Она юртнинг қалби уйғоқ, навқирон фарзандлари

Ватан киндик қонимиз тўкилган муқаддас замин. Ундан бир лаҳза йироқлашсак, соғиниб қолгучи маскан. Ушбу азиз диёрнинг ҳар бир қарич ерини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғи каби асраш, осойишталигини таъминлаш эса ҳақиқий эр йигитлар бурчи.

Бугун эса бу вазифани сидқидилдан адо этиш учун бел боғлаган йигитларимиз сони тобора ортиб бормоқда. Ҳа, ўтган йиллар давомида барча соҳада бўлгани каби Қуролли Кучлар тизимида ҳам кўплаб ислоҳотлар натижасида умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизматнинг нуфузи йилдан-йилга ошиб бораётир. Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш ҳақиқий марду-майдон йигитларимизнинг шарафли вазифасидир.

Она юртнинг қалби уйғоқ, навқирон фарзандлариАйни шу кунларда эса мамлакатимиз бўйлаб гўзал бир айём шукуҳи кезиб юрибди. Бу эса 14 январь-"Ватан ҳимоячилари куни” байрамидир. Туманимизда ҳам ана шу айём муносабати билан турли кечалар, тадбирлар бўлиб ўтди. Туманимиздаги 11-сон Болалар мусиқа ва санъати мактаби залида туман ҳокимлиги ҳамда туман Мудофаа ишлари бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир "Она юртнинг қалби уйғоқ, навқирон фарзандлари” деб номланди. Байрам кечасида тумандаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, туман Мудофаа ишлари бўлимининг ҳарбийлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, уруш ва меҳнат фахрийлари иштирок этишди.

Байрамни туман ҳокими А. Нарзиев кириш сўзи билан очаркан, уруш ва меҳнат фахрийларини, ҳарбийларни, ўз йигитлик бурчини ўтаётган аскар йигитларимизнинг ота-оналарини Қуролли Кучларимиз ташкил топганлигининг 24 йиллиги билан муборакбод этди. Шунингдек, ўтган 24 йил давомида Қуролли Кучларимизда олиб борилган ислоҳотлар, Миллий Армиямиз босиб ўтган шонли йўл ҳақида тўхталиб ўтди ва бугунги кунда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ҳарбий хизматни ўтаётган бешрабодлик оддий аскар Камолиддин Жалиловнинг ота-онасига туман ҳокимлигининг эсдалик совғаларини топширди.

Тадбирда туман Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, майор Жаҳонгир Мусулмонов ҳам сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан табриклади.

Кечада туман Маданият ва спорт ишлари бўлими санъаткорлари томонидан она ватанни мадҳ этувчи адабий-бадиий композиция иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. Айниқса, "Капалак” болалар намунавий рақс дастаси ҳамда 11-сон Болалар мусиқа ва санъати мактаби тарбияланувчилари томонидан она-диёримизни, тинчликни мадҳ этувчи дилрабо куй-қўшиқлар байрам файзига файз киритди.

 

Элёр ЮЛДОШЕВ,

Халқ депутатлари Навбаҳор

туман Кенгаши депутати.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.