КИТОБ-ЖАМИЯТНИ ТЎҒРИ ЙЎЛГА БОШЛАЙДИ

КИТОБ-ЖАМИЯТНИ ТЎҒРИ  ЙЎЛГА БОШЛАЙДИИнсон маънавиятининг юксалиши, онг ва савия даражасининг кўтарилиши ҳамда руҳий оламининг камолга етиши айни китоб мутолааси жараёни билан боғлиқдир. Китоб-жамиятни тўғри йўлга бошлайдиган ва одамларни ҳаёт ҳақиқатига тик боқишга ундайдиган, билимларимизни бойитувчи хазинадир.

Бугунги глобаллашув жараёнида китоб мутолааси ҳамда китобхонлик сув ва ҳаводек зарурдир.Шу боис китоб мутолааси ва китобхонлик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича Комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойиши бу борадаги ишларнинг амалий ифодаси бўлди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ўз маърузасида эндиликда "Энг яхши китобхон мактаб”, "Энг яхши китобхон маҳалла”, "Энг яхши китобхон оила”, "Энг яхши китобхон ўқувчи” йўналишларда танловлар уюштириш, ғолибларни муносиб тақдирлаш таклифини ҳам билдириб ўтган эди. Бу эса нафақат ёшлар, балки аҳолининг ҳар бир қатлами орасида катта қизиқиш уйғотиши, китобни севишга чорлаши шубҳасиз.

Президентимиз Фармойишидан келиб чиққан ҳолда, Истиқлол саноат касб-ҳунар коллежи АРМ ходимлари томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. АРМ китоб фондини бойитишга алоҳида эътибор қаратилиб, ўқувчиларнинг мутолааси учун барча қулайликлар яратиб берилди. Марказдаги барча адабиётлар компьютер рўйхатига киритилди. Шунингдек, "Мен фарзандимга китоб совға қиламан” акцияси ва акция доирасида "Энг яхши китобхон оила” кўрик-танловлари кўтаринки руҳда ташкил этилди. Ушбу акцияда ота-оналар фарзандлари учун китоблар харид қилиш билан бирга, янги нашр этилган бадиий-илмий адабиётлар ҳамда ўзбек матбаа саноатининг ривожи билан ҳам яқиндан танишишди. Шунингдек, "Энг яхши китобхон” кўрик-танловида "Кўҳрон”, "Ўзбекистон” ва "Қушқочди” маҳаллалари аҳолиси фаол иштирок этиб, китобхонлик маданиятини намойиш этишди.

Янги ўқув йилида ҳам бу каби хайрли ишлар давом этади. Зеро, китобхонлик, китоб мутолааси хонадонларимизда камол топаётган фарзандларимизнинг йўлларини ёритиб, уларни ҳамиша эзгуликка чорлаб турсин.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.