Долзарб масалалар муҳокамаси

Туман ҳокимлигининг мажлислар залида Халқ депутатлари туман Кенгашининг тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда туман ҳокими ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, тегишли корхона ва ташкилотлар мутасаддилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди. Уни Кенгаш раиси А. Нарзиев бошқариб борди. Кун тартибидаги биринчи масала бўйича, яъни Навбаҳор туманида 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастурининг ижросини таъминлаш бўйича "Камолот” Ёшлар Ижтимоий Ҳаракати туман Кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи З. Холбўтаевнинг маърузаси тингланди.

Шундан сўнг Навбаҳор тумани бюджетининг 2015 йилдаги ижроси ва 2016 йилги асосий параметрлари тўғрисида туман Молия бўлими бошлиғи И. Ҳомидов ахборот бериб ўтди. Музокаралардан сўнг Навбаҳор туманида "2015 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлаш ҳудудий дастур параметрлари”нинг 12 ойлик ижроси ҳамда 2016 йилги янги иш ўринларини яратиш дастури параметрларини тасдиқлаш юзасидан туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директори Ў. Мавлянов ҳисобот берди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сессияга Ўзбекистон "Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан туманда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги масала киритилган бўлиб, мазкур масала бўйича Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати А.Бобомуродованинг нуқтаи назари муҳокама марказида бўлди. Шунингдек, сессияда туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси З. Ҳусенованинг "Соғлом она ва бола йили” туман дастури лойиҳаси хусусидаги маърузаси тингланди.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўзлари эгаллаган мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилиши, уларни тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш ҳамда ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари раҳбар ва педагог ходимларини дарс ва дарсдан ташқари вақтларида қўшимча вазифаларга жалб қилмаслик масаласи ҳам депутатлар муҳокама марказида бўлди. Сессияда депутатлар томонидан Халқ депутатлари туман Кенгашининг 2016 йилга мўлжалланган Иш режаси ҳам тасдиқлаб олинди.

Ўрни бўшаб қолган 18-"Ўзбекистон” сайлов округига янги сайлов ўтказиш тўғрисидаги масала депутатлар томонидан маъқулланди. Сессияда вилоят Молия бошқармаси бошлиғи Ҳ.Тилавов иштирок этди. Сессия сўнггида кўриб муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бобоқанд УМАРОВ.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.