Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш иштирокчилари

1. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, рўйхатга олиш ишларининг ўтказилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, рўйхатга олиш натижаларини таҳлил қилиш ЎзбекистонРеспубликасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон РеспубликасиВазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаЎзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссиялар тузилиб, улар норматив-ҳуқуқий ва услубий ҳужжатлар асосида аниқ чора-тадбирлар ва масъул ижрочиларни кўрсатган ҳолда тайёрлов тадбирларини ташкил этиш ва аҳолини рўйхатга олиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилади.

2. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича ваколатли орган —Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси (кейинги ўринларда Давлат статистика қўмитаси деб юритилади) Республика комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.

3. Давлат статистика қўмитаси:

а) муҳим илмий ва олий таълим муассасалари иштирокида аҳолини рўйхатга олиш бўйича илмий-услубий ва қўлланма материаллар тайёрлайди;

б) ҳар бир аҳоли пунктида аҳолини рўйхатга олишни мувофиқлаштирувчи рўйхатга олиш участкалари мудирларини, давлат статистика органлари ходимлари орасидан супервайзерлар (назоратчи инструкторларнинг) тайинланишини таъминлайди;

в) туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда жойларда рўйхатга олувчи ходимларни ўқитишни, шунингдек, рўйхатга олиш варақаларини синов кўринишида тўлдириш бўйича амалий машғулотларни ташкил этади, кейинчалик хатоликларни таҳлил қилади ва юзага келган қийинчиликларни тушунтиради (ўқитиш ўрганилган материал тўғри ўзлаштирганлигини ва ўрганувчиларнинг ишга тайёрлик даражасини назорат қилиш билан якунланади);

г)Ўзбекистон РеспубликасиАхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:

моддий-техник воситаларни сотиб олиш, рўйхатга олиш натижаларини қайта ишлаш тузилмаларини машина ўқийдиган рўйхатга олиш варақаларини автоматик тарзда қайта ишлаш учун сервер ускуналари, сканерлар ва бошқа офис техникалари билан таъминлаш учун тендерлар ташкил этилишини ва ўтказилишини;

аҳолини рўйхатга олиш варақаларини киритиш ва қайта ишлаш бўйича автоматлаштирилган тизим яратилишини;

автоматлаштирилган тизимнинг шахслар ҳақида ахборот (СТИР, паспорт тизими ва ҳоказолар) олиш учун давлат органлари ахборот ресурслари билан интеграциясини;

аҳолини рўйхатга олиш натижаларини олиш бўйича дастурий воситалар тайёрланишини таъминлайди;

д)Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш ҳақида аҳолини (шу жумладан SMS-хабарнома орқали) хабардор қилиш ишларини мувофиқлаштиради (аҳолини рўйхатга олишда фаол иштирок этиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, шиорлар чиқариш ва бошқа шу каби тадбирларни амалга ошириш).

4.Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси олдиндан ва Давлат статистика қўмитасининг талабномалари бўйича босқичма-босқич равишда белгиланган тартибда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш учун зарур бўлган миқдорда картографик материаллар (шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режалари, маъмурий туманлар хариталари) тайёрланишини таъминлайди.

5.Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолининг махсус қатламларини рўйхатга олинишини таъминлайди.

6.ЎзбекистонРеспубликасиВазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги аҳолини рўйхатга олиш варақаларини ва бошқа ҳужжатларни сақлаш бўйича ишларни мувофиқлаштиради, шунингдек, аҳолини рўйхатга олишнинг йиғма ҳужжатлари қайта ишланганидан сўнг уларни доимий сақлаб туради.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари:

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга жалб этилган шахсларнинг ўқиши ва ишлаши учун яроқли бўлган мебеллар ва алоқа воситалари билан жиҳозланган вақтинчалик бинолар ажратилишини;

аҳолини рўйхатга олиш варақалари ва бошқа ҳужжатларни вақтинчалик сақлаш учун қўриқланадиган бинолар ажратилишини;

зарур транспорт ва алоқа воситалари тақдим этилишини;

давлат кадастри ва давлат статистика органлари билан биргаликда доимий яшовчи аҳоли сонини кўрсатган ҳолда аҳоли пунктларининг тўлиқ рўйхати тузилишини таъминлайди.

8.Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга жалб этилган шахсларнинг хавфсизлигини ва рўйхатга олиш материалларининг сақланишини;

аҳолини рўйхатга олиш даврида аҳолини рўйхатга олишни ўтказувчи органларнинг бинолари ва юклари қўриқланишини таъминлайди;

аҳолини рўйхатга олишни ўтказувчи органлар билан биргаликда зарур маълумотларни беришдан бош тортган ёки рўйхатга олувчиларнинг аҳолини рўйхатга олиш учун корхона ва ташкилотлар ҳудудига киришига тўсқинлик қилган шахсларга нисбатан маъмурий таъсир чораларини кўради.

9. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича алоҳида ишлар товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилиш учун белгиланган тартибда ўтказилган савдолар асосида танлаб олинган жалб этилган пудрат ташкилотлари томонидан бажарилади, уларга қуйидагилар киради:

аҳоли ўртасида ахборот-тушунтириш ишларини ўтказиш;

картографик материалларни чоп этиш;

рўйхатга олиш ҳужжатларини чоп этиш;

моддий-техник таъминлаш;

рўйхатга олиш материалларини ташиш;

технологик-лойиҳа ишларини ўтказиш ва дастурий таъминотни ишлаб чиқиш;

рўйхатга олиш варақалари маълумотларини киритиш ва автоматлаштирилган ҳолда қайта ишлаш.

10. Зарур холларда, аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш доирасидаги айрим ишлар ва тадбирларни бажаришга кўмаклашиш учун бошқа вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар қўшимча равишда жалб этилиши мумкин.

 

Туман статистика бўлими

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.