9 февраль-Алишер Навоий таваллуд топган кун, Инсонларнинг яхшиси инсонларга манфаат келтиради

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий бобомиз таваллуди муносабати билан ҳар йили 9-февраль куни юртимизда тантанали ва байрамона кайфиятда нишонланиб келинади. Навоий бобомизнинг ижоди жаҳон адабиёти дурдонасига жавоҳир бўлиб қўшил-ганлиги билан аҳамиятлидир. Шунинг учун ҳам эндиликда Алишер Навоий сиймосини ўрганишга бутун дунё қизиқиш уйғотмоқда. Буни хусусан, Япония, Москва ҳамда Озарбойжон давлатларида улуғ даҳомиз шарафларига ҳайкаллари ўрнатилганлиги мисолида ҳам илғаш қийин эмас.

Ўзбекистонда эса Навоий бобомиз номлари билан юритилувчи боғлар, илм-фан, маданият масканлари ва айниқса, вилоятимизга ҳам буюк мутаффакирнинг номлари берилиши давлатимизнинг, халқимизнинг шоир сиймосига бўлганэҳтиромнинг ёрқин намунасидир.

Алишер Навоий туркий ва форсий тилларда ғазаллар битган. Унинг назмий асарлари 120 минг байтдан ортиқ. 51230 мисрадан ташкил топган. "Хамса” эса шоирнинг шоҳ асаридир. "Хазойин ул-маоний” (Маънолар хазинаси) девони қарийиб 45 минг мисрадан иборат.

Мир Алишер Навоий бутун умрини нафақат ижодга, балки халқ фаровонлиги йўлида бунёдкорлик ҳамда эзгулик ва хайр-саховат ишларига бағишлаган. Бобокалонимиз фақат Ҳиротда эмас, Хуросоннинг барча вилоятларида ҳам кўплаб хайрия уйлари, кўприк ва работлар, ҳовузлар барпо эттиргани тарихдан бизга маълум. Барчамизга яхши аёнки, Навоий ўз даврида замондош шоирлар, олимлар ва санъат аҳлининг моддий ва маънавий кўмакчиси, санъат ва адабиётнинг ҳақиқий ҳомийси бўлганлар.

Шу сабаб шоир: "Инсонларнинг яхшиси инсонларга манфаат келтирганидир” деганлар ва қуйидаги мисрани келтиради:

Халқ аро яхшироқ дединг кимдир,

Эшитиб айла шубҳа рафъандин.

Яхшироқ бил ани улус ароким,

Этса кўпрак улусға нафъандин.

Халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир кишининг инсонийлик бурчидир. Яъни Навоий бобомиз айтганидек:

Одами эрсанг демагил одами,

Они йўқ, халқ ғамидин ғами.

Алишер Навоий умри давомида ўзбек халқи ва маданияти манфаати учун тинмай меҳнат қилди, дурдона асарлар яратди. Бир сўз билан айтганда, юрт равнақи, халқ фаровонлиги йўлида беқиёс ҳисса қўшди. Бу ўз нав-батида, одамларнинг яхшиси деган номга мушарраф бўлиш эмасми ?!

Дарҳақиқат, Президентимиз Ислом Каримов ўзининг "Юксак маънавият-енгилмас куч” асарида Навоий бобомизга шундай таъриф берганлар: "Агар ул зотни авлиё десак, авлиё-ларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларниг султонидир”.

Маълумки, жорий йилимизга муҳтарам Президентимиз томонидан "Соғлом она ва бола йили” дея ном берилди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, соғлом онадан соғлом фарзандлар дунёга келади. Фарзандлари соғлом юрт эса қудратли бўлар. Бундан қарийб олти аср муқаддам Алишер Навоий ҳазратлари ҳам ўз ҳаёти ва ижоди асносида ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратган эди.

Ҳаёт аслида тарих ва бугуннинг, керак бўлса истиқболни боғловчи кўприкдир. Алалхусус, ўсиб келаётган ёш авлодни юксак маънавиятли, ҳар томонлама комил инсонлар этиб тарбиялаш эса тарихдан Навоий бобомиз орзу қилган ёруғ кунлар саодатига асос бўлади.

Бошқача қилиб айтганда, Темур тиғи етмаган жойни Навоий бобомиз қалам билан забт этгани ҳам айни ҳақиқат эмасми...

Камола АБЛАҚУЛОВА.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.