Мулк ижараси билан боғлиқ ишларнинг ўзига хос хусусиятлари

Ҳозирги бозор муносабатлари шароитида мулк ижараси билан боғлиқ муносабатлар тобора ривожланиб, унинг кўлами янада кенгайиб бормоқда. Эндиликда ижара, ижрачи ва ижарага берувчи деган сўзлар ва тушунчалар жамиятда кенг қўлланилмоқда, чунки ижара ҳаётнинг ҳамма соҳаларига чуқур кириб бормоқда.

Мамлакатимизда ижара муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси, Ўзбекистон Республикасининг "Ижара тўғрисида”ги қонуни шунингдек, бошқа қонун ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади.  

Ижара бу мулк эгасининг ишлаб чиқариш воситалари ва бошқа буюмларини муайян тўловлар эвазига вақтинча фойдаланиш учун бошқа бировга ўзаро келишувга мувофиқ топширишидир. Мулк эгаси (ижарага берувчи) ўз мулкини бошқа бировга (ижарачига) вақтинча эгалик қилиш ёки фойдаланиш учун беради.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 535-моддасига асосан, мулк ижараси шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади.

Ижара муносабатларида ижарага берувчи ижарага олинган мулкларнинг мулкдори бўлиб қолаверади. Ижарачи эса шартномада кўрсатилган муддат давомида мулкдорнинг баъзи ҳуқуқларини олади ва бунинг учун ижара ҳақини тўлайди. Шу билан бирга, ижарачи ижара фаолияти давомида ишлаб чиқариш воситларининг вақтинча эгаси, олинган маҳсулот ва даромадларнинг мустақил эгаси ҳисобланади яъни, ижарага олувчи ижарага олинган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида оладиган маҳсулот, мева ва бошқа даромадлар унинг мулки ҳисобланади.

Мулк ижараси шартномасининг қуйидаги ҳуқуқий белгилари мавжуд биринчидан, мулк ижараси шартномаси тузилиш пайти ва мазмунига қараб консесуал характерни ифода этади. Чунки шартнома тарафлар ўртасида келишувга эришилган ва қонун талаб қилган шаклда расмийлаштирилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади, иккинчидан, мулк ижараси шартномаси ҳамма вақт ҳақ эвазига тузилади, учинчидан мулк ижараси шартномаси тарафлар ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг ўзаро тақсимланишига қараб, икки томонлама шартномадир. Бунда ижарага берувчида ҳам ижарага олувчида ҳам ҳуқуқ ва мажбуриятлар мавжуд бўлади. Мулк ижараси шартномасида мулк ҳуқуқининг мулкни эгаллаш ва фойдаланиш ёки фақат мулкдан фойдаланиш элементларигина ижарага берувчидан ижарага олувчига ўтади. Мулкни тасарруф этиш ҳуқуқи ҳар доим мулкдор қўлида сақланиб қолади.

Мулк ижарасининг объекти, яъни предмети шартноманинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Ер участкалари, ер ости бойликлари жойлашган участкалар ва бошқа алоҳида табиий объектлар, корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, бинолар, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари ва фойдаланиш жараёнида ўзининг табиий хусусиятларини йўқотмайдиган бошқа ашёлар (истеъмол қилинмайдиган ашёлар) мулк ижарасига берилиши мумкин.

Қонунда мулк ижараси шартномасининг шаклига алоҳида аҳамият берилган. Агар мулк ижараси шартномаси бир йилдан ортиқ муддатга тузилиши мўлжалланган бўлса, тарафлардан биронтаси юридик шахс бўлган ҳолларда эса, муддатидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт. Кўчмас мулк ижараси шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Мулк ижараси шартномаси тарафлар келишуви билан белгиланадиган муайян муддатга тузилади. Агар мулк ижарасининг муддати шартномада белгиланмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга тузилган ҳисобланади. Бунда тарафлардан ҳар бири бошқа тарафни бир ой олдин, кўчмас мулк ижарасида эса уч ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб, истаган пайтда шартномадан воз кечиши мумкин.

Ижара муносабатларида тарафларнинг жавобгарлиги қонун ёки шартнома билан белгиланади. Ўзбекистон Республикаси "Ижара тўғрисида”ги қонунининг 32-моддасига асосан, ижара муносабатлари субъектлари шартнома тузиш тартиби ва шартларини бузишда, шартнома мажбуриятларини бажармасликда, шартномани бир томонлама ўзгартиришда ёки бекор қилишда, шартномани ўзгартириш ва тўхтатиш тартиби ҳамда шартларини бузишда айбдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар, давлат идораларининг мансабдор шахслари қонунчиликда белгиланган жавобгарликка тортиладилар.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 541-моддасининг
3-4-қисмларида ижарага олувчига ижара мол-мулкини тўлиқ ва ўз вақтида топширмаганлик учун ижарага берувчининг жавобгарлиги белгиланган. Унга кўра,

гарда шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мол-мулк барча мансуб ашёлари ва унга алоқадор ҳужжатлар (техник паспорт, сифат сертификати ва ҳоказолар) билан бирга ижарага топширилади. Агарда бундай мансуб ашёлар ва ҳужжатлар топширилган бўлмаса ва уларсиз ижарага олувчи мол-мулкдан унинг ўз вазифаси бўйича фойдалана олмаса ёхуд шартнома тузиш пайтида мўлжаллашга ҳақли бўлган анча нарсