Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди

Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди

Ҳар бир инсоннинг ҳар қандай вазиятда ҳам интиладиган жойи унинг оиласи.Оила тушунчаси бежизга Конституциямизга киритилмаган. Бу Бош қомусимизнинг 63-моддасида ўз ифодасини топган. Конституциямизнинг алоҳида бир боби оилага бағишланиб, унинг ижтимоий мақоми аниқ-равшан белгилаб қўйилгани эса дунё давлатларининг бош қонунларида учрайдиган камёб воқеликдир. Оилалар мустаҳкамлигига эришиш Адлия вазирлигининг олдига ҳам бир қанча вазифаларни қўйган."Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепция”си мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда: Advice.uz ҳуқуқий ахборот тизимининг ишлаб чиқилишини ва ишга туширилишини таъминлади ва ЎзбекистонРеспубликасининг миллий ҳуқуқий интернет портали яратилишини тўлиқ якунлади.

Аммо барибир аҳолининг ҳуқуқий онггини ошириш, айниқса оиланинг ҳуқуқий асосларини ўрганиш долзарб масалалигича қолмоқда. Бугунги синов даври — карантин даври жуда кўп оилаларни янада бирлаштирган бўлса, баъзи оилаларда оилавий зўравонликларнинг ошиши кузатилмоқда.

Аммо аҳолининг кўп қисми Ўзбекистон Республикасининг "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”, "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ҳамда "Медиация тўғрисида”ги қонунлар борлигидан бехабар. Агар жабрловчи ҳам, жабрланувчининг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий билими етарли бўлганида эди оилалар билан боғлиқ зўравонликка оид фактларга бот-бот кўзимиз тушмас эди.

"Оила” илмий- амалий тадқиқот маркази томонидан яқинда бир ҳар бир оилага керак бўладиган "Зўравонликдан жабрланганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва зўровонликнинг олдини олиш” услубий қўлланма нашрдан чиқди. Қўлланмада зўравонликдан жабрланган шахслар тушунчаси, ўзига хос хусусиятлари, жабрланган шахсларнинг тавсифи, уларнинг ҳулқ-атвори жабрланувчи бўлишига олиб келиши сабаблари ва унга имкон берган шарт-шароитлар ҳамда зўравонликнинг олдини олиш бўйича профилактик чора-тадбирлар ёритилган. Мазкур қўлланма ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, жамоат тузилма аъзолари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, талаба, тингловчи ва курсантлар, ҳуқуқшунослар, тадқиқотчилар, шунингдек кенг китобхонлар жамоасига мўлжалланган. Яна бир муҳим жиҳат афсускишу кунларда дунё мамлакатларида оилавий низолар ва ажримлар сони кўпайиши тенденцияси кузатилмоқда. Шу боис хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан бўлиши мумкин бўлган тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш комиссияси томонидан БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази билан биргаликдажорий йилнинг 10 апрель кунидан "Ишонч телефони” хизмати йўлга қўйилди. Эндиликда опа-сингилларимиз телефон рақамлари орқали "Ишонч телефони” операторидан оилада ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш масалалари бўйича бепул маслаҳат олишлари мумкин.

Пандемия пайтида аҳолининг маълум тоифасини яна бир савол ўйлантираяпти: "Шундай шароитда алимент қарздорликлари нима бўлади?” Аслида алимент ҳуқуқ ва мажбуриятларикўп ҳолатда ана шу оиладаги ишсизликдан, уйсизликдан, даромаднинг камлигидан ёки умуман йўқлигидан, иқтисодий тақчилликдан келиб чиқади. Аммо алимент тўлови, бу – пандемия таъсир қилиши қийин бўлган тўлов шакли, дарҳол ижрони талаб этадиган даврий тўлов, боланинг яшаш манбаи саналади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 266-моддаси ҳамда "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 30-моддасига кўра, алиментлар бўйича талаблар дарҳол ижро этилиши кераклиги кўрсатилган.

Улуғ ёзувчи Толстой айтганидек: "Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди. Улар шунчаки бахтли... Бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзга дунё”. Яъни Халқаро оила куни — бу фақатгина бахтли оилалар нишонлайдиган кун эмас. Орамизда ўз оиласида жабр чекаётган, зўравонликка учраётган аёллар, болалар ва ҳаттоки эркаклар борлигини, бу эса оила мустаҳкамлигига тушов бўлишини унутмаслигимиз зарур. Чунки баъзи ҳолларда ҳуқуқий онгнинг пастлиги, ҳуқуқий маданиятнинг етишмаслиги оиладаги келишмовчиликларга сабаб бўлиши мумкин. Бугун Халқаро оила кунида айнан шу мавзуга бежиз тўхталмадик.

Нурали Исроилов,

Навоий вилояти,

Навбаҳор тумани Адлия бўлими бошлиғи

 

 

 

 

Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.