АДЛИЯ МИНБАРИ

ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР

Янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш ва бунда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида, ушбу ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари билан таништириб ўтамиз.

Ўтган ҳафтада, Ҳукумат қарори (641-сон, 01.08.2019 й.) билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ҳамда агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

✅ Жамғарма маблағларидан фармацевтика маҳсулоларининг янги турларини яратиш бўйича илмий ишланмалар ташкил этиш учун грантлар тақдим этиш, ушбу маҳсулотларнинг сифатини назорат қилувчи асбоб-ускуналар харид қилиш каби мақсадларда фойдаланилади.

✅ Агентлик ходимлари Жамғарма маблағлари ҳисобидан қуйидаги шаклларда моддий рағбатлантирилади:

👉 кўп йиллик меҳнати учун устама;

👉 иш ҳақига қўшимча ойлик устама тўловлар;

👉 ҳисобот давридаги иш якунлари бўйича ва байрам кунлари билан боғлиқ мукофотлар;

👉 бир йўла мукофотлар тўлаш;

👉 ходимларга моддий ёрдам ва компенсациялар тўлаш;

👉 қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун тўловлар.

Бундан ташқари, ўтган ҳафтада "Тонировка” учун янги нархлар белгиланди

"Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (646, 02.08.2019 й.) қабул қилинди.

✅ Қарорга мувофиқ, "тонировка” нархлари орқа ойна (лобовой) учун текин, орқа ён ойна учун эса қуйидагича нархлар белгиланади:

👉 жисмоний ва юридик шахсларга – БҲМнинг (базавий ҳисоблаш миқдори) 10 баравари (2 млн 230 минг сўм);

👉 хорижий давлатлар юридик шахсларига – БҲМнинг 20 баравари (4 млн 460 минг сўм).

Илгари бу миқдор тегишлича жисмоний шахслар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 90 баравари, юридик шахслар учун 120 баравари, хорижий юридик шахслари учун 140 бараварини ташкил этган.

✅ Олд ва орқа ён ойналар учун (барча ён ойналар):

👉 жисмоний ва юридик шахсларга – БҲМнинг 50 баравари (11 млн 150 минг сўм);

👉 хорижий давлатлар юридик шахсларига – БҲМнинг 80 баравари (17 млн 840 минг сўм).

✅ Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан 1 йилга бериладиган рухсатнома асосида:

а) енгил автомобиллар:

👉 орқа ён ойналарининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган миқдорда (тўлов асосида);

👉 олд ён ойналарининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги 50 фоиздан кам бўлмаган даражада ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсат этилди (тўлов асосида).

б) туристик автобус, микроавтобус ва минивен ён ойналарининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги – 50 фоиздан кам бўлмаган даражада (тўлов асосида) ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсат этилди.

✅ Автотранспорт воситаларининг орқа ойнасини тўлиқ ҳамда олд ойнаси (лобовой)нинг тепа қисми тусини эни 14 см дан кўп бўлмаган полоса шаклида ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган миқдорда рухсатномасиз ва текин ўзгартириш мумкин.

✅ Қарорда белгиланишича, мазкур қарор қабул қилингунга қадар амалда бўлган тўлов ставкалари бўйича 2019 йил 1 январдан ойналарнинг тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун олинган рухсатномаларнинг амал қилиш муддати мазкур қарорга мувофиқ жорий этиладиган янги тўлов ставкаларига мутаносиб равишда узайтирилади.

✅ 2 ой муддатда тонировка учун белгиланган жарималар миқдори тонировка учун тўлов ставкаларига тенг бўлган миқдорда ўзгартиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.

Шунингдек ўтган ҳафтада "Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида” Президент қарори (ПҚ–4414, 2019 йил 2 август) қабул қилинди.

Қарорга асосан Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Қўнғирот тумани, Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатишга розилик берилди.

Шунингдек ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори (ПҚ 4412-сон, 02.08.2019 й.) қабул қилинди.

✅ Қарорга мувофиқ, суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва жадал ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди.

✅ Қарорга кўра:

👉 суғурталовчиларнинг устав капитали минимал миқдорлари 2020-2022 йилларда босқичма-босқич оширилади;

👉 даромадларнинг 20 фоизигача миқдоридаги ажратмалар ҳисобига шакллантириладиган суғурта ташкилоти захира жамғармасининг чекланган миқдори суғурта ташкилоти устав фондининг 50 фоизигача оширилади;

👉 суғуртанинг айрим турлари бўйича электрон полисларни ("Е-полис”) расмийлаштириш механизми жорий этилади.

