Халқ депутатлари Навбаҳор туман кенгашининг қарори

Туманда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 28 октябрдаги "Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги ПФ-2100-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда Навбаҳор туманида ўтказилаётган тўй-ҳашам, маросим ва унга доир турли оилавий тадбирлар исрофгарчилик ва дабдабабозлик билан ўтказилиши кенг жамоатчиликни ташвишга солаётганлиги, миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни татбиқ этиш буйича Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси депутатлик гуруҳининг ташаббус таклифларини инобатга олиб, Халқ депутатлари Навбаҳор туман Кенгашининг навбатдаги тўққизинчи сессияси

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

 

1. 6-"Чарвоқгузар” сайлов округидан депутат, Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси Навоий вилоят Кенгаши раиси ўринбосари А.Бобомуродованинг "Навбаҳор туманида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

2. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, туман хотин-қизлар қўмитаси (З.Хусенова), туман Маънавият тарғибот бўлими (Ж.Мардонов), "Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси (М.Момиқов), туман "Нуроний” жамғармаси раис (Ш.Азимов), "Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши (З.Холбўтаев), туман ФҲДЁ бўлими (М.Халилова) ва бошқа нодавлат-нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда кенг жамоатчиликнинг тўй-ҳашам, маросим ва оилавий тадбирларни мувофиқлаштирувчи "Жамоатчилик Кенгашлари”ни тузиш таклифи маъқуллансин.

3. Туман ҳокими ўринбосарлари, туман Кенгаши депутатлари ва туман хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, "Нуроний” жамғармаси, "Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши, туман Маънавият тарғибот бўлими, туман ФҲДЁ бўлими, ҚФЙ ва МФЙларига:

"Жамоатчилик Кенгаши”нинг мақсад ва вазифаларини белгилаб, унга ўтказиладиган тўй-ҳашам, маросим, оилавий тадбирлар ва унга доир бошқа тадбирларни ўтиш ҳолати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда тўй ва маросим эгалари билан ихчам, исрофгарчиликсиз ва белгиланган талаблар асосида ўтказиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш;

кенг жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда, тумандаги тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни тартибга солиш ҳамда ихчам ва миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналар асосида ўтказиш бўйича бир ой муддатда таклифларни ишлаб чиқиб, тарғибот орқали жамият ҳаётига татбиқ этиш;

тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар ва маросимларни ўтказиш бўйича жамоатчилик фикрини инобатга олмайдиган фуқароларни маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф қилиш, ушбу масалани маҳалла ва меҳнат жамоасида муҳокама этиш, қаътий таъсир чорасини кўриш ва тушунтириш ишларини ўтказиш тизимини яратиш вазифалари топширилсин.

4. Туман бош имом-хатиби (С.Бобоназаров) ва тумандаги масжид имом хатибларига:

тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ихчам ўтказиш ва тадбирларни дабдабали ўтказиш ўрнига маблағни кам таъминланган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлашга йўналтиришни тарғиб қилиш;

имом-хатиблар тўйлар ва маросимлардаги маърузаларида аҳолини эътиборини ёшлар тарбияси, ота-онанинг масъулияти, жамият ҳаётига хавф солаётган таҳдидларни олдини олиш, тинчлик ва мустақиллик неъматини асраш, шукроналик тўйғусини шакллантириш каби масалаларга қаратиши тавсия этилсин.

5. Кенг жамоатчиликнинг, туманда меҳнат унумдорлигини сақлаш мақсадида жамоатчиликнинг ресторан, ошхона, кафе ва тўйхоналарда иш кунлари тўй ва маросим муносабати билан соат 07.00 дан 08.00 гача ёки 12.00 дан 14.00 гача ош бериш, иш вақтида соат 09.00 дан 12.00 гача ва 14.00 дан 18.00 гача ош бермаслик ҳамда соат 23.00 дан кейин тўй ва базмларни давом эттириш ҳолатларини олдини олиш бўйича таклифлари қўллаб-қувватлансин.

6. Туман Ички ишлар бўлими, туман Давлат солиқ инспекцияси, туман молия бўлими, туман маданият ва спорт ишлари бўлимига:

тўй-ҳашам муносабати билан санъаткорлар ва бадиий жамоаларнинг хизмат кўрсатиш ҳақлари ошириб юборилаётганлигини инобатга олиб, ушбу ҳолатни тартибга солиш ва аниқ меъёр ўрнатиш мақсадида фақат махсус рухсатнома лицензияга эга бўлган санъаткор ва бадиий жамоаларини раққосасиз тўй-ҳашам ва маросимларни ўтказиш;

тўй-ҳашам муносабати билан ёш келин-куёв ва уларни яқинлари ҳудудларда айланиши ва суратга олиш жараёнида фуқаролар ва йўл харакати хавфсизлигига қаътий риоя этиши учун хорижий автоуловлар ўрнига мамлакатимизда ишлаб чиқилган энг замонавий кам чиқимли 3 дона автоуловлардан ошмаган миқдорда фойдаланиш мақсадида тегишли юқори ташкилотлар билан келишган ҳолда бир ой муддатда кўриб чиқилсин ва чора-тадбирлар белгилаш;

барча ресторан, ошхона, кафе ва тўйхоналарда (хонадонларда) тўй ва маросимларда фуқаролар ҳаётига хавф солувчи техникалар, кўргазмалар ва пиротехникадан фойдаланмаслик ҳамда тўйхона атрофида яшовчи аҳолининг тинчини бузилмаслиги учун тўй-ҳашамдан сўнг, шовқинли ҳолатлар бўлмаслигини таъминлаш чорасини кўриш топширилсин.

7. Туман хотин-қизлар қўмитаси, туман ҳунармандлар уюшмаси, "Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши, ҚФЙ ва МФЙ раисларига:

маҳаллий тикувчилар билан биргаликда миллий қадриятларимизга хос бўлган қизлар ва келинлар учун либослар намунасини тайёрлаш, хотин-қизлар ўртасида миллий кийимларни тарғиб этиш, кўргазмалар ташкил этиш ва ҳаётга жорий этиш тавсия этилсин.

8. Тумандаги барча корхона, ташкилот, муассаса ва фуқаролар йиғинлари раислари ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва меҳнат жамоасига етказиш ҳамда жойларда қарорнинг ижросини таъминлаш вазифалари топширилсин.

9. Туман "Навбаҳор тонги” газетаси Б.Умаров қарор эълон қилиниши ва тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни тартибга солиш масалаларини кенг ёритиш топширилсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш ва таъминлаш доимий комиссиялар раислари ва туман ҳокими ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.

11. Ушбу қарор қабул қилинган кундан кучга киради.

 

 

 

Кенгаш раисиА.Нарзиев

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.