“БИЛИМИ ЗЎР МИНГНИ ЙИҚАР”

“БИЛИМИ ЗЎР МИНГНИ ЙИҚАР”Халқимизда билаги зўр бирни, билими зўр мингни йиқар, деган нақл бор. Ушбу нақл мунтазам мутолаа билан машғул бўлганларга нисбатан айтилган. Мен ушбу нақл исботини яқинда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган китобхонлар ўртасида ташкил этилган "Ёш китобхон” кўрик-танловининг Республика босқичи ғолиблари тимсолида яққол гувоҳи бўлдим. Ойнаи жаҳон орқали намойиш этилган ушбу тадбирни ўттиз икки ярим миллионлик Ўзбекистон аҳолиси зўр ҳаяжон ва қизиқиш билан кузатиб борди.

Айниқса 14 ёшдан 19 ёшгача бўлган китобхонлар ўртасида мутлоқ ғолибликни қўлга киритган Самарқанд вилояти Пойариқ туманидаги 17-умумтаълим мактаби ўқувчиси Моҳинисо Шомуродова, 19 ёшдан 30 ёшгача бўлган китобхонлар ўртасида ғолибликка мушарраф бўлган фарғоналик Шарофат Исмоиловаларнинг қувончига дилдан шерик бўлдим. Ана шундай билимдон фарзандларни вояга етказган уларнинг ота-оналарига таъзим қилдим.

Ҳа, китоб барча билимларнинг калити, инсониятнинг авлодларга қолдирган бебаҳо меросидир. Китоб инсон маънавий дунёсини бойитиб, уни комиллик пиллапоялари сари бошлагувчи маёқдир. Шу боис азалдан халқимиз китоб мутолаасига алоҳида эътибор қаратган. Бедор тунлар ҳар бир хонадонда фузулийхонлик, бедилхонлик кечалари ўтказилганлиги боис Усмон Носир, Чўлпон, Абурауф Фитрат, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби шоир ва ёзувчилар етишиб чиқди. Моҳинисо Шомуродова ва Саломатхон Исмоиловалар ҳам ана шундай закий, доно халқнинг фарзандлари эканликларини исбот этишди. Бугун барча ёшларимиз, айниқса биз ота-оналар бу билимдон қизлар ва уларнинг ота-оналаридан ибрат олсак нур устига аъло нур бўларди.

Умумтаълим мактабларида, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида мутолаа маданиятини ошириш, фарзандларимизни китобга ошно этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида мунтазам равишда китобхонлик даражасини аниқлаш мақсадида турли кўрик-танловларни ташкил этиш эса Моҳинисо ва Саломатхон каби билимдон ёшларни кашф этишга хизмат қилади. Китоб инсон ҳаёти йўлини беминнат ёритгувчи мангу шамчироқдир. Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

 

Олия МАРДОНОВА,

9-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.