Қонунчиликдаги янгиликлар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловлар жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтади. Ҳозирда жойларда Сайлов кампанияси қизғин давом этмоқда.

Маълумот ўрнида, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 150 та ҳудудий сайлов округи, 10260 та сайлов участкаси тузилган. Барча амалий ишлар замирида сайловларни тенглик принципи асосида, шаффоф ўтказиш мақсади ётади.

Жорий йил сайловларда 20 миллион 500 минг нафардан зиёд фуқаронинг овоз беришда қатнашиши кутилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар барчангизни ушбу сайлоларга фаол иштирок этишга чорлаб қоламиз.

Марҳамат, энди ушбу ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган янги қонун ҳужжатлари билан таништириб ўтамиз.

Ўтган ҳафтада Ҳукумат қарори (922-сон, 20.11.2019 й.) билан "Фуқаролар йиғинлари ходимлари меҳнатига ягона тариф сеткаси бўйича ҳақ тўлашнинг разрядларини белгилаш тўғрисида”ги қарорга ўзгартиришлар киритилди.

Унга кўра, фуқаролар йиғинлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткаси бўйича янгиланган разрядлари тасдиқланди.

Фуқаролар йиғинлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар туманлар ва шаҳарлар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобига қопланиши белгиланган.

Маълумот учун шуни айтиш жоизки, Президентнинг 2019 йил 2 апрелдаги ПФ-5700-сон Фармонида фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котиблари ойлик иш ҳақи 2019 йилнинг 1 майидан 1,25 бараварга ва 1 октябридан 1,2 бараварга оширилиши назарда тутилган эди.

Бундан ташқари ўтган ҳафтада Ҳукумат қарори (930-сон, 21.11.2019 й.) билан Миллий гвардиянинг қўриқлаш хизмати бўлинмалари томонидан қўриқланадиган объектлар рўйхати тасдиқланди.

Шунга кўра, Миллий гвардия манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда 2020 йил якунига қадар тасдиқланган рўйхатга асосан объектларни босқичма-босқич қабул қилиб олади ва қўриқланишини таъминлайди.

Қарорга мувофиқ, мактаблар ва диний ташкилотларнинг объектлари "ташвиш тугмалари” билан жиҳозланиши назарда тутилган.

Банклар ва улар филиалларининг қўриқланишини ташкил этиш шартлари Миллий гвардия ва Марказий банк биргаликда тасдиқлаган қоидаларга асосан белгиланади.

Миллий гвардия қўриқлаш хизмати бўлинмалари томонидан объектларни қўриқлаш билан бир қаторда транзит юкларни, транспортдаги моддий бойликларни, портловчи, радиоактив (заҳарли) ва бошқа воситаларни қуролли қўриқлаш-кузатиш амалга оширилиши мумкин.

Шунингдек, жисмоний шахсларга ва тадбиркорларга тегишли объектлар уларнинг ихтиёрига кўра тузилган шартномаларга асосан қўриқланади.

Бундан ташқари, ўтган ҳафтада "Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори (943-сон, 23.11.2019 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, тадбиркорлар аҳолидан нақд пулни қабул қилишда Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5813-сон Фармони билан тасдиқланган графикда белгиланган муддатга қадар онлайн-назорат касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга ихтиёрий, ушбу муддат тугагач мажбурий равишда ўтадилар.

Қарор билан, Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн-назорат касса машиналари ёки виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Низомга кўра, Ўзбекистон ҳудудида фақат белгиланган тартибда Давлат реестрига киритилган онлайн-НКМ ва виртуал кассалардан фойдаланишга рухсат этилади.

Тадбиркорлар Давлат реестрига киритилган онлайн-НКМ ва (ёки) виртуал кассаларни мустақил сотиб олиши ҳамда техник хизмат кўрсатиш марказларини ихтиёрий танлаш ҳуқуқига эга.

