Жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб.

Жорий йилнинг 1 ноябридан кучга кирадиган нормалар бўйича маълумот берамиз.

1 НОЯБРДАН БОШЛАБ Мобил қурилмалар рўйхатга олинади.

Ўзбекистон ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмалар жисмоний шахслар, импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимига мурожаат қилиши орқали 2019 йил 1 ноябрдан бепул, 2019 йил 1 декабрдан эса пулли асосда рўйхатга олинади.

Шунингдек, 1 НОЯБРДАН БОШЛАБ Ҳисоблагичлар фақат ДХМ ёки ЯИДХП орқали қиёсловдан ўтказилади.

2019 йил 1 ноябрдан бошлаб ҳисобга олиш ускуналарини қиёсловдан ўтказиш бўйича давлат хизматлари фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.

Бунда, ҳисобга олиш ускуналарини қиёслаш даврийлиги юридик шахслар учун – 4 йил этиб, фуқароларимиз учун – 8 йил этиб белгиланган

1 НОЯБРДАН БОШЛАБ Тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари ташкил этилади.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага тарбияга (патронат) олаётган ёки оилавий болалар уйи ташкил этаётган фуқароларни тайёрлаш мақсадида "Меҳрибонлик” уйлари ва болалар шаҳарчаларида Тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари ташкил этилади.

1 НОЯБРДАН БОШЛАБ, Сув хўжалиги вазирлиги идора ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ошади.

Сув хўжалиги вазирлиги идора ва ташкилотлари ходимларининг базавий тариф ставкаларига 2019 йил 1 ноябрдан 1,1 ва 2020 йил 1 январдан 1,2 миқдорда тузатиш коэффициентини қўллаш ҳисобига уларнинг иш ҳақи оширилади.

1 НОЯБРДАН БОШЛАБ Сув қудуқларини қазиш учун рухсатнома тегишли идоралар билан келишилгандан кейин берилади.

2019 йил 1 ноябрдан 2021 йил 31 декабргача Нурота, Қўшработ ва Зомин туманлари доирасида жойлашган конлар ҳудудида сув олиш учун қудуқларни қазишга рухсатнома (аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун мўлжалланган қудуқлардан ташқари) Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси томонидан мутассадди идоралар билан келишилган ҳолда берилади.

1 НОЯБРДАН БОШЛАБ Юқори туристик салоҳиятли фуқаролар йиғинларининг рўйхати тузилади.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси энг юқори туризм салоҳиятига эга бўлган маҳаллар рўйхатини шакллантиради. Шунингдек, ушбу фуқаролар йиғинлари ҳудудларида 20 тадан кам бўлмаган оилавий меҳмон уйлари ташкил этилганда ва туристлар учун камида беш хил хизмат турлари кўрсатилган тақдирда уларга "Туризм маҳалласи”, "Туризм қишлоғи” ёки "Туризм овули” мақомини беради.

Бундан ташқари ўтган ҳафтада, Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент Фармони (ПФ–5850-сон, 21.10.2019 й.) қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, 21 октябрь – "Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилинди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди.

Департаментнинг асосий вазифаларидан бири давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратини жорий этишдан иборат.

Фармонга кўра, "Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилади, шунингдек, энди илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш бўйича Атамалар комиссияси ташкил этилади.

Шу билан бирга, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва давлат дастури ишлаб чиқиш бўйича вазифа белгиланди.

Бундан ташқари ўтган ҳафтада, Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун Президент томонидан имзоланди (ЎРҚ–572-сон, 22.10.2019 й.)

Қонунга мувофиқ, кредиторларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш кучайтирилиши ва тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан 10 дан ортиқ қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, Солиқ кодексига киритилган қўшимчага кўра солиқ тўловчига солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома билан бир вақтда давлат солиқ хизмати органи томонидан солиқ қарзи белгиланган муддатда қопланмаган тақдирда ундирув қарздорнинг мол-мулкига қаратиладиган миқдордаги солиқ қарзи суммасини кўрсатган ҳолда гаров реестрига ёзув киритилади. Ёзув солиқ қарзи тўлиқ қопланганидан ёки ҳисобдан чиқарилганидан кейин гаров реестридан ўчирилади.

Илгари Кодексда мазкур қоида назарда тутилмаган эди.

Қонун расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўтган ҳафтада, Валютани тартибга солиш тўғрисидаги Қонун (янги таҳрири) Президент томонидан имзоланди (ЎРҚ–573-сон, 22.10.2019 й.)

Қонунда, Марказий банк валютани тартибга солувчи давлат органи эканлиги, Марказий банк ўз ваколати доирасида норезидентлар томонидан Ўзбекистон ҳудудида, шунингдек резидентлар томонидан Ўзбекистон ҳудудида ва унинг ташқарисида амал қилиниши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларини белгилайди, валюта биржалари фаолиятини лицензиялайди ва тартибга солади ҳамда қатор бошқа вазифаларни амалга оширади.

Қонунда, Ўзбекистон ҳудудида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш бўйича операцияларда валюта курси чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифдан келиб чиқиб белгиланиши, Сўмнинг чет эл валютасига нисбатан курсини аниқлашда фақат бозор механизмларидан фойдаланилиши белгилаб берилди.

Ўзбекистон ҳудудида резидентлар ва норезидентлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ҳамда сотиш фақат Ўзбекистон банклари орқали, банклараро валюта бозорида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш фақат Ўзбекистон банклари ва Марказий банк томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Қонунга кўра, Марказий банк, Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистонда валютани назорат қилувчи органлар этиб белгиланган.

Бундан ташқари ўтган ҳафтада, Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисидаги Қонун қабул қилинди.

Унга кўра, Она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш таъқиқланди.

Шунингдек, Қонунга мувофиқ, она сути билан озиқлантиришни тарғиб қилиш соғлиқни сақлаш органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан аҳоли ўртасида мунтазам равишда ахборот-тушунтириш тадбирларини ўтказиш орқали амалга оширилади.

Шунингдек, болаларни она сути билан озиқлантириш учун шароит яратиш мақсадида давлат муассасаларида, ташкилотларида, автовокзаллар, аэропортлар, темир йўл вокзаллари, маданий-кўнгилочар муассасаларда махсус жойлар ажратилади.

Она сутининг ўрнини босувчи маҳсулот тўғрисидаги ҳар қандай ахборот она сутининг фойдаси ва афзаллиги тўғрисидаги кўрсатмани ўз ичига олган бўлиши керак.

Шу билан бирга, Қонунга кўра гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар учун ишлаб чиқариладиган ҳамда олиб кириладиган, Ўзбекистон ҳудудида сотиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари сертификатлаштирилиши ҳамда сифат ва хавфсизлик талабларига мувофиқ бўлиши керак.

Қонунчиликдаги сўнги янгиликлар билан Адлия вазирлигининг телеграмм мессенжеридаги Ҳуқуқийаҳборот канали ва лекс нуқта уз сайти билан танишишингиз мумкин.

 

Навбаҳор туман адлия бўлими.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.