тарбиясига сармоя сарфлашга катта эътибор берилади. Чунки ана шу сармоя жамиятга 15-17 баробар миқдорда фойда келтиради. Бизда эса бу кўрсаткич атиги 4 баробарни ташкил этади.

Бинобарин, инсон капиталига эътиборни кучайтиришимиз, бунинг учун барча имкониятларни сафарбар этишимиз шарт».

Бу борада айниқса Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги "Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Қарорга мувофиқ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларини ҳар томонлама ҳаётга татбиқ этиш, Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларида назарда тутилган болаларнинг ҳуқуқларини амалда кафолатлаш, уларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий ва маънавий етук авлод бўлиб етишишини таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекис­тон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда бола ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш белгиланди.

Шу каби қарорда жаҳон цивилизациясининг бугунги кундаги талабларидан келиб чиққан ҳолда вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг, келажагимиз учун муносиб авлодни тарбиялашнинг муҳим вазифалари назарда тутилган. Миллатимиз тарихида илк бор Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ўринбосари- Бола ҳуқуқлари бўйича вакил — Омбудс­ман лавозими жорий этилди.

Эндиликда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бола ҳуқуқларига оид қонунларнинг ижросини назорат қилиш, вояга етмаганларнинг мурожаатлари билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш, болалар ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари билан шуғулланади. Глобал тараққиёт инсоният олдига қўяётган долзарб вазифалар доирасида фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, жамоат ташкилотлари билан биргаликда ёш авлоднинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишнинг муҳим вазифаларини белгилайди ва шу асосда фаолият юритади.

Яна бир эътиборга молик жиҳати, Қарор билан Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ғамхўрлик янада кучайтирилди, уларнинг комил инсон сифатида шаклланишлари, зарур касб эгалари бўлишлари учун кенг имконият ҳамда имтиёз яратилди.

Жумладан, 2019-2020 ўқув йилларидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосидаги қабул квоталарини ажратиш тартиби жорий этилди. Айни пайтда ёрдамга муҳтож болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатиш мажбурийлиги назарда тутилди, болаларнинг давлат органларига қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланади ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важи билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, қарордаўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмаган ҳолларда 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан ёхуд ота-онаси билан бирга яшамаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли эканлиги, болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилиниши кўзда тутилди.

Қарор билан 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб мамлакатимизда эркаклар ва қизлар учун никоҳ ёши бирдай - ўн саккиз ёш этиб белгиланди. Гарчи рақамлардаги фарқ унчалик катта бўлмаса-да, бу соғлом авлодни дунёга келтириш, оналар саломатлигини ҳимоя қилиш, комил инсонни тарбиялаш соҳасида ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, фарзандларимиз эртага юрт корига ярайдиган паҳлавон йигитлар, барно қизлар бўлсин десак, уларнинг маънан ва жисмонан соғлом бўлиб вояга етишига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим бўлади.

 

Навбаҳор туман адлия бўлими бошлиғи Н.Исроилов

Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.