Онлайн-НКМ ва (ёки) виртуал кассалар давлат солиқ хизматлари органларида рўйхатдан ўтказилиши лозим, рўйхатдан ўтказганлик учун тўлов ундирилмайди.

Шунингдек, Ўтган ҳафтада Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритиш ҳақидаги қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3030-3, 22.11.2019 й.).

Киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда, банк қарз олувчининг ва (ёки) гаровга қўювчининг суғурта компанияси ва (ёки) баҳоловчини танлаш ҳуқуқини чекламайди.

✅ Шунингдек, банк қарз олувчи томонидан кредит (қарз) бўйича қарздорлик суммасини тўлаш мажбурияти тўлиқ бажарилган санадан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмаган ҳолда мазкур қарз бўйича:

👉 гаровда турган мулкни тақиқдан чиқариш;

👉 гаров сифатида бўлган мол-мулкка нисбатан банкнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзувни гаров реестридан чиқариш чораларини кўриши шартлиги белгиланди.

Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.

Шуниндек, ўтган ҳафтада, "Умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташишда йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш тўғрисида” Ҳукумат қарори (948-сон, 25.11.2019 й.) қабул қилинди.

Эндиликда Йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилади

Қарорга мувофиқ, умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташиш учун йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш босқичма-босқич яъни 2020 йил 1 январдан бошлаб, Тошкент шаҳрида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ва «Тошкент метрополитени» УКнинг айрим йўналишларида кўрсатилган йўловчи ташиш хизматлари учун, 2020 йил 1 августдан бошлаб Нукус шаҳри ва вилоят марказларида йўловчи ташиш хизматлари учун, 2021 йил 1 январдан бошлаб республиканинг барча ҳудудида йўловчи ташиш хизматлари учун амалга оширилади.

Алоҳида фуқаролар тоифалари учун имтиёзли транспорт карталарини шахсийлаштириш ва карта таннархи бўйича сотиш давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилиши назарда тутилган.

Аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи юридик шахсларнинг автоматлаштирилган тизимга уланиши йўловчи ташиш хизматлари кўрсатиш ҳуқуқини берувчи тендер (танлов) бўйича битимларда акс эттирилади.

Қарорга кўра, автоматлаштирилган тизим учун тарифларни белгилаш тартиби ишлаб чиқилади.

Унда, битта тўлов билан бир нечта транспорт ёки транспорт туридан фойдаланиш имконияти, йўналишдаги вақт ҳамда масофадан келиб чиққан ҳолда белгиланадиган тариф режаларини жорий этиш каби масалалар назарда тутилади.

Ўтган ҳафтада Ҳукумат қарори (951-сон, 25.11.2019 й.) билан Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ер солиғи ва ягона ер солиғи бўйича тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ер солиғи, ягона ер солиғини тўлаш муддати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан молиявий ҳолати солиқ қарздорлигини белгиланган муддатда тўлашга имкон бермайдиган юридик шахслар учун узайтирилади.

Бунда қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлиши керак:

👉 агар солиқлар, пенялар ва жарималар бўйича қарздорликнинг бир марталик тўлови солиқ тўловчини банкротликка олиб келса;

👉 солиқ тўловчининг ишлаб чиқариш ва (ёки) товарлар ва хизматлар реализацияси мавсумий хусусиятга эга бўлса;

👉 солиқ тўловчига табиий офат, технологик фалокат ёки енгиб бўлмайдиган кучларнинг бошқа ҳолатлари натижасида зарар етказилган тақдирда.

✅ Солиқ тўлашнинг муддати 1 ойдан 24 ойгача:

👉 солиқ қарздорлигининг бутун суммасига ёки унинг бир қисмига ёки келгусида юзага келадиган солиқ қарздорлигига нисбатан;

👉 мазкур Низомда назарда тутилган бир солиқ ёки солиқларнинг бир неча тури бўйича узайтирилиши мумкин.

Солиқларни тўлаш муддатини узайтириш Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларининг тегишли қарорлари асосида амалга оширилади.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Навбаҳор туман адлия бўлими:

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.