НУРОНИЙЛАРГА ҚУЛАЙЛИК

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 ноябрдаги "Аҳолига санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш соҳасига ахборот-технологияларини жорий этиш тўғрисида”ги 693-сон қарорига асосан кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга Давлат хизматлари марказлари орқали санаторийларда даволаниш учун йўлланмаларни бериш бўйича давлат хизмати кўрсатиш тартиби, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан санаторийларда даволаниш учун йўлланмаларни бериш бўйича давлат хизматидан фойдаланиш тартиби ҳамда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга Давлат хизматлари марказлари орқали санаторийларда даволаниш учун йўлланмаларни тақсимлаш тартиби назарда тутилган "Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” тасдиқланди.

Регламентга мувофиқ 2022 йил 1 октябрдан бошлаб давлат хизматларидан фойдаланиш учун жисмоний шахслар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари белгилаб қўйилди. Йўлланмалар қуйидаги тоифадаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга берилади:

уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;

ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинлари (бева эрлари);

республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар;

Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек, Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;

ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар;

I ва II-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, кўзи ожиз I-гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахс;

ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар;

ёшга доир пенсия олувчилар.

 

Йўлланмаларни бериш даврийлиги қуйидагилардан иборат бўлади:

а) ҳар йили — навбат асосида:

уруш ногиронларига тенглаштирилган шахсларга;

республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар;

Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек, Чернобиль АЭС ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахсларга;

ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларга;

ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга;

б) икки йилда бир маротаба — навбат асосида:

уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга;

ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинларига (бева эрларига);

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, кўзи ожиз I гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахсга;

в) уч йилда бир маротаба — навбат асосида ёшга доир пенсия олувчиларга.

Қарорга мувофиқ уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар учун санаторийларга йўлланмалар биринчи навбатда берилиши, йўлланмалар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 12 кунга, йўлланмаларнинг амал қилиш муддати бошланишидан 10 кун олдин берилиши белгилаб қўйилди.

 

Навбаҳор туман давлат хизматлари

маркази бўлим бошлиғи Сохибжон Бегматов.

НУРОНИЙЛАРГА ҚУЛАЙЛИК

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.