15 октябрь - Халқаро қишлоқ аёллари куни

Шу биргина ифода орқали кўз ўнгимизда меҳрибон она, жонкуяр муаллима ва тарбиячи, умрининг катта қисми рўзғор ва фарзандлар ташвиши билан пахта даласи, ипак қурти парвариши билан ўтган заҳматкаш деҳқон, эл юрт саломатлиги йўлида ҳар куни ўнлаб чақирим яёв йўл босган шифокор хотин-қизлар, ва албатта шириндан шакар неваралар ардоғида бўлган бувижонларимиз намоён бўлади.

Уларни ҳар қанча қадрласа, эъзоз, эҳтиром ва ҳурмат кўрсатилса шунча кам. Ҳар йилнинг 15 октябрь куни Халқаро қишлоқ аёллари куни дея эътироф этилганлигининг ўзи ҳам дунё ҳамжамиятида қишлоқ аёлини қадрини улуғлаш йўлидаги муносиб ҳаракатлардан бири.
Навбаҳор туманида ҳам ушбу сана кенг нишонланди. 20 нафарга яқин кекса авлод вакиллари туман ҳокимлиги томонидан Нурота шаҳрига ташкиллаштирилган саёҳатга бориб келишди.
"Обод хонадон”, "Обод кўча”, "Обод маҳалла” лойиҳаси асосида "Қоровултепа” маҳалласида олиб борилаётган кенг кўламдаги ободонлаштириш тадбирларининг давомийлиги сифатида туман маҳаллалари хотин-қизлар фаолларининг ташабуси ва қўллаб қувватлашлари туфайли уч авлод вакилларини бир дастурхон атрофида тўплаган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирга ташриф буюрган аёлларимизнинг аксарият кўпчилик қисми кўп йиллик самарали меҳнатлари учун "Шуҳрат” медали, Халқ таълими аълочиси, "Мўътабар аёл” ҳамда "Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган нуроний онахонлар, ҳозиргина пахта даласидан чиқиб келган теримчи опа-сингилларимиз, маҳаллаларнинг фаол хотин-қизлардан иборат бўлди.
Тадбир иштирокчиларини туман ҳокими А.Ш.Ўроқов қизғин муборакбод этиб, жамият ҳаётида фаоллик кўрсатган хотин-қизларимизга аталган эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, маҳаллани ободонлаштириш ишларида бош-қош бўлаётган бир гуруҳ нуроний отахонларимизга ҳам эҳтиром кўрсатилди.
Маданий тадбир зўр кўтаринки руҳда, дилтортар куй ва қўшиқлар оҳангига мос бўлган рақслар билан иштирокчиларга завқ бағишлади.
Нуронийлар жамоатчилик кенгаши

 
 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.