Тадбиркорликка кенг йўл


Тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг аниқ мақсад ва чегараларини белгилаш, тадбиркорлик субъектлари томонидан янги маҳсулот ва хизмат турларини жорий этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали улар учун тартибга солиш юкини камайтириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги ПФ-60-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йил 9 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-244-сон қарорлари қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ Адлия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатасининг давлат томонидан тадбиркорлик фаолиятини фақатгина қуйидаги воситалар орқали тартибга солиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди, жумладан,

тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг айрим турлари бўйича лицензиялаш, рухсат бериш ҳамда хабардор қилиш тартиб-таомилларини жорий этиш;

техник жиҳатдан тартибга солиш;

тариф ва нотариф тартибга солиш;

қонунда белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш;

давлат назорати;

рақобатни ҳимоя қилиш;

қонун билан тадбиркорлик субъектлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини ўрнатиш;

ҳисоботларни жорий этиш;

ўзини ўзи тартибга солувчи ташкилотга аъзолик (иштирок этиш) асосида ўзини ўзи бошқаришни жорий этиш.

Яна белгилаб қўйилдики:

тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш воситалари тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган ва реализация қилинадиган товарлар, бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматларнинг инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизлигини, унинг қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, давлат хавфсизлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида фақат норматив-ҳуқуқий ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида жорий этилади;

норматив-ҳуқуқий ёки техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат ҳисобланмаган ҳужжатларда белгиланган тартибга солиш воситалари ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди.

 

Бундан ташқари қуйидаги талаблар 2023 йил 1 январдан бекор қилиниши белгилаб қўйилди:

тадбиркорлик субъектининг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида эълон бериш;

янги импорт автомобилларини сотиш фақат юридик шахслар — ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан амалга оширилиши;

электр энергиясини электр таъминоти шартномасида белгиланган ҳажмлардан (ойлик шартномавий миқдордан) ортиқча истеъмол қилган юридик шахсларга электр энергияси етказиб беришни тўхтатиб қўйиш;

якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходимларни Ягона миллий меҳнат тизимида ҳисобга олиш орқали давлат солиқ хизмати органларида алоҳида ҳисобга қўйиш.

 

2023 йил 1 мартдан бошлаб ўрнатиладиган тартибга мувофиқ:

солиқ тўловчиларга солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилади;

ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча юридик шахсларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тижорат хизматларини кўрсатишга рухсат берилади. Бунда, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали нодавлат хизматлар кўрсатиш тартиби Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда хизмат кўрсатувчи юридик шахс томонидан белгиланади;

Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан амалга ошириладиган бир шартнома суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 500 баравари ва ундан юқори бўлган давлат харидлари бўйича буюртмалар тўғридан-тўғри шартномалар асосида бажарилишига йўл қўйилмайди;

вазирлик (идора, муассаса) ва унинг таркибидаги ташкилот (муассаса) ўртасида қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 500 баравари ва ундан юқори бўлган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилиниши тақиқланади.

Шунингдек, мазкур қарорга мувофиқ тадбиркорлик субъектларига яна бир қатор енгилликлар берилишини назарда тутувчи нормалар белгилаб қўйилди.

 

 

Навбаҳор тумани Адлия бўлими

давлат хизматлари маркази

бўлим бошлиғи Сохибжон Бегматов

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.