МАВСУМНИ УЮШҚОҚЛИК БИЛАН ЎТКАЗАЙЛИК! Вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг вилоятимиз аҳолисига М У Р О Ж А А Т И

Юртимизда пахта йиғим-терими мавсуми бошланиш арафасида. Айни пайтда олдимизда долзарб мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш, талабгор аҳолини теримга жалб этишдек ўта масъулиятли вазифалар турибди.

Эрта кўкламда, об-ҳавонинг ёғин-сочинли келиши натижасида аксарият экилган майдонларда чигит икки, ҳаттоки уч маротабагача қайта экилди. Ҳаво ҳарорати меъёридагидан анчагина паст келди. Саратон ойидаги кучли иссиқлар ғўзанинг ривожига салбий таъсир ўтказди. Узоқ йиллардан буён деҳқончиликда сув танқислигига бу йилдагидек дуч келмаган эдик. Омилкор фермерларимизнинг матонатли меҳнатлари эвазига тўпланган мўл-ҳосил сақлаб қолинди. Далаларимизда белгиланган режани ортиғи билан қоплайдиган даражада ҳосил етиштирилди. Эндиги вазифамиз, машаққатли меҳнатлар эвазига етиштирилган ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмай, тез ва соз йиғиштириб олиш, бугун қалбида чўғи бор, Ватан ва халқ равнақи учун жон куйдирадиган ҳар бир фуқаронинг бурчига айланиши керак.

Энг эътиборлиси, бу йил ўтган йилга нисбатан пахта хомашёси харид нархи икки баробарга оширилиши, мавсум муваффақиятини таъминлаши шубҳасиз. Теримчилар билан пахта майдонининг ўзида кунлик ёки ҳар беш кунлик ҳисоб-китоб қилиниши эса дала меҳнаткашлари учун яратиб берилган қулайликлардан биридир.

Пахта хом ашёсининг қўлда терилган бир килограмми учун биринчи босқичда контрактация шартномаси мажбурияти 60 фоизгача бажарилгунга қадар 650 сўм, иккинчи босқичда-60 фоиздан 80 фоизгача-850 сўм, учинчи босқичда-80 фоиздан ортганда-1000 сўм меҳнат ҳақи тўланиши Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 30 августда эълон қилинган "2018 йил ҳосили пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгиланган.

Вилоятимиздаги пахта тўқимачилик корхоналаримиз эса 60 фоизгача бажарилгунга қадар 750 сўм, иккинчи босқичда-60 фоиздан 80 фоизгача-1000 сўм, учинчи босқичда-80 фоиздан ортганда-1200 сўм меҳнат ҳақи тўланиши ҳақида розиликларини билдиришди. Бу навоийлик теримчилар учун яна бир яратилган имкониятдир.

Бу йилги ҳосилнинг асосий қисми асосан фермер хўжаликларининг ишчи кучи ёрдамида йиғиштириб олиниши режалаштирилган. Кўпгина терим отрядларида эса ихтиёрий талабгор аҳоли, яъни меҳнатга лаёқатли (18 ёшдан 55 ёшгача) бўлган фуқаролар жалб этилмоқда.

Теримга жалб қилинадиган ҳашарчилар учун шийпонлар ва ётоқхоналар дислокацияси тасдиқланиб, зарур шарт-шароитлар яратилди. Чунки бу йил бир кунлик ҳашарчиларни далама-дала олиб бориб келишга йўл қўйилмайди. Улар белгиланган ётоқхоналарда ётиб, теримда иштирок этадилар.

Жорий йилги отрядларни шакллантириш тизими ҳам мавсумни муваффақиятли тугаллаш имкониятини яратади. Ташкил этилган 614 отряд таркиби ўртача 100 нафар кишидан иборат бўлиб, отряд раҳбарлари мавсум давомида туман Бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан 2 миллион сўмдан ойлик маош бериш бўйича шартнома асосида вақтинча ишга олинадилар. Отряд раҳбарларини танлашда фидойи, тажрибали, қишлоқ хўжалиги соҳасини мукаммал тушунадиган, виждонли ҳамда ортидан одамларни эргаштира оладиган фаол фуқаролар таркибини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Уларни ёшларидан қатъи назар маҳалланинг фидойи оқсоқоли деб танладик.

Азиз нуронийлар, фахрийлар, маҳалла фаоллари!

Азалдан халқимизда кексаларни ҳурмат қилиш, ўгитларига амал қилиш, улар бошлаган ишни давом эттириш қонимизга сингиб кетган қадриятларга айланиб қолган. Шундай экан, бугун сизларнинг ҳар бир ҳаракатингиз, қимматли маслаҳатингиз, дуоларингиз, ташаббускорлигингиз бизга куч-қувват бағишлайди. Чунки ўзбек халқи азалдан меҳр-оқибатлилиги, меҳнаткашлиги, бунёдкорлиги, ориятли ва фидойилиги билан танилган.

