Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозим эканлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил учун мурожаатномасида ҳалқ учун хизмат қилувчи ислоҳотлар
Барчамизга маълумки жорий йилнинг 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатнома йўлланди.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозим эканлиги қайд этилди.  
Давлатимиз раҳбари "...Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўп иш қилдик. Шу билан бирга, одил судловни таъминлаш бўйича ҳали қўлимиз етиб бормаган масалалар бор. Афсуски, ҳозир ҳам тергов сифати пастлиги, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учрамоқда. Бу масалалар, энг аввало, Олий суд раиси ва Бош прокурорни ташвишга солиши керак. Нима учун ҳалигача давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни электрон танлаш тизими ишга тушмади? Ким бунга қарши? Бу масалани алоҳида назоратга олиб, тез кунларда ушбу тизимнинг тўлиқ ишга туширилишини таъминлашимиз зарур", деб суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар танқидий руҳда кўриб чиқилди.  
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар адвокатура институтини ривожлантириш, аҳолига сифатли ва бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича жадал ишлар амалга оширилмоқда. Айтиб ўтиш керакки, давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам деганда, ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар бериш, ҳуқуқий хусусиятдаги ҳужжатлар тузиш, судлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда шахс ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунда белгиланган тартиб-таомиллар ва шартлар асосида бепул кўрсатиладиган ҳуқуқий соҳада амалга ошириладиган ёрдам мажмуи ҳисобланади. 
           Шу билан бирга, давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни электрон танлаш тизимини жорий этиш ва ишга тушириш бугунги кун тартибидаги муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда.  
Мурожаатномада қайд этилган яна бир муҳим масала "...Судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилади. Улар махсус ўқитилади, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланади. Одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилади. Нима учун адвокатга жиноят иши қўзғатиш ва тугатиш ҳақидаги қарордан нусха берилмайди? Бундай ҳолатда тенглик ҳақида қандай гапириш мумкин? Энди судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилинади. Айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилинади", деб таъкидлаб ўтилди.  
Давлатимиз Раҳбари томонидан юқорида қайд этилган масалалар дарҳақиқат, бугунги кунда жуда долзарб ҳисобланиб, ушбу белгиланган вазифаларни бажарилиши суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янги ва сифатли босқичга олиб чиқишга, ҳамда энг асосийси, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини янада кучайтиришга, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама ва тўлиқ текширилиб, далилларга холисона баҳо берилишига ва шу орқали ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ҳамда халқимизнинг судларга бўлган қатъий ишончини оширишга хизмат қилади.  
Мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши кераклиги, агар шундай қилмасак, муаммоларни кўриб, кўрмасликка олсак, замондан орқада қоламиз. Халқимиз, ёш авлодимиз биздан рози бўлмаслиги, шу боис, «Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат» деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак. Ҳозирги кундаги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қодир бўлган миллий давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлашимиз зарурлиги таъкидланди.
Асосий қонунимизни такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Ушбу ислоҳотдан халқимиз катта ўзгаришлар кутмоқда. Бугунги кунга қадар бу борада 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани ҳам бунинг яққол далилидир.
«Жамият – ислоҳотлар ташаббускори» тамойили асосида барча масалалар бўйича халқимиз билан бамаслаҳат иш тутамиз.
Умуман, маъно-мазмуни инсон қадрини улуғлаш руҳи билан бойитилган, келажак авлодларга муносиб хизмат қиладиган, Янги Ўзбекистонга мос бўлган Конституцияни ҳар томонлама ўйлаб, шошилмасдан ишлаб чиқишимиз керак.
Беҳисоб шукур, бу йил аҳолимиз 36 миллиондан ошди. Ҳар йили сафимизга 900 минг янги авлод қўшилмоқда.
Ўзбекистон деб аталмиш катта ва иноқ оиланинг ҳар бир аъзоси тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш йўлида тинимсиз изланяпмиз.
Шунингдек, жиноят процесси иштирокчиларига ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёхуд бошқача тарзда босим ўтказиш, қийноққа солиш, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўлланиши юзасидан "...Охирги пайтларда айрим вақтинча ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилмоқда. Бизнинг юртимизда бундай ҳолатлар умуман бўлиши мумкин эмас. Ким бунга амал қилмаса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлади. Шу боис, бундай жойларга олиб келинган барча шахсларни ҳисобга олишнинг онлайн тизими жорий этилади ва юзни таниш ускунаси ўрнатилади. Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ – қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – биз учун олий қадрият. Бош прокурор ва Ички ишлар вазири бу ҳақиқатни ҳар бир ходимига етказиб, таъсирчан назорат ўрнатиши шарт", деб таъкидлаб ўтилди. 
Айнан жиноят процессида шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш масаласи жуда муҳим. Сабаби, айнан жиноят процессида инсонга асоссиз жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказилиш хавфи катта. Шу сабабдан ҳам жиноят ишлари юритувига масъул шахслар, яъни судья, прокурор, терговчи ва суриштирувчи ишда қатнашаётган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишлари шарт. Бунда ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.  
Тергов вақтида қўлланиладиган ғайриқонуний ҳаракатлар нафақат қийноқ ва бошқа зўрлик усулларидан иборат, яъни, жиноий таъқиб остидаги шахсга нисбатан ундан иқрорлик кўрсатмалари олиш мақсадида ўтказиладиган босим, нафақат жисмоний, балки руҳий тазйиқ кўринишида ҳам кузатилиши мумкин. Айнан бундай ноқонуний усулларни қўллаб олинган ҳар қандай далиллардан фойдаланиш қонунан тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида ҳам "Ҳеч кимнинг қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас", деб мустаҳкамланган. Шунингдек, Инсон ҳуқуқларига оид асосий шартномалардан бири бўлган Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенция БМТ Бош ассамблеяси томонидан 1984 йилда қабул қилинган. Конвенцияга мувофиқ давлатлар ўз юрисдикциялари остидаги барча ҳудудларда қийноқларга қарши самарали чоралар кўриши талаб этилади. 
Айтиш жоизки президент мурожаатномасида белгилаб ўтилган, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилиши кутилаётган ислоҳотлар фуқароларимизнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд ва қонун йўли билан тиклаш ббилан бирга, уларнинг одил судловга бўлган ишончини янада ортишига хизмат қилади.

Шерали Хамидов
Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозим эканлиги қайд этилди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.