КОНСТИТУЦИЯ – ЭРКИНЛИК, АДОЛАТ ВА ТЕНГЛИКНИНГ МУСТАҲКАМ ҲУҚУҚИЙ ПОЙДЕВОРИ

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган.

Конституцияда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг деярли барча принципиал қоидалари мужассам.

АСОСИЙ ПРИНЦИПЛАР

Давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги, Конституция ва қонуннинг устунлиги, ташқи сиёсатКонституциянинг асосий принциплари ҳисобланади.

Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир.

Ўзбекистонда Конституция ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.

Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир.

ИНСОН ВА ФУҚАРОЛАРНИНГ АСОСИЙ ҲУҚУҚЛАРИ, ЭРКИНЛИКЛАРИ ВА БУРЧЛАРИ

Конституция муқаддима, 6 бўлим, 28 боб, 128 моддаданиборат бўлгани ҳолда унинг 30 дан ортиқ моддалари бевосита инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишлангандир.

Конституцияда давлат инсон ҳуқуқлари бўйича бир қатор мажбуриятлар олган бўлиб, уларга хусусан давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга ошириши, давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканликларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Фуқаролар ЖАМИЯТ ВА ДАВЛАТ ИШЛАРИНИ БОШҚАРИШДАбевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этишдек сиёсий ҳуқуқлари бевосита Конституцияда мустаҳкамланган.

Асосий қомусимиз инсоннинг ИЖТИМОИЙ ҲУҚУҚЛАРИГАҳам катта эътибор қаратган бўлиб, айниқса меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, ишсизликдан ҳимояланиш, дам олиш, ижтимоий таъминот олиш каби ҳуқуқларни алоҳида конституциявий даражада эътироф этган.

Маълумки, ҳар қандай жамият ва давлат тараққиётининг энг муҳим шартларидан бири – бу таълим сифати ҳисобланади. Шу боис ҳам Асосий қонунимизда ҲАР КИМ БИЛИМ ОЛИШ ҲУҚУҚИГА ЭГАЛИГИ, бепул умумий таълим олиш, илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, мамлакатимизда яшовчи 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаган ҳолатда ВИЖДОН ЭРКИНЛИГИкафолатланган.

Конституциямизда инсон саломатлиги каби бебаҳо неъматга махсус тўхталиниб, ҳар бир инсоннинг малакали ТИББИЙ ХИЗМАТДАН ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИ қайд этилган.

Конституцияда нафақат ҳуқуқ ва эркинликлар мустаҳкамланган, балки уларни амалга оширишнинг реал имкониятларини таъминлаш чора-тадбирлари, кафолатлари ҳам яратилди. Хусусан, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кабилар кафолатланди.

Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ ДАХЛСИЗ деб эълон қилиниб, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас, деб белгилаб қўйилди.

Ҳуқуқ ва эркинликларимиз ўз ифодасини топган Конституциямизнинг бир неча моддасида ҲАР БИР ШАХСНИНГ МУЛКДОР БЎЛИШГА ҲАҚЛИЛИГИ, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида экани, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши белгилаб қўйилган.

Конституцияда фуқароларнинг қуйидаги бурчлари бажариши белгиланган:

Конституция ва қонунларга риоя этиш, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш;

Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асраш;

атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш;

солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлаш;

Ўзбекистонни ҳимоя қилиш.

ЖАМИЯТ ВА ШАХС

Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини ХИЛМА-ХИЛ ШАКЛЛАРДАГИ МУЛК ташкил этади.

Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Бош қомусимизда ота-онанинг фарзандга, фарзанднинг ота-онага ғамхўрлик қилиши, оила жамиятнинг асосий негизи эканлиги акс эттирилган.

Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди.

МАЪМУРИЙ-ҲУДУДИЙ ВА ДАВЛАТ ТУЗИЛИШИ

Ўзбекистон вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасидан иборат.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш, шунингдек вилоятлар, шаҳарлар, туманлар ташкил қилиш ва уларни тугатиш Олий Мажлиснинг розилиги билан амалга оширилади.

ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИНИНГ ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ

Олий Мажлис олий давлат вакиллик органи бўлиб, ҚОНУН ЧИҚАРУВЧИ ҲОКИМИЯТНИ амалга оширади.

Олий Мажлис икки палатадан – Қонунчилик палатаси (қуйи палата) ва Сенатдан (юқори палата) иборат.

Қонунчилик палатаси ва Сенат ваколат муддати – беш йил.

Қонунчилик палатаси бир юз эллик депутатдан иборат.

Сенат аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда – ОЛТИ КИШИДАН САЙЛАНАДИ.

Сенатнинг ўн олти нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Президент томонидан тайинланади.

Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг АСОСИЙ ВАКОЛАТЛАРИ қуйидагилардан иборат:

Конституцияни, конституциявий қонунларни, қонунларни қабул қилиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

референдумни ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш;

ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда давлат стратегик дастурларини қабул қилиш;

қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳамда суд ҳокимияти органларининг тизимини ва ваколатларини белгилаш.

ПРЕЗИДЕНТ ДАВЛАТ БОШЛИҒИДИР ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди.

Президент умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади.

Президент фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Конституция ва қонунларга риоя этилишининг кафилидир;

Вазирлар Маҳкамаси ИЖРО ЭТУВЧИ ҲОКИМИЯТНИ амалга оширади.

Бош вазир номзоди Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади.

Президент тақдим этилган Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиққанидан кейин ўн кун муддат ичида уни Олий Мажлис палаталарининг кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун таклиф этади.

Бош вазир лавозимига номзод Олий Мажлисда унинг номзоди кўриб чиқилаётганда ва тасдиқланаётганда Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этади.

Бош вазир номзоди унинг учун тегишинча Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпи томонидан овоз берилган тақдирда тасдиқланган ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Бош вазир тақдимига биноан Президент томонидан тасдиқланади.

Бош вазир ва Қонунчилик палатаси ўртасида зиддиятлар доимий тус олган ҳолда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисми томонидан Президент номига расман киритилган таклиф бўйича Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси муҳокамасига Бош вазирга нисбатан ИШОНЧСИЗЛИК ВОТУМИ билдириш ҳақидаги масала киритилади.

Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми тегишинча Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади.

Бундай ҳолатда Президент Бош вазирни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Янги Бош вазир номзоди Президент томонидан Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари билан тегишли маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг Олий Мажлиснинг палаталарига кўриб чиқиш ва тасдиқлашга тақдим қилиш учун таклиф этилади.

Олий Мажлис томонидан Бош вазир лавозимига номзод икки марта рад этилган тақдирда Президент Бош вазир вазифасини бажарувчини тайинлайди ва Олий Мажлисни тарқатиб юборади.

Ўзбекистонда суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.

ЎЗБЕКИСТОНДА СУД ТИЗИМИ Конституциявий суд, Олий суд, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий ва маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туман, шаҳар маъмурий судларидан иборат.

Ўзбекистон ҳудудида ҚОНУНЛАРНИНГ АНИҚ ВА БИР ХИЛДА БАЖАРИЛИШИ УСТИДАН НАЗОРАТНИ Бош прокурор ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади.

Ўзбекистон фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.

Президент сайлови, Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

КОНСТИТУЦИЯГА ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИШ ТАРТИБИ

Конституцияга ўзгартиришлар тегишинча Қонунчилик палата депутатлари ва Сенат аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган қонун ёки референдум билан киритилади.

Конституцияга ҳозирги кунга қадар 11 марта ўзгартириш
ва қўшимчалар киритилган.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган норма ва принциплар демократик ҳуқуқий давлат қуриш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.

 Навбаҳор туман адлия бўлими.


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.