МУҲИМ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМАСИ

Яқинда Истиқлол саноат касб-ҳунар коллежида "Диний экстремизм, терроризм, миссионерлик, одам савдоси каби жиноятларнинг салбий ҳолатлари, диний экстремистик гуруҳларнинг ёт ғояларидан асраш ва огоҳликка чақириш” мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимлиги мутасаддилари, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамда Истиқлол саноат касб-ҳунар коллежи ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этишди. Йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан коллеж директори Хуршид Раҳматов сўзга чиқиб, мавзу юзасидан қатнашчиларни таништириб, ҳозирги кунда дунёда рўй бераётган воқеалардан огоҳ бўлиш, юртимиз тинчлигини сақлаш борасида ҳар бир фуқаронинг бурч ва вазифаси муҳим аҳамият касб этиши, мафкуравий хуружлардан огоҳ бўлмоғимиз лозимлиги тўғрисида гапириб ўтди.

Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари ҳам сўзга чиқиб, республикамизда тинчликни сақлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида гапириб, бугунги кунда дунёни ташвишга солаётган диний экстремизм, терроризм, миссионерлик ва одам савдоси каби жиноятларнинг салбий оқибатлари, уларни олдини олиш учун қандай ишлар олиб бориш кераклиги ва бошқа хорижий давлатларда бўлаётган сиёсий воқеалар тўғрисида ўз фикрларини билдиришди.

Шу жумладан, таълим муассасаларида ўқувчилар орасидаги вазиятлардан хабардор бўлиш, бегона ёки шубҳали шахсларга эътибор қаратиш ва ўз вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларини хабардор қилиш, ишлаш мақсадида чет мамлакатларга бориш ниятида бўлган шахслар орасида тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда яшаш манзилида ишлаш учун яратилган имкониятларни тарғибот қилиш кераклиги ҳақида йиғилиш қатнашчиларига тушунчалар берилди.

Шу билан бир қаторда, йиғилишда туман ҳокими ўринбосари К.Аллаев ҳам сўзга чиқиб, диний экстремизм, ақидапарастлик каби тушунчалар инсон онги ва қалбини эгаллашга қаратилганлиги, дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида авж олаётган қарама-қаршиликлар, жумладан, Яқин Шарқ, Ироқ ва Сурия мамлакатларида содир бўлаётган қонли тўқнашувлар, хусусан, мусулмон дунёсидаги турли оқимларнинг ўзаро низо ва зиддиятлари кучайиб бораётгани, бегуноҳ одамлар ҳаётига зомин бўлиши барча инсонларни ташвиш ва хавотирга солаётганлигини айтиб, юртимизда ҳукм сураётган тинчликни сақлаш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи ва вазифаси эканлигини таъкидлади.

 

Беҳзод ХАЛИЛОВ,

Республика Маънавият ва маърифат

маркази туман бўлинмаси раҳбари

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.