Инсон ҳуқуқлари –олий қадрият

        Инсон қадри барча нарсадан устун. Давлат раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ушбу ғоянинг тўлиқ мужассам эканига гувоҳ бўлдик. Таълим, соғлиқни сақлаш, электр энергия, газ, суд-ҳуқуқ, хуллас аҳолини қийнаб келаётган масалаларнинг барчаси ушбу Мурожаатномадан ўрин олди. Аҳамиятлиси, муаммолар аниқ кўрсатилди, таклифлар ҳам аниқ илгари сурилди.  Давлат раҳбари, энг аввало, одамларимизнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилиши, бунинг учун адолатли ҳукм ва қарор чиқариш бўйича вилоят судларининг ваколати ҳам, масъулияти ҳам оширилишини қайд этди.

"Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ – қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – биз учун олий қадрият” Президентнинг ушбу сўзлари  Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида қайд этилди. Ўйлаймизки, 2023 йил "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да халқ манфаати йўлида хизмат қилиш бурчини елкасига олган ҳар бир шахс ушбу ғояга ҳамоҳанг ҳолда фаолият юритса мамлакатда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган бўлади. Шу ўринда, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.02.2023 йилдаги ПҚ-46-сон "Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

      Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг асосий мақсади — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги Декларацияси қоидалари ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш, шунингдек, аҳоли барча қатламларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги миллий ва халқаро стандартлар тўғрисида хабардорлигини, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишдан иборатдир. Миллий таълим дастурининг асосий вазифалари ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш; давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш; инсон ҳуқуқлари соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш; аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида хабардорлигини ошириш; инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш; замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимининг самарадорлигини ошириш; инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобланади.

         Миллий таълим дастури доирасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш орқали аҳолининг, айниқса ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жумладан бу борада ахборот тарқатиш, таълим бериш фаолияти янада такомиллаштирилади, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданияти янада юксалади; инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг асосий тамойиллари ва услубларини ўзлаштириш ҳамда тўлиқ тушунишга кўмаклашилади; аҳолининг турли гуруҳлари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, гендер тенглик мазмун-моҳиятини тушунишга эришилади; давлат органлари ходимлари томонидан инсон ҳуқуқларини амалда қўллаш билим ва кўникмаларининг шаклланишига эришилади; инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий-тадқиқот ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, таълим сифатини оширишга эришилади;

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги Декларацияси қоидалари қўлланилиши ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилишига кўмаклашилади; инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида халқаро ва минтақавий тузилмалар билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш орқали мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича кўрсаткичлари яхшиланади.

 

 Навоий вилоят суди судья катта ёрдамчиси Г.Тоғаева

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.