"Кексалар ҳафталиги" тадбирлари туманнинг кўплаб маҳалла ва умумтаълим мактабларида давом эттирилмоқда.

"Обод хонадон", "Обод кўча", "Обод маҳалла" лойиҳаси асосида Қоровултепа маҳалласида олиб борилаётган ободонлаштириш тадбирлари бўйича ишлаб чиқилган "Йўл харитаси"нинг 45-, 46-, 47-,48- ва 49- бандлари талабларидан келиб чиқиб, бугун Нуроний жамғармаси туман бўлими, Нуронийлар жамоатчилик кенгаши томонидан шу ҳудуддаги 25-сонли умумтаълим мактабида "Уч авлод учрашуви" ғоясига асосланган "Нуронийлар ўгити - тарбия устуни" мавзусида кексалар тарбиявий соати ўтказилди.
Тадбирда туман Тиббиёт бирлашмасининг бошлиғи, "Соғлом авлод учун" ордени соҳиби, меҳнат фахрийси Бобожон Ғафаров иштирок этиб, ўз ҳаёт йўли, бой ҳаётий тажрибаси, ҳозирги кунда билим олиш ва ҳунар ўрганиш учун мамлакатимизда ёшларга яратилган шарт-шароит, имконият ва қулайликлар тўғрисида фахр билан сўз юритди.
9-синф ўқувчилари билан суҳбат жараёнида илм эгаллаш, спорт билан мунтазам шуғулланиш, жисмоний меҳнат қилиб бориш, тўғри овқатланиш, кийиниш маданияти ва одоб-ахлоқ каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигига урғу берилди. Кексалар ва ота-оналаримизга нисбатан иззат- ҳурматда бўлиш энг юксак фазилатлардан бири эканлигини алоҳида таъкидланди.
Айрим сабабларга кўра дарсларни ўзлаштириши ва интизоми бўйича салбий кўрсаткичлари бўлган ўқувчилар билан ҳудуддаги тажрибали нуронийлар ва зиёлиларни уларга бириктирган ҳолда тарбиявий ишлар олиб борилишини тавсия қилди.
Самимий тарзда ўтказилган учрашув жараёнида Бобожон Ғафаров 11-синф ўқувчиларининг келгусидаги орзу-мақсадлари, касб ва ҳунар йўналишида қайси соҳани танлашлари билан қизиқди. Кимё, биология, рус тили, инглиз тили, математика фанларидан саволлар бериб, ёшларни инсонийлик фазилатларга ундовчи шеърлар айтиб берди. Тадбир ўзининг тарбиявий аҳамияти билан касб ва ҳунар танлаш борасида мустақил ҳаётга қадам қўйиш арафасида турган ўқувчи ўғил ва қизларимиз учун қизиқарли бўлди.
Нуронийлар жамоатчилик кенгаши.

 
 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.