Навбаҳор туман ҳокими Ўроқов Азамат Шодиевичнинг 1 июнь — “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ассалому алайкум азиз тумандошлар, 
1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни бутун дунё болалари учун ҳар йили энг беғубор ва қувончли байрам сифатида кенг нишонланади.
Болалар бизнинг нурли келажагимиз, эзгу ишларимиз ва ҳаётимиз давомчилари, истиқболимиз эгаларидир!
Улар билан ҳаётимиз обод, кўнглимиз чароғон. Шу сабабли ҳам фарзандларимиз бахтли бўлишлари учун барча бойликларимизу эътиборни беришга тайёрмиз! Бинобарин, уларни асраб-авайлаш, ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш ҳар бир давлат, ҳар бир оила ва ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчига айланган. Ўзбекистонимизда ҳам фарзандларимиз ана шундай меҳр-муҳаббат, улкан ғамхўрликлар оғушида бугунги болалар кунини дилларда қувонч билан нишонламоқда.
Шунингдек, буюк келажак давомчилари бўлган болалар кунини нишонлашимиздан мақсад, кенг жамоатчилик диққатини уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятларига, бахтли болаликка эга бўлишларига ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига эътиборни қаратишдир.
Инсон фарзанди учун яшайди, дилбандларига умрини бахшида этади. Дарҳақиқат, заковатли, билимдон, меҳнатсевар, имон-эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг балки, жамиятнинг энг катта бойлиги саналади.
Шундай экан оилаларимизда меҳр-муҳаббат, мустаҳкам таълим-тарбия, тинчлик- осойишталик ҳукмрон бўлишида фидойи бўлайлик!
Бугун биз тарбиялаётган фарзандлар эртага юрт фаровонлиги, Ватан равнақи ҳамда мамлакатимиз тараққиёти учун садоқат билан хизмат қилишлари шубҳасиз!
Туманда 2017 йилда 9 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият кўрсатган. Ушбу МТТларда 814 нафар тарбияланувчилар қамраб олинган бўлиб, қамров даражаси эса 12,9 фоизни ташкил этган бўлса, сўнги 6 йил давомида жами 8 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари, 13 та Давлат хусусий шерикчилик асосдаги НМТТлар ҳамда 104 та оилавий НМТТлар ташкил этилди. Бугунги кунда, мактабгача таълим ташкилотларига 6984 нафар боғча ёшидаги болалар қамраб олинган бўлиб, қамров даражаси 75,5 фоизни ташкил этмоқда.
Натижада ҳозирги вақтда жами мактабгача таълим ташкилотлари 134 тани, шундан 17 та ДМТТ, 13 та ДХШ асосидаги НМТТ ҳамда 104 та ОНМТТлар ташкил этмоқда. Тумандаги барча маҳаллаларга мактабгача таълим ташкилотлари кириб боришига эришилди.
Мамлакатимиз Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг фарзандларимиз келажаги, таълим-тарбияси  учун яратиб бераётган шарт-шароитлари, айниқса, мактабгача таълим соҳасида кузатилаётган ислоҳотлари юксак эътиборнинг намунасидир!
Муҳтарам Президентимиз: «Ўзбекистон –болажон юрт, халқимиз эса азалдан болажон халқ. Илму зиёли оилада тарбия олган фарзандлар маърифатга интилиб яшайди, олий мақсади сари ҳаракат қилади. Буни ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди», — деган эдилар. Ушбу қувончли байрамда йиғилган фарзандларни кўриб кўнглингиз яйрайди, булар бўлғуси аскарларимиз, Ватанимиз посбонлари, бўлғуси шифокорлар, жаҳон чемпионлари ва бўлғуси ҳокимлардир!
Шу фурсатдан фойдаланиб мен оилаларимиз қувончи, миллатимиз давомчилари, буюк келажагимиз ворислари саналган азиз фарзандларимизни чин қалбдан самимий муборакбод этаман!
Истайманки, бизнинг фарзандларимиз жаннатмакон Она диёримизда тинч –осойишта ва бахтиёр яшаб, келажакда маънан бой, жисмонан соғлом ва ахлоқан пок бўлиб вояга етади!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.