Навбаҳор туман ҳокимининг тадбиркорларга мурожаати

НАВБАҲОР ТУМАН ҲОКИМИ Л.Н.ОБЛАҚУЛОВНИНГ ТУМАН ТАДБИРКОРЛАРИГА ВА ИШБИЛАРМОНЛАРГА МУРОЖААТИ
Қадрли дўстлар, азиз тадбирколар ва ишбилармонлар!

Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг 7 ноябрь куни тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш вазифаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида тадбиркорлик равнақи мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, аҳоли бандлиги – давлатимиз қудратининг кенг ва мустаҳкам таянчи сифатида эътироф этиб, барча кучларни тадбиркорликни ривожлантиришга сафарбар қилишга даъват этганлари ҳар биримизга ўзгача куч, ғайрат, ишонч ва масъулият берди.
Бугунги шиддатли ва глобаллашув даврида ҳар қандай мамлакат тараққиётини биринчи галда жамиятнинг илғорлари қаторида бўлган кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари белгилаб беради, десак муболаға бўлмайди.
Зеро, юртбошимиз таъкидлаганларидек, "Тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади". Шундай экан, бугундан бошлаб, туман ҳокими бошчилигида барча бўғиндаги раҳбарлар "Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!” ғояси асосида сиз тадбиркорлар билан яқиндан туриб, сизлар билан биргаликда юртимизнинг янада равнақ топишида муносиб ҳисса қўшасизлар, деб ишонаман.
Хабарингиз борки, сўнги вақтларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базаси мустаҳкамлашга эътибор берилаётгани, хусусан, ушбу соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 55 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилингани соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган кўплаб масалалар ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан:
• Хорижий валютанинг конвертацияси очилди, мамлакатда валюта эркинлиги либераллаштирилди, нақт пул муаммоси бартараф этилди;
• Давлат хизматлари агентлиги ва унинг вилоят, шаҳар ва туманлардаги марказлари ташкил этилиб фаолияти йўлга қўйилди.
• Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) лавозими жорий этилди.
• Тадбиркорларнинг мурожаатлари билан манзилли ишлаш бўйича жойларда Бош вазир қабулхоналари фаолиятини бошлади.
• Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.
• Солиқ ислоҳотлари орқали тадбиркорларга солиқ юки камайтирилди, адолатли рақобат муҳити шакллантирилди.
Бунда, тадбиркорлик ва ишбилармонликни янада ривожлантириш, мамлакатимизда хуфёна иқтисодиётни қисқартириш ҳамда тадбиркорларнинг шаффоф ва очиқ фаолият олиб боришлари учун бир қатор солиқ имтиёзлари берилди.
• Тадбиркорларнинг ҳисоб-рақамларига солиқ органлари томонидан тақиқ қуйиш амалиёти бекор қилинди.
Солиқ юки даражасини камайтириш мақсадида 2019 йилдан юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизга, мол-мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 2 фоизга, ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиздан 4 фоизга ва ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтсак, муболаға бўлмайди.
Бу борада туманимизда ҳам тадбиркорликни ривожлантириш аҳолининг реал даромадларини ошириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Биргина 2019 йилнинг ўзида аҳолининг турли қатламларини, шу жумладан ёшлар, кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож фуқаролар ҳамда кичик корхоналарнинг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича "Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурини амалга ошириш учун 48 млрд. сўм миқдоридаги имтиёзли кредитлар ажратилди.
Натижада биргина жорий йилнинг ўзида туманда янги ташкил этилган кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари сони ўтган йилга нисбатан 4 бараварга кўпаяётгани бунинг ёрқин тасдиғидир.
Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар, муҳтарам юртбошимизнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганликлари бежизга эмас. Сабаби мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, ривожланган давлатлар сафидан жой олишда кичик ва ўрта бизнеснинг ўрни ва роли ўта муҳимлигини барчамиз виждонан ҳис қилишимиз лозим.
Фурсатдан фойдаланиб, мен Навбаҳор тумани ҳокими сифатида туманимиз иқтисодиётини ривожлантиришда фойдаланилмаётган имкониятлар мавжуд захираларимиз ҳамда келгусида сиз тадбиркорларга амалга оширишимиз лозим бўлган йўналишлар бўйича мурожаат қилмоқчиман.
Туманимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун жуда катта имкониятлар мавжуд, жумладан туризм соҳасида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиш, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришда етарлича салоҳиятга эга бўлиб, ушбу имкониятлардан етарли даражада фойдаланмаяпмиз.
Бугунги кунда туманимизда чорвачилик йўналишида 6 500 гектардан ортиқ яйлов ер майдонлари очиқ танловга чиқарилган.
Шунингдек, туманимизда замонавий усулда томчилатиб суғориш йўли билан интенсив боғ ва узумзорлар ташкил этиш ҳамда балиқчилик ва паррандачилик билан шуғулланиши учун ер майдонлари мавжуд бўлиб, лойиҳа ташаббускорларига белгиланган тартибда ер майдонлари ажратилаётганлиги ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун барча имкониятлар мавжуд.
Бундан ташқари, туманимизда ҳали тўлиқ ўрганилмаган қанчадан-қанча ер ости бойликларимиз мавжуд бўлиб, ушбу бойликларни ўзлаштириш учун тадбиркорларимиз томонидан бирор бир амалий ишлар амалга оширилмас экан ушбу бойликларни ўзлаштиришда чет давлатларнинг инвесторлари томонидан амалга оширилади.
Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар!

Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига туманимизда бюджет даромадлари 52.1 млрд. сўмни ташкил этиб, уларнинг 32.8 млрд. сўми ёки 62.9 фоизи айнан хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Маҳаллий бюджет харажатларини таҳлил қиладиган бўлсак,
109.1 млрд. сўм ёки 90.7 млрд сўмни ташкил қилиб яъни 83.1 фоиз харажатлар айнан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ соҳаларга йўналтирилмоқда.
Шу жумладан, таълим соҳасига 61,4 млрд. сўм, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳасига 27,9 млрд. сўм, маданият ва фан соҳасига 1.4 млрд. сўм, ҳамда вилоят маҳаллий бюджетидан кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар учун 513 та фуқароларга йил давомида 2.9 млн. сўм маблағлар ажратилган.
Бундан ташқари, "Обод қишлоқ” ва "Обод маҳалла” дастурлари доирасида туман бўйича 3 та маҳаллаларда ижтимоий соҳа объектлари, ичимлик сув объектлари, ички йўллар, ободонлаштириш ва пиёдалар йўлакларини қуриш ишларига режалаштирилган 59.7 млрд. сўм бўлиб бугунги кунда 46.8 млрд. сўмлик ишлар якунига етказилди.
Бундан кўриниб турибдики, жамғарилаётган ушбу маблағлар асосан фарзандларимиз келажаги учун, ногирон, кекса ва беморлар соғлигини тиклаш учун йўналтирилмоқда.
Албатта, бугунги кунда жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларида Сиз азиз тадбиркорларимизнинг муносиб ҳиссангиз бор.
Мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Муҳтарам Президентимизнинг сўзлари билан айтганда, "Биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз”.
Туманда тадбиркорликни янада ривожлантиришда олдимизга қўйган мақсадимиз қайсидир кўрсаткичларни яхшилаш ёки рақамлар ортидан қувиш эмас, балки, аҳолимизнинг муносиб ва доимий иш ўринлари билан таъминлаш, бюджет тушумларини кўпайтириш, вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, товар ва хизматларнинг хилма-хиллиги ва кўламини кўпайтириш орқали туманимизнинг ижтимоий–иқтисодий барқарорлигини янада оширишдан иборат.
Шунга кўра, биз келаси 2020 йилда ҳар бир ҳудудни жадал ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича бир қанча устувор вазифалар белгилаб олганмиз. Ушбу вазифаларни амалга оширишдаги энг устувор йўналишимиз кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришдир.
Хусусан, бугунги кунда туманда ўз бизнеси билан иқтисодиётга муносиб улуш қўшиб келаётган салоҳиятли фаол тадбиркорларнинг бой тажрибаларидан унумли фойдаланиш, улар билан ҳамкорликда жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадга мувофиқ.
Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар,
Барчамиз бир нарсани англашимиз керакки, сизларнинг ҳар бир лойиҳа ва хайрли ишларингиз туманимиз, қишлоқ ва маҳаллаларимизнинг эртанги келажаги, аҳоли фаравонлигининг кафолатидир.
Сизлар туфайли туманимизда ишсизлик даражаси қисқаради, аҳолининг даромадлар ошади, оилаларимиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз турмушидан миннатдор бўлиб, ўз юртида ҳаловат топади.
Мен туман ҳокими сифатида сизларнинг барчангизни туманда мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, даромадларингизни кўпайтиришга чақираман. Тадбиркорлик йўналишидаги барча муаммо, тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга кафолат бераман. Ўйлайманки, туманнинг барча ҳудудларида сектор раҳбарлари ҳам сизнинг ёнингизда туриб, сизга яқиндан ва амалий ёрдамларини аямайди. Шуни унутмангки, сиз тадбиркорлар юрт мададкорларисиз. Ва яна бир бор сиз тадбиркорларни фаолиятингизни кенгайтиришга жонажон Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини ошириш йўлида фаол тадбиркорлик қилишга чақириб, МУРОЖААТ қиламан!.
Сизлар учун доимо туман ҳокимлиги ва барча ташкилотларнинг эшиклари очиқ. Агар сизда қандайдир муаммо, фаолиятингизга ноқонуний аралашув ёки тўсиқлар бўладиган ҳолатлар кузатилса туман ҳокимлигининг доимий ишлаб турувчи 79-562-11-84 ишонч телефон рақамларига қўнғироқ қилишингиз мумкин.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, эзгу ва олижаноб ишларингизга қут-барака тилайман.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Навбаҳор туман ҳокимининг тадбиркорларга мурожаатиНавбаҳор туман ҳокимининг тадбиркорларга мурожаати

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.