Якка тартибдаги тадбиркорларда ёлланиб ишлайдиган шахслар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари

Якка тартибдаги тадбиркорларда ёлланиб ишлайдиган шахслар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари 

Жорий йилнинг 28 октябрь куни Республика Президенти томонидан  "Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун имзоланди.

Янги Мехнат кодекси мазкур Қонунга кўра 6 ойдан кейин кучга киради ва ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мувозанатини таъминлаш ҳамда уларни мувофиқлаштириш асосида якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солади.

 Ҳозирда амалда булган Мехнат кодекси 1995 йил 21 декабрда қабул килинган бўлиб, ўтган даврда унга 34 маротабаўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида  ҳужжатлари қабул қилинган.

Албатта, меҳнат тўғрисидаги қонунчилик Мехнат кодексдан ҳамда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборат, бироқ Мехнат кодекси меҳнатга оид муносабатларни тартибга солувчи системалаштирилган қонун ҳужжати бўлганлиги сабабли ҳар қандай мурожаат қилувчи даставвал Меҳнат кодексига қарайди, керакли саволларга жавобни ундан излайди. Чунки, янги Меҳнат кодексининг преамбуласида қайд этилганидек, Меҳнат кодекси ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мувозанатини таъминлаш ҳамда уларни мувофиқлаштириш асосида якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солади.

Ушбу кичик бир мақолада янги Мехнат кодексининг барча хусусиятларини ёритиш мушкул албатта ва шу сабабдан янги кодексда якка тартибдаги тадбиркорларда ёлланиб ишлайдиган шахслар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос баъзи хусусиятлари нималардан иборат эканлигигагина эътибор қаратмокчимиз.

Табиийки, якка тартибда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширмоқчи бўлган шахс тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтганидан кейин молиявий операциялар учун банк муассасасида ҳисобварағини очади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг "Якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 7.01.2011 йил, 6-сонли қарори билан тасдикланган руйхатга мувофик  якка тартибдаги тадбиркор томонидан амалга ошириладиган фаолият турига қараб белгиланадиган миқдорда ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдалади.

Якка тартибдаги тадбиркор ва ёлланма ходим ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар янги Мехнат кодексининг 2-параграф, 507-513-моддаларида назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда меҳнат тўғрисидаги қонунчилик билан тартибга солинади.

Меҳнатга оид муносабатлар юзага келишига ёзма шаклда тузиладиган меҳнат шартномаси асос бўлади. Яъни, якка тартибдаги тадбиркор томонидан ишга қабул қилинаётган шахс билан ёлланма ходим ўртасида меҳнат шартномаси тузилиши шарт.   

Бунда, номуайян ёки муддатли меҳнат шартномаси тузилиши мумкин, бироқ меҳнат шартномасининг муддати якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги лозим.

Иш қидираётган шахс меҳнат шартномаси тузилгунига қадар меҳнат ва бандлик шартлари тўғрисида олдиндан хабардор қилинган бўлиши керак.

Ходим ва якка тартибдаги тадбиркор ўртасидаги меҳнат муносабатларининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, мазкур шартноманинг намунавий шакли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Маълумки, меҳнат шартномаси ходим билан иш берувчи ўртасида муайян ишни ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишувдир. Меҳнат шартномаси ёзма шаклда тузилиб, ходим ва ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг имзолари билан мустаҳкамланади.

Меҳнат шартномасининг барча зарурий шартлар келишилган ҳолда тузилиши келгусида иш берувчи, бизнинг холатимизда якка тартибдаги тадбиркор ва ходим ўртасида ўзаро низолар келиб чиқишининг олдини олади.

Якка тартибдаги тадбиркорларда ёлланиб ишлайдиган шахслар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятларидан яна бири, бу тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг бир нусхаси якка тартибдаги тадбиркорнинг солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига тақдим этилишидир. Меҳнат шартномасининг нусхасини давлат солиқ хизмати органига тақдим этиш электрон шаклда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланма ходимларни ишга қабул қилиш буйруқ эълон қилмасдан амалга оширилади. Якка тартибдаги тадбиркорларда ишловчи ходимларга меҳнат дафтарчалари юритилмайди.

Иш режими, дам олиш кунларини ва йиллик меҳнат таътилларини бериш тартиби ходим билан якка тартибдаги тадбиркор ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Бирок, иш ҳафтасининг давомийлиги янги Мехнат кодексининг 185-моддасида эътироф этилгандек ҳар кунги ишнинг (сменанинг) давомийлиги жамлаб ҳисобланганда 40 соатдан ошмаслиги, яъни ўзига нисбатан иш вақтининг нормал давомийлиги белгиланган ходимлар учун: олти кунлик иш ҳафтасида - етти соатдан; беш кунлик иш ҳафтасида - саккиз соатдан ошмаслиги лозим. Мазкур кодекснинг тегишли моддаларида ўн саккиз ёшгача бўлган, ногиронлиги бўлган, ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар учун иш куни хамда жамланган хафталик иш соатлари давомийлик мазкур кодекснинг бошка нормалар билан тартибга солинади.

Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланма ходимларни йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги ушбу кодексда белгиланган муддатдан қисқароқ бўлиши мумкин эмас, 217-моддага кўра  ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги йигирма бир календарь кундан кам бўлмаслиги керак.

Якка тартибдаги тадбиркор ходимнинг тарафлар томонидан белгиланган меҳнат шартлари ўзгартирилиши тўғрисида ходимни камида ўн тўрт календарь кун олдин ёзма шаклда огоҳлантириши, ходим якка тартибдаги тадбиркор билан тузилган меҳнат шартномасини ушбу тадбиркорни етти календарь кун олдин ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда ўз ташаббусига кўра уни бекор қилишга ҳақли.

Якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий принципларидан келиб чиқиб, юкорида кайд этилган огоҳлантириш муддатлари ходим ва якка тартибдаги тадбиркорнинг келишувига кўра қисқартирилиши мумкин.

Ходимни меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш муддатлари, шунингдек меҳнат шартномаси бекор қилинганда тўланадиган ишдан бўшатиш нафақасини ҳамда бошқа компенсация тўловларини тўлаш ҳоллари ва миқдорлари меҳнат шартномасида белгиланади.

Якка тартибдаги тадбиркор ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган тақдирда якка тартибдаги тадбиркорнинг солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органини меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.

Якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти тўхтатиб турилган ҳолларда ходимнинг ўртача иш ҳақи икки ҳафта давомида сақланиб қолади. Ушбу муддат тугаганидан кейин якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолияти тўхтатиб турилиши муносабати билан ходим билан тузилган меҳнат шартномасини ходимга ушбу шартномада назарда тутилган миқдорда, лекин ходимнинг икки ҳафталик ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда компенсация тўлаган ҳолда бекор қилишга ҳақли. Мазкур миқдордаги пулли компенсация якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолиятининг бир ҳафтадан ортиқ давом этган тўхтатиб турилиши даврида, ходим меҳнат шартномасини ўз ташаббусига кўра бекор қилган тақдирда ҳам тўланади.

Ижтимоий солиқ тулови амалга оширилган такдирда якка тартибдаги тадбиркорда ёлланиб ишлаш даврлари ходимнинг меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади, яъни ходимнинг меҳнат стажини ҳисобга олиш ижтимоий солиқ тўлаш тўғрисидаги маълумотлар асосида амалга оширилади.

Юкорида эътироф этилган хуқуқ нормалари ходим ва якка тартибдаги тадбиркор ўртасидаги мехнат муносабатларини тартибга солинишида мухим ахамиятга эга. Ўзаро келишув асосида тартибга солинмаган якка тартибдаги меҳнат низолари эса суд тартибида ҳал этилади.

 Навбаҳор туман адлия бўлими ЮХКМ бош юрисконсульти Г.У.Рўзиева

Якка тартибдаги тадбиркорларда ёлланиб ишлайдиган шахслар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.