✅ 2020 йил 1 январдан:

👉 юридик шахслар – суғурта брокерлари ва суғурта агентлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси комиссия мукофотининг 13 фоизи миқдорида белгиланади;

👉 суғурта ташкилотининг бошқа суғурта ташкилотлари устав фондларида иштирок этишига йўл қўйилмайди;

👉 суғурта захираларининг минимал даражаси белгиланади.

✅ Жисмоний шахслар даромадларининг ҳаётни суғурталаш бўйича суғурта мукофотларини тўлаш учун йўналтириладиган қисми юзасидан солиқ имтиёзлари қуйидаги шартларда қўлланилади:

👉 суғурта суммаси шартнома бўйича суғурта даври бошланиши санасидан камида 12 ойдан сўнг бир йўла тўланганда;

👉 рента тўлаш шартнома бўйича суғурта даври бошланиши санасидан камида 12 ойдан сўнг бошланганда;

👉 рентани тўлаш шартнома бўйича суғурта даври бошланиши санасидан 12 ой ўтмасдан бошланганда.

✅ 2020/2021 ўқув йилидан олий таълим муассасаларининг "Суғурта иши” таълим йўналиши бўйича сиртқи ва кечки бўлимларга тест синовлари ўтказилмасдан, белгиланган қабул квоталаридан ташқари пулли-контракт асосида қабул қилиш тартиби жорий этилади.

✅ Шунингдек, қарор билан Молия вазирлиги ҳузурида Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгиланди.

Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.

 

Шунингдек, ўтган ҳафтада Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди

Қарорга мувофиқ Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мурожаати инобатга олиниб, мамлакатимизда 2019 йил 11 август Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонланиши белгиланди.

Ҳокимликларга "Нуроний” жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Қурбон ҳайитининг жойларда юқори савияда, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга ошириш юкланди.

Шунингдек ўтган ҳафтада Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Президент фармойиши қабул қилинди (03.08.2019й, Ф-5491)

Фармойишга кўра, 2019 йил 5 августдан бошлаб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк объектларини бузиш ишлари қуйидагича 3 босқичда амалга оширилади:

👉 ҳокимлар томонидан бузилиши режалаштирилган ҳудуд бўйича материаллар тўплами Вазирлар Маҳкамасига киритилади;

👉 Вазирлар Маҳкамасида шаҳарсозлик талаблари бўйича ва молиявий ҳисоб-китоблар бўйича хулосалар тайёрланади;

👉 хулоса Бош вазирга кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритилади.

✅ Шунингдек, Фармойиш билан:

👉 ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар миқдорини хатловдан ўтказиш бўйича республика мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ва ҳудудий ишчи гуруҳлар таркиби;

👉 хатловдан ўтказишга кўмаклашиш учун ҳудудларга бириктириладиган масъуллар рўйхати;

👉 хатловдан ўтказиш ҳамда уларни қоплашда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича "йўл харитаси” тасдиқланди.

✅ Хатловдан ўтказиш бўйича ишчи гуруҳга:

👉 фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарларни жойларга чиққан ҳолда хатловдан ўтказиб, уларнинг қонунчиликка мувофиқ бозор қиймати асосида ҳаққоний ва адолатли миқдорини белгилаш;

👉 етказилган зарарларни қоплашнинг аниқ манбалари белгиланиш, агар зарар мансабдор шахснинг ноқонуний қарори қабул қилиниши оқибатида етказилган бўлса – мазкур мансабдор шахслардан регресс тартибида ундириб олиш;

👉 айбдор мансабдор шахсларга жавобгарлик чоралари кўриш ҳамда қонун ҳужжатлари нормаларини янада такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилиш вазифаси топширилди.

✅ Ҳукумат томонидан бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қарор қабул қилинади:

👉 давлат дастурлари, йирик инвестиция ва бошқа лойиҳаларни ҳудуддаги кўпчилик аҳолининг фикрини инобатга олган ҳолда амалга ошириш;

👉 ер участкалари олиб қўйилишида уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг мулкдорлари билан очиқ муҳокамалар ўтказган ҳолда, биринчи навбатда, эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жой фонди объектлари, шу жумладан фойдаланилмаётган объектлар билан банд бўлган ер участкаларини танлаб олиш;

👉 ҳокимлар томонидан ер участкаларини олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилиш учун ушбу ҳудудда жойлашган турар ва нотурар кўчмас мулк объектлари мулкдорларининг розилигини олиш ҳамда ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш бўйича ёзма келишув тузиш.

Ер участкалари ноқонуний олиб қўйилганлиги муносабати билан мулкдорларга зарар етказилганлиги учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш юзасидан Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Мазкур тартиб фармойишда кўрсатилган ер участкаларини олиб қўйиш ва мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш тартибини белгиловчи Ҳукумат қарори қабул қилингунига қадар амал қилади.

"Фахрий фуқаро” мақомини бериш тартиби тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилинди (648-сон, 5.08.2019 й.)

Қарорга кўра ушбу мақом иқтисодиёт, фан, маданият ва санъат, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳанинг ривожланишига катта инвестиция киритган, шунингдек Ўзбекистон Республикасида хайрия фаолиятини амалга ошираётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилади.

Ушбу мақом Президент ташаббуси билан берилиши мумкин.

Бунда қарор Сенат томонидан қабул қилинади, гувоҳнома эса Сенат раиси томонидан имзоланади ва топширилади.

Агар ушбу ташаббус давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан берилган бўлса, қарор тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан қабул қиланади.

Ушбу мақом Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш учун асос ҳисобланмайди.

Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.

Шунингдек ўтган ҳафтада Ҳукумат қарори (650-сон, 07.08.2019 й.) билан Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ва Агентлик ҳузуридаги Капитал бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

✅Агентлик қимматли қоғозлар бозори ва лотереялар ташкил этиш фаолиятини тартибга солиш, шунингдек корпоратив бошқарувни ривожлантириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.

✅ Агентлик фаолиятини мустақил олиб боради ва бевосита Бош вазирга бўйсунади.

✅ Агентликнинг асосий вазифаларидан бири қимматли қоғозлар бозори ва корпоратив бошқарувни шакллантириш, ривожлантириш, назорат қилиш ва тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишдан иборат.

✅ Агентлик директори Бош вазир тақдимномасига кўра Президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

✅ Агентлик ҳузуридаги жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Агентликнинг шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади.

✅ Манбаларнинг барча турлари бўйича Жамғарма ҳисоб рақамига тушган даромадларга солиқ солинмайди.

✅ Жамғармани Агентлик директори бошқаради.

Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.

Қўшимча квота асосида мактабга қабул қилиш учун тўлов бекор бўлди

Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилинди (ВМҚ 651-сон қарори, 2019 йил 7 август).

Қарорга мувофиқ, мактабларга қўшимча квота бўйича қабул мактабларнинг имкониятидан келиб чиқиб, тегишли микроҳудуд бўйича асосий квотага тушмаган болалар учун амалга оширилиши белгиланди.

Илгари қўшимча квота – мактабларнинг имкониятидан келиб чиқиб, микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги, микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган (тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган), шунингдек, мактабларда таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган болалар учун ажратилар эди.

Эндиликда, болаларни мактабларга қўшимча квота асосида қабул қилиш мактаб директорлари томонидан амалга оширилади.

Илгари бу жараён Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилар эди.

Болаларни мактабларга қўшимча квота бўйича қабул қилиш 10 августдан 
31 августга қадар амалга оширилиши белгиланди.

Шунингдек, мактабларга болаларни қўшимча квота бўйича қабул қилишда ундириладиган тўлов бекор қилинди.

Илгари қўшимча квота бўйича мактабларга қабул қилиш учун бир болага нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан кам бўлмаган миқдорда йиғим ундирилиши назарда тутилган эди.

Ҳурматли телетомошибинлар Ҳуқуқий тарғибот ва маърифатни амалга оширишнинг янги ва замонавий механизмларидан фойдаланиш мақсадида ҳозирда аҳоли ўртасида кенг тарқалган "Telegram” мессенжерида "Huquqiy axborot” (t.me/huquqiyaxborot) канали очилган. Ушбу каналда қабул қилинган янги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, қонун ҳужжатларига шарҳлар, ҳуқуқий инфографикалар ҳамда аҳоли учун қизиқ бўлган бошқа ҳуқуқий масалалар бўйича маълумотлар қисқа матнларда бериб борилмоқда.


Навбаҳор туман адлия бўлими

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.