ИИБ ходимига қаршилик кўрсатган шахс қамалди

Фуқаро Д.Турсунов (исми-шарифи ўзгартирилган) бошқарувида бўлган "Матиз” русумли автомашинасида киракашлик билан шуғулланди.
  "Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 7-бандида, транспорт воситасининг ҳайдовчиси йўл варақаси ва бошқа тегишли ҳужжатларни ёнида олиб юриши ва ИИО ходимлари талаб қилганда текшириш учун тақдим этиши шартлиги белгиланган.
Бироқ, Д.Турсунов қоидаларга амал қилмади, яъни у "Матиз” русумли автомашинани 22.01.2022 йил тахминан соат 1220 лар атрофида йўл варақасиз Навбаҳор тумани ҳудудидан ўтувчи А-379 маҳаллий аҳамиятга эга бўлган автомобиль йўлида бошқариб келиб, мазкур йўлда хизмат олиб бораётган вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходими томонидан тўхтатилиб, автомашинага тегишли бўлган ҳужжатлари текширилиб, автомашинани бошқариш учун тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли автомашинани вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига қўйиши талаб қилинганда, қасддан жанжал кўтариб, қўл ва оёқлари билан ЙПХ инспекторини юз, бош ва бошқа тана аъзоларига бир неча бор уриб, тиббий экспертиза хулосасига кўра енгил тан жароҳати етказиб, ҳокимият вакилини хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга мажбур қилиб, "Матиз” русумли автомашинани бошқариб, воқеа жойидан яширинган.
  Тергов органи томонидан Д.Турсуновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши, жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.
Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг 2022 йил 6 майдаги ҳукмига асосан, Д.Турсунов Ўзбекистон Республикаси ЖК 219-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва уни содир этган жиноятининг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг моддий аҳволи ва имкониятини, кечирим сўраб, айбига пушаймонлик билдирганлиги, айбига иқрорлигини енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида эътироф этилиб ҳамда инсонпарварлик ва одиллик принциплари талабларидан келиб чиқиб, Д.Турсуновга нисбатан ЖКнинг 
57-моддасини қўлланиб 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Авазжон Ибодов
Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.