Қатъий интизом - ҳар қандай вазият ечими ёки иқтисодий барқарорлик асосидир.

Қатъий интизом - ҳар қандай вазият ечими

ёки иқтисодий барқарорлик асосидир.

 

Айни дамда бутун дунёни оғир аҳволга туширган коронавирус пандемияси туфайли кўплаб давлатларда қатъий карантин чоралари жорий этилиб, одамларнинг эркин ҳаракат қилиши чекланган. Хизмат кўрсатиш ва туризм, авиация ва транспорт соҳалари, кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Натижада бутун дунё иқтисодиёти катта зарар кўрмоқда, бир неча ўн миллионлаб инсонлар ўз иши ва даромадини йўқотиб, иқтисодий оғир вазиятга тушиб қолмоқда.

Алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон Президенти ва Ҳукумати томонидан коронавиурс пандемиясининг иқтисодиётга, аҳоли фарвонлиги ва турмуш тарзига салбий асоратларини камайтириш мақсадида илк кунларданоқ амалий ҳаракатлар кўрила бошланди. Жумладан, Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 19 март ва 3 апрелдаги фармонлари асосида миллий иқтисодиётнинг таянчи бўлган тадбиркорлик субъектлари, саноат корхоналари, туризм ва хизмат кўрсатиш субъектлари, экспортёрларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 32 триллион сўмлик чора-тадбирлар белгиланди.

Кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун солиқ имтиёзлари, уларнинг кредит тўловларини кечиктириш, банкларнинг ликвидитлик даражасини ошириш, зарур истеъмол товарлари учун божхона ва акциз тўловларини бекор қилиш, ижтимоий нафақа олувчилар сонини ва муддатини кенгайтириш каби чора-тадбирларга қўшимча маблағлар йўналтирилиши кўзда тутилди.

Шу каби, Шавкат Мирзиёев 14 апрель куни глобал инқироз ва пандемия шароитида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги олдида турган долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга яна бир бор тўхтатилиб, Республикамизда ҳам касалликка чалинганлар сони тобора кўпайиб бораётгани сабабли бутун халқимизни хушёрлик ва огоҳликни кескин кучайтиришга, карантин билан боғлиқ жорий этилган барча тартиб-қоидаларга сўзсиз ва қатъий амал қилишга чақирдилар.

Амалга оширилаётган саъй ҳаракатлар ҳамда шифокорларимизнинг қаҳромононаа меҳнатлари эвазига бугунгача ушбу касаликка чалинган 110 нафар юртдошимиз тўлиқ тузалди, карантинга олинган 222 минг нафар кишидан 141 нафари ундан чиқарилди.

Иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли фарвонлиги ва турмуш тарзини яхшилаш мақсадида жорий йилнинг 15 апрель куни давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор имзоланди.

Президент қарорида таъкидланишича, карантин даври Ўзбекистонда асосан жорий йилнинг 2-чорагига тўғри келиши ва шу даврда иқтисодий фаолликнинг сезиларли пасайиши Давлат бюджети барқарорлигига хавф туғдирмоқда. Шунинг учун касаллик тарқалишини максимал даражада локализация қилиш ва карантин муддатлари чўзилиб кетишининг имкон қадар олдини олиш муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эгадир.

Қарорда давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва бюджет харажатларини мақбуллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди.

-коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш;

-муҳим ижтимоий харажатларни тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш;

-жаҳондаги ва республикадаги ижтимоий-иқтисодий фаоллик аҳволи таҳлили ва муҳимлик даражасидан келиб чиққан ҳолда долзарб ҳисобланмаган лойиҳа ва харажатларни кейинги даврларга кўчириш;

-давлат дастурларини бажаришга йўналтириладиган бюджет маблағларини қисқартиришда лойиҳаларнинг устуворлиги ва ижтимоий йўналтирилганлигини инобатга олиш;

-давлат ички ва ташқи мажбуриятларининг, шу жумладан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича мажбуриятларни тўлиқ бажарилишини таъминлаш;

-бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг харажатларини мустақил камайтириш бўйича масъулиятини ошириш.

Молия вазирлиги, Қорақолпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва маҳаллий давлат ҳокимяити органларига тегишли даражадаги бюджет тушумларини, шунингдек, республика бюджетидан ажратилаётган трансфертларни, акциз солиғи бўйича ўтказмаларни, бюджет ссудаларини ҳамда бошқа маблағларни биринчи навбатда қуйидагиларни молиялаштиришга йўналтириши кўрсатилди:

-коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш бўйича тадбирларга, жумладан дори воситалари ва тиббиёт буюмлари сотиб олиш, тиббиёт муассасаларини қуриш, реконсрукция қилиш, таъмирлаш ва уларни жиҳозлашга;

-иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақаларни ўз вақтида тўлашга;

-озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш, коммунал тўловлар ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган харажатларни қоплашга;

Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг қарорига асосан бошқа тадбирлар ва харажатларга.

Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан кўрилаётган бу чора-тадбирлар эпидемиологик вазиятнинг миллий иқтисодиётимимзга салбий таъсирини камайтириш, иқтисодиётни зарур молиявий ресурслар ва ликвидлик билан таъминлаш ҳамда булар орқали қисқа фурсатларда иқтисодиётда барқарорликни кафолатлаш мақсад қилинган.

Хулоса ўрнида шуки, ҳеч қачон унутмаслигимиз керак бугунги синовли дамлардан омон-эсон чиқиб олишимиз энг аввало қабул қилинадиган қарор ижросини тўғри ташкил этишга боғлиқ бўлиб, ота-боболаримиз асраб бизгача етказган мана шу юрт, ватан, халқ олдида шахсий масъулиятимизни, дахлдорлигимизни ва албатта садоқатимизни номаён этишимиз лозим.

 

Навбаҳор туман адлия бўлими бошлиғи Н.Исроилов

Қатъий интизом - ҳар қандай вазият ечими  ёки иқтисодий барқарорлик асосидир.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.