Миллий бойлигимиз "оқ олтин”ни қисқа муддатларда йиғиштириб олиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Бу масъулиятли мавсумда билагида кучи, белида қуввати бор ҳар бир фуқаро фаоллик кўрсатиши мақсадга мувофиқдир.

Азиз маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва фаоллари!

Давлатимиз раҳбари қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилишга, уларнинг обрў-эътибори ҳамда нуфузини оширишга алоҳида аҳамият бермоқдалар. Биргина вилоятимизда 2018 йилнинг ўзида 17 та қишлоқнинг "Обод қишлоқ” Дастурига киритилиши, уларнинг ободончилигига, халқимизга қулай бўлишига қанча маблағ зарур бўлса давлатимиз томонидан ажратилмоқда.

Юртбошимизнинг ғамхўрликларига жавобан меҳнатга яроқли маҳалла аҳлини, теримда уюшқоқлигини таъминлашда, сизларни халқимизнинг етакчи фаолларига хос инсонлар эканликларингизга ишонамиз.

Мамлакатимизда мулкчиликнинг янги шакли сифатида фермерлик ҳаракати мустаҳкам ўрин эгаллаётир. Бугун улар билан ҳамнафас, ҳамқадам деҳқончиликка бош-қош бўлишингизнинг аҳамияти жуда каттадир.

Ушбу мурожаатноманинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришда сизларнинг бой ҳаётий тажриба ва ташкилотчилик қобилиятларингиз борлигини яхши биламиз. Шунинг учун ҳам сизлардан ана шу салоҳиятларингизни ишга солиб, ўзгарувчан об-ҳаво шароитида теримчиларни, айниқса, ихтиёрий теримчиларни йиғим-теримга жалб этишда барчамизга ҳамкор, ҳамфикр ва елкадош бўлишингизга ишонамиз.

Шашти баланд теримчилар!

Йиғим-терим мавсумида билагингиздаги кучни, юрагингиздаги ўтни "оқ олтин”ни йиғиштириб олишга сарфлашингизга имонимиз комил. Ҳузур-ҳаловатини юрт ташвиши билан алмаштириб, пахтазорларда матонат кўрсатиб меҳнат қиладиган теримчи меҳнатини қадрлаб, рағбатлантириб бориш биринчи галдаги вазифамизга айлансин. Мавсум жараёнида мусобақалар уюштириб, ғолибларни рағбатлантириб бориш уларга янада куч-қувват бағишлашини унутмайлик!

Ҳиммати баланд фермерлар!

Шу муқаддасзаминда таваллуд ва тарбия топган, ўзини айнан шу юрт фарзанди, деб билгувчи инсон ўз давлати, халқи олдидаги, уни умидлар билан тарбиялаган, вояга етказган жамият олдидаги бурчини адо этиши керак. Хирмонга тўкиладиган ҳар бир килограмм пахта сизу бизнинг ор-номусимиз эканлигини унутмайлик!

Шартномавий режангиздан ортиқча топширган ҳар бир килограмм пахта учун қўшимча 15 % устама ҳақ олишингиз Юртбошимизнинг сизга бўлган яна бир ғамхўрликлари эканлигини юракдан ҳис этинг.

Фермер хўжаликлари раҳбарлари сизлар ўзингиз яшаб турган маҳалланинг энг ташаббускор, фидойи ва халқнинг етакчи кучларидан бири бўлган инсон эканлигингизни унутманг! Шу халқни ўзингизни ҳимматингиз билан сийланг.

2019 йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг пахтаси, ўз диёримизда тўлиқ қайта ишланиши давлатимиз иқтисодиётида, халқимиз фаровонлигида қанчалик ўрин тутишини юракдан ҳис этайлик.

Қадрли юртдошлар!

Пахта йиғим-терими мавсумида шундай меҳнат кўтаринкилигини ташкил қилайликки, токи ҳар бир навоийликман, деган инсон ўзини деҳқондек ҳис этсин. Бободеҳқон олдида турган юкни кўтаришга камарбаста бўлиш, эл-юрт юкига елкадошлик қилиш, деҳқоннинг зафарларидан фахрланиш, ғурурланиш ва ор-номус учун курашиш ҳисси юрагингизда жўш урсин!

Барчангизни мазкур эзгу ишларда фаол иштирок этишингизга, иқтисодиётимизни юксалтиришга, она юртимиз янада кўркам бўлиши учун муносиб ҳиссангизни қўшишга ва пахта йиғим-теримида жасорат кўрсатишга даъват этамиз!

 

Навоий вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари

                                                                                                                                          ва томорқа ер эгалари Кенгаши

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.