ФЕРМЕРЛАР ВА ОЛИМЛАР ҲАМКОРЛИГИ КУЧАЯДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган топшириқлар ижроси юзасидан тумандаги "Истиқлол" саноат касб-ҳунар коллежида пахта ва Ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбарларининг назарий ва амалий ўқув семинари бўлиб ўтди.

Унда миришкорлар билан бирга туман ҳокимлиги, прокуратура ҳамда солиқ идоралари вакиллари шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий фаолият олиб бораётган олимлар иштирок этди.

Семинарни туман ҳокими Лочин Облақулов кириш сўзи билан очиб берар экан, фермерларимиз олдида турган долзарб вазифалар хусусида гапириб ўтди. Шундан сўнг иштирокчиларга давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси видео орқали намойиш этилди.

Семинар жараёнида Пахта селекцияси уруғчилиги ва етиштириш илмий тадқиқот институтининг Навоий илмий тажриба станцияси директори, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент Актам Нурматов, қуйи Зарафшон Ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ходимлари фермерларга келгусида пахта-ғалладан мўл ҳосил олиш чора-тадбирлари хусусида кўрсатма ва тушунчалар берди.

Таъкидлаш керак, туманимизда айни пайтда 280 дан ортиқ фермер хўжалиги фаолият юритаётган бўлиб, улар ихтиёрида 8000 гектардан ошиқ экин ерлари мавжуд. Ушбу назарий ва амалий ўқув семинари фермерларимизнинг келгусида ғалла ва пахтадан мўл ҳосил олишда дастуриламал бўлади деб айтсак муболаға қилмаган бўламиз.

 

 

 

 


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.