Туман ҳокими А. У. Нарзиевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги Т А Б Р И Г И

Ассалому алайкум азиз тумандошлар,

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Одатда, ҳар бир давлатнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий тараққиёти, аҳолининг фаровон турмуши қонунлар устуворлиги асосида таъминланади. Дарвоқе, мамлакат тараққиётининг муҳим негизи айнан ана шу жиҳатларга боғлиқ экан, бу борада ҳар бир давлатнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори, яъни унинг Конституцияси беқиёс ўрин тутади.

Маълумки, бу йил Ўзбекистон Республикаси Конституция қабул қилинганлигига 24 йил тўлди. Шу муносабат билан мен аввало, сиз азизларни, сизлар орқали бутун туманимиз аҳлини бахтимиз Қомусининг қутлуғ шодиёнаси билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, ушбу умумхалқ байрами юртимизда жуда муҳим сиёсий жараён Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови билан уйғунлашган ҳолда, тарих саҳифаларига муҳрланмоқда.

Ҳеч кимга сир эмас, жорий йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган сайлов демократик тамойиллар асосида очиқ ва ошкоралик, адолат принциплари руҳида ташкил этилганлиги билан нафақат 32 миллионлик Ўзбекистон халқида, балки дунёнинг энг ривожланган давлатларидан ташриф буюрган хорижлик кузатувчилар ва экспертларда ҳам чуқур қизиқиш уйғотди. 5 декабрь куни эса эълон қилинган сайлов натижаларига кўра, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати-Ўзбекистон Либерал демократик партияси томонидан номзоди кўрсатилган Ҳукуматимиз раҳбари муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. Ушбу қувончли хушхабар бутун дунё бўйлаб қанот ёзиши кўп миллатли халқимиз сингари, бошқа нуфузли давлатларнинг илм-фан зиёлилари, кучли сиёсатчи-ю, иқтисодчиларда, шунингдек ОАВлари вакилларида катта ҳавас уйғотди. Негаки, бугунги кунда Шавкат Мирзиёевни бутун дунё сиёсатчилари, давлат ва жамоат арбоблари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг сиёсий ўғли, севимли шогирди ҳамда муносиб давомчиси сифатида жуда яхши билишади ва қадрлашади. Айни чоғда муҳтарам Шавкат Миромонович шарафига халқаро миқёсида кўпгина давлатлар раҳбарлари, машҳур олиму, сиёсатчилар томонидан йўлланаётган табриклардаги эътирофлардан ҳам юқоридаги фикрларимиз асосини илғаш қийин эмас.

Шу фурсатдан фойдаланиб сайлов жараёнида фаол иштирок этган халқаро кузатувчилар, участка сайлов комиссиялари аъзолари, туманимиздаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари масъуллари, соғлиқни сақлаш ва халқ таълими соҳалари ходимлари, сиёсий партиялар ҳамда ОАВлари вакиллари, шунингдек, туманимизнинг барча фаолларига ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни билдираман.

Қадрли дўстлар!

Таъбир жоиз бўлса, шуни алоҳида қайд этиш керакки, Истиқлол йилларида мамлакатимизда ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида оламшумул аҳамиятга молик ишлар амалга оширилди. Хусусан, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган асосий Қомусимиз ватанимиз тараққиёти ва аҳоли фаровонлигининг ҳуқуқий кафолоти бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, Конституция-миллий иқтисодиётимиз асосларининг пойдевори ҳамдир. Мазкур ҳуқуқий пойдевор асосида давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи Ўзбекистон халқи эканлиги белгилаб қўйилган. Давлатимизнинг халқаро ҳамжамиятда тутган ўрни ва нуфузини белгилашда ҳам мазкур ҳуқуқий асоснинг аҳамияти беқиёс.

Шу жиҳатдан демократик ислоҳотларнинг изчил ва тизимли равишда амалга оширилиши натижаси ўлароқ, давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолияти янада такомиллаштирилиб, миллий демократик давлатчилик асослари яратилди. Шу тариқа давлат ҳокимияти ваколатларининг тасдиқланиш тамойили изчил ҳаётга тадбиқ этилди.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Бош қомусимиз сифатида барча қонунларимиз ҳуқуқий тизимининг ўзагини ташкил этади. Мисоли қилиб айтишимиз мумкинки, Конституциямизнинг 18-моддасида "Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт” деб кўрсатилган. Конституциянинг
22-моддасида эса "Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди” деб белгиланган.

Ўз-ўзидан равшанки, бизда, Ўзбекистонда ҳар бир жабаҳада адолат принциплари устувор омил саналиб, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъназар, қонун барчага баробарлиги юқорида қайд этилганидек, Бош қомусимизда акс этган. Шунингдек, ижтимоий ҳимоя масаласи ҳам давлатимиз сиёсатининг яна бир муҳим йўналишларидан бири сифатида бўй кўрсатиб, "Ислоҳот ислоҳот учун эмас, ислоҳот аввало, инсон учун” деган эзгу қоидага хизмат қилади. Бу эса инсон омили, инсон тақдири ва инсон манфаатлари юртимизда не чоғли олий қадрият сифатида эъзоз топганидан далолатдир.

 

 

Азиз тумандошлар!

Байрам мунсабати билан мен сизларни яна бир қувончли хушхабардан воқиф этмоқчи эдим. У ҳам бўлса, мамлакатимиз Мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан ўзининг ҳалол меҳнати, фидойилиги, оила ва жамиятда тутган мустаҳкам ўрни ҳамда фаол намунаси билан ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланишган эди. Улар орасида туманимиздаги
18-умумтаълим мактабининг физика фани ўқитувчиси Абдуҳаким Бозоров ҳамда тадбиркор, пойавзал таъмирлаш устаси Собиржон Хидировларнинг борлиги ҳар биримиз учун юксак шараф ва ифтихордир. Айни чоғда ана шу юртдошларимизнинг кўксини безаб турган "Шуҳрат” медали келгусида ҳам уларга шон-шуҳрат олиб келишига тилакдошмиз.

Ҳурматли ватандошлар!

Бугунги кунда жаҳон молиявий иқтисодий инқирози дунёнинг кўпгина ривожланган давлатларини ташвишга солаётган бир пайда ватанимизда иқтисодий ўсиш суръатлари барқарор ривож топиб, эндиликда Ўзбекистон жаҳонда энг тез равнақ топаётган бешта мамлакатдан бирига айланганини ҳеч бир сўз билан ифодалаб бўлмайди. Табиийки, бугун бутун дунёни ҳайратга солаётган ана шундай буюк ислоҳотларимиз замирида сиз, азиз навбаҳорлик юртдошларимизнинг ҳам беқиёс ҳиссангиз борлиги барчамизга ғурур ва шижоат бағишлайди. Бу каби оламшумул муваффақиятларимиз замирида аввало, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг аҳамияти беқиёсдир.

Жорий "Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида юртимизда жуда кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётга тадбиқ этилди. Биргина Навбаҳор тумани мисолида гапирадиган бўлсак, йил дастури асосида аёллар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида, 400,0 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.
Шунингдек, "2016 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий дастури”га асосан 42 млрд. 244 млн. сўмлик маблағлар эвазига 179 та лойиҳа, шундан 30 та саноат, 67 та қишлоқ хўжалиги ва 82 та хизматлар соҳаси лойиҳалари амалга оширилиши натижасида, 935 та янги иш ўринлари яратилтши режалаштирилган бўлиб, йил якунига қадар белгиланган режа ортиғи билан уддаланди.

Мазкур лойиҳалар доирасида тумандаги тадбиркорлар фаолиятини молиявий қўллаб- қувватлаш мақсадида, банклар томонидан
28 млрд. 455.0 млн. сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.

Жорий йилда ишлаб чиқариш ва бошқа дастурлар бўйича саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 170,1 млрд. сўмга, истеъмол моллари ишлаб чиқариш ҳажми 110.8 млрд. сўмга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлар ҳажми 238.4 млрд сўмга, пудрат ишлари 70.0 млрд. сўмга, жами хизматлар ҳажми эса 80.6 млрд. сўмга бажарилди.

Инвестиция дастур доирасида 2,5 млрд. сўм маблағ эвазига тумандаги 28-умумтаълим мактаби замонавий қиёфада қад ростлаган бўлса, 240 ўринли 9-умумтаълим мактабининг янги биноси спорт зали билан биргаликда 1млрд. 807 млн. сўм маблағ ҳисобига фойдаланишга топширилди. 12-умумтаълим мактаби ўқувчилари ҳам янги ўқув йилини янги мактаб биносида бошлаши мамлакатимиз Истиқлолининг чорак асрлик тўйига уларга муносиб байрам туҳфаси бўлди. 240 ўринли мазкур мактаб биносини бунёд этиш учун давлатимиз бюджети маблағлари ҳисобидан қарийиб 1 млрд. сўм маблағ сарфланди.

Бундан ташқари, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан соғлиқни сақлаш соҳасидан маблағ билан таъминланувчи 20 та муассаса учун 13 млрд.733 млн. сўм мабалағ ажратилиб, шундан 244.0 млн. сўми таъмирлаш харажатларига йўналтирилди.

4 та қишлоқ врачлик пунктларининг эса иситиш қозонлари 78.0 млн. сўм маблағ эвазига янги замонавий қозонларга алмаштирилди. Туманимиз ҳудудида жойлашган вилоят Асаб руҳий касалликлар шифохонаси 3 млрд. маблағ эвазига реконструкция қилиниб, замонавий қиёфага келтирилди.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан қишлоқ жойларда ана шундай замонавий уй-жойларнинг яқин истиқболда қурилиб, халқимиз ихтиёрига топширилиши юртдошларимиз қувончига олам-олам завқ улашади. 2017 йилда Навбаҳор туманининг "Шўртепа” ҳамда "Бешработ” массивларида умумий қиймати 9 млрд. 400 млн. сўмдан ортиқ маблағ эвазига 76 та ана шундай шинам ва кўркам уй-жойлар барпо этилади. Жумладан, қиймати 2.0 млрд. сўмга тенг бўлган 4 сотихдан иборат 2 қаватли 10 та, қиймати 3 млрд. 220 млн. сўмга тенг бўлган
2 сотихли 2 ва 3 хонали 30 та, умумий қиймати 4 млрд. 200 млн. сўмга тенг бўлган
36 та хонадонга мўлжалланган 2 қаватли 3 та турар-жойлар эртага ёш оилаларнинг бахтли ҳаёт кечиришларида орзулари рўёбини таъминлайди.

Қадрли дўстлар!

Бугуни кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш бунёдкорлик ишлари натижасида қишлоқларимиз қиёфаси ҳам шаҳар кўркидан кам бўлмаган даражада чирой очиб бормоқда. Жорий йилда туманимиздаги "Қуйи Бурқут” массивида 15 та, "Шўртепа” массивида 20 та, "Тошработ” массивида эса 5 та умумий қиймати 7,0 млрд. сўмга тенг бўлган 40 та намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар қурилиб, ёш оилалар ихтиёрига топширилди. Мазкур замонавий манзилларда қиймати
100,0 млн. сўм маблағ эвазига аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қондирилди.

Азиз тумандошлар!

Айни чоғда шуни алоҳида қувонч билан таъкидлаш зарурки, бугун юртимизда рўй бераётган ҳар битта ўзгариш, янгиланишлар ва тараққиётимиз замирида бағрикенг халқимизнинг қалб қўри, кўз нури ва энг асосийси, якдиллик намуналари мужассам. Давлатимизнинг Бош қомуси эса юртдошларимиз манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати сифатида маёқ бўлиб хизмат қилар экан, биз ҳамиша бир тану, бир жон бўлиб истиқболда ҳам янгидан-янги оламшумул ютуқларни қўлга киритишдан асло чарчамаймиз. Бу каби олийжаноб мақсадларни амалга оширишда мен сизларга улкан зафарлар тилаб қоламан. Байрамингиз яна бир бор муборак бўлсин!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.