“Нексия”ни олиб қочганлар жазоланди

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 17-моддасида, жиноят содир этгунга қадар ўн тўрт ёшга тўлган шахслар Жиноят Кодексининг

267-моддасида (транспорт воситасини олиб қочиш) назарда тутилган жиноятлар учун жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилган.

Фуқаролар Р.Шодмонов ва К.Сапаровлар (исми-шарифи ўзгартирилган) 2004 йилда таваллуд топган бўлиб, вояга етишган, бироқ қонунни тушунмаслик, ёшлик ёки таълим ва тарбиянинг тўғри йўлга қўйилмаганлигими жиноятга қўл уришларига сабаб бўлди.

Р.Шодмонов 2022 йил 14 июль куни кеч соат 01:10 ларда Конимех туманида вақтинча ижарада яшовчи фуқаро Т.Ботировга (исми-шарифи ўзгартирилган) тегишли бўлган "Нексия-2” русумли автомашина қаровсиз ҳолатда кўчада турганлигидан фойдаланиб, металл сих ёрдамида автомашинани эшигини очиб, автомашина ичида бўлган 100 000 сўм миқдордаги пулларни ўғирлик йўли билан қўлга киритгач, автомашинани ўзида бўлган калит билан ҳаракатга келтириб, автомашинани олиб қочган ва кўчада кутиб турган таниши К.Сапаровни автомашинага миндириб, туман ҳудудини айланиб маҳалла ҳудудига қайтаётган вақтида, ИИБ ва ЙҲХБ ходимлари томонидан тўсиб ушлаш тадбири амалга оширилаётганини кўриб, автомашинани ташлаб қочиб кетган.

К.Сапаров Р.Шодмоновнинг автомашинани олиб қочишда ифодаланган оғир турдаги содир этган жинояти ҳақида аниқ хабари бўла туриб, уни жиноят содир этганлигини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан яширган.

2022 йил 3 октябрда жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судида Р.Шодмонов ва К.Сапаровларга нисбатан бўлган жиноят иши очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Суд томонидан Р.Шодмонов Ўзбекистон Республикаси ЖК
267-моддасининг 1-қисми ва 169-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, уни айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, жабрланувчини унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги ҳамда жабрланувчининг унга нисбатан енгиллик беришни сўраб берган баёноти эътиборга олиниб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг
57 ва 59-моддалари қўлланиб, 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

К.Сапаров Ўзбекистон Республикаси ЖК 241-моддасининг
2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, уни айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, жабрланувчини унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги эътиборга олиниб, 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.



Авазжон Ибодов

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси

“Нексия”ни олиб қочганлар жазоланди

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.