Никоҳ ва оила масалалари бўйича

Никоҳ-икки жинс вакилларининг, яъни эр-хотинларнингўзаро розилиги асосида ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилган иттифоқи ҳисобланади. Никоҳ тузиш тартиби ва шартлари ҳуқуқий жиҳатдан Оила Кодексининг 3-боб 13,14,15 моддаларида, никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар эса Кодекснинг 16-моддасини ўз аксини топган.

Оила эса никоҳга ва яқин қариндошликка асосланган ахлоқий масъулият, ўзаро ҳурмат, тушуниш ва мехр-муҳаббат умумийлиги билан боғланган кичик ижтимоий гуруҳ сифатида эътироф этилади.

Кодексининг 4-моддасида Ўзбекистон Республикасида оила давлат ҳимоясида эканлиги ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаб қўйилган.Шу сабабли Ўзбекистонда оила масалаларига давлат сиёсати даражасида қаралади.

Никоҳланувчи шахсларнинг тиббий жиҳатдан никоҳга тайёр эканлигини текшириш ҳамда жамиятга соғлом фарзандларни дунёга келтириш мақсадида улар тиббий кўрикдан ўтказилади.

Тиббий кўрик Оила Кодексининг 17-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 25.08.2003 йилдаги 365-сон қарори билан тасдиқланган "Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Тиббий кўриксоғлиқни сақлаш муассасалари томонидан бепул амалга оширалади ҳамда никоҳланувчилар психик, наркологик, таносил касалликлари ва ОИВ/ОИТС бўйича тиббий кўрикдан ўтказилади.

Оила Кодексининг 15-моддасида никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш қилиб белгиланган.

Бироқ, айрим ҳолларда ота-оналардаги ўз ота-оналик бурчларини тезроқ адо этиш, қизни тезроқ ўз эгасига топшириш, ўғилни тезроқ уй-жойли қилиш, иқтисодий жиҳатдан яхши таъминланган оилалардан совчи келганда қизининг бахтини ва бўлажак қудаси орқали ўзининг ижтимоий мавқеини тиклаб, кўтариб олиш, ўта начор оилаларнинг болалар сонини камайтириш орқали иқтисодий ҳолатини қониқарли даражага келтириш ва бошқа мақсадларни кўзлаб эрта никоҳ қуриш ҳолатларига йўл қўйилмоқда.

Бу эса ўз навбатида келин-куёв ўртасида бир бирини ҳурмат қилмаслик, турмушга чиққан қизнинг жисми оғир ишларга тайёр бўлмаслиги натижасида келиб чиқадиган жисмоний, руҳий қийинчиликлар, бепуштлик, қизларнинг иқтисодий жиҳатдан қайнона, қайнота ва эрларига қарам яшашлари каби салбий оқибатларга олиб келмоқда ҳамда ёш оилалар орасида ажралишларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Ажралишлар эса алимент ундириш ҳамда никоҳдан ажрашишдаги мол-мулкни бўлиш билан боғлиқ низоларнинг келиб чиқишига замин яратмоқда.

Баён этилганлардан келиб чиқиб ҳар бир оила қураётган ёшлар оила ва оилавий муносабатлар масаласи бугунги кунда ўзининг тарихий, маданий, миллий ва умумбашарий қадриятларига эга Ўзбекистон давлатининг равнақи учун катта аҳамиятга эга эканлигини асло унутмасликлари лозим.

 

Навбаҳор туман адлия бўлими бошлиғи Н.Э.Исроилов

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.