Коррупция – жамият тараққиёти кушандаси

Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг барча соҳалари ривожланишига жиддий путур етказади, тарққиётни секинлаштиради, давлатни ич-ичидан емириб боради, халқни хонавайрон этади, ҳуқуқ ва манфаатлар бузилишига сабаб бўлади. Бугунги кунда бутун жаҳон миқёсида ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан бирига айланган. Айни пайтда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Бу борада ҳар биримиздан ҳушёрлик ва масъулиятлилик талаб этилади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг «Коррупция билан ҳеч қачон мақсадимизга эриша олмаймиз» деган гапларида улкан маъно мужассам. Дарҳақиқат, коррупция бор жойда ҳақиқат ва адолат, ҳеч қайси бир соҳанинг ривожланишига, олдимизга қўйган мақсадимизга эриша олмаймиз. Коррупция – қонуннинг қўпол равишда бузилишидир ҳамда коррупцияга йўл қўйганнинг куни қисқадир.

Коррупция даражасининг юқорилиги мамлакатнинг халқаро миқёсда обрўсини туширадиган, инвестициявий муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган омилдир. Шу боис коррупция билан муроса қилиб бўлмайди.

Демократик қадриятлар қарор топиб бораётган бир вақтда давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этилиши ҳокимиятнинг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозиликка сабаб бўлади. Коррупциянинг маълум бир мамлакатда ривожланиши эса ўша давлатнинг таназзулига олиб келади.

Коррупция бу – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят тури ҳисобланади. Коррупция фаолияти хуфёна иқтисодиётнинг асосий турларидан биридир. Аксарият ҳолларда коррупция деганда давлат хизматчилари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида халқдан пора олиш, қонунга хилоф пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади. Аммо, умуман олганда, давлат амалдорларигина эмас, балки, давлат ташкилотида ишламайдиган фуқаролар ҳам коррупцияга доир муносабатларнинг иштирокчилари бўлиши, пора пул эмас, балки бошқа нарса эвазига маълум хизматни амалга оширишлари мумкин.

Дарҳақиқат, коррупция – илдизлари давлат хизматини ташкил этишдаги нуқсонларга ва давлат хизматчиларининг ўзига хос психологиясига бориб тақаладиган ижтимоий ҳодиса. Бу коррупцияга қарши аввало маъмурий-ҳуқуқий ва ташкилий-бошқарув чора-тадбирлари кўрилиши зарурлигидан дарак беради.

Малакатимиз раҳбари "Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан фуқаролик жамият институтлари назоратини амалга оширишнинг тизимли ва самарали ҳуқуқий механизмини яратишга қаратилган "Ўзбекистон Республикасида жамотчилик назорати тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш фурсати етганлигини таъкидлаб ўтган эди.

Давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан кучли жамоатчилик назоратини амалга ошириш фуқаролик жамиятини барпо этишнинг энг муҳим шартларидан ҳисобланади. Зотан, фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга бефарқ бўлмаслиги ҳамда ҳар бир давлат хизматчисининг ўз фаолиятини жамоатчилик назорати остида эканлигини чуқур ҳис этиб бориши фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашнинг муҳим шартидир. Буни давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, биз давлатнинг назорат функцияларини қанча кучайтирсак, назорат билан шуғулланувчи давлат тузилмалари ва органларини қанча кўпайтирсак, амалдорларнинг зўравонлиги ва коррупция шунча авж олаверади. Шунинг учун биз жамоатчилик назоратини, давлат фаолияти, шу жумладан унинг куч ишлатувчи тузилмалари фаолияти устидан ҳам жамият назоратини ҳар томонлама кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Бу масалада бундан бошқа муқобил йўл йўқ. Шу маънода айтганда, "Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунини қабул қилишнинг аҳамияти беқиёсдир.

Умуман, жамоатчилик назорати фуқаролик жамияти институтлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат ҳокимияти органларига муайян қарорларни қабул қилиш бўйича мурожаат этиш, давлат ҳокимияти органлари ваколатига кирувчи масалалар бўйича сўровларни амалга ошириш, давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллалар ҳудудларидаги корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш каби шаклларда йўлга қўйилгани ўз самарасини бермоқда. Қолаверса, бугунги кунда давлат Дастурлари талабларининг фуқаролар йиғини ҳудудидаги ижросини таъминлашда жамоатчилик гуруҳларини тузиш ва ўрганиш, натижалари бўйича тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳисоботларини эшитиш ва шу орқали аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш, шунингдек, маҳаллий давлат органлари фаолиятига кўмаклашиш тадбирлари самарали олиб борилмоқда. Бу эса, жамоатчилик назоратининг жамиятда ижтимоий адолатнинг қарор топиши, шахс, жамият ва давлат алоқаларида мувозанат, тенглик, ўзаро масъулият ва жавобгарликка хизмат қилувчи асосий омил эканидан далолатдир.

  

Навбаҳор тумани адлия бўлими бошлиғи Э.Файзуллаев

Коррупция – жамият тараққиёти кушандаси
Коррупция – жамият тараққиёти кушандаси
Коррупция – жамият тараққиёти кушандаси
Коррупция – жамият тараққиёти кушандаси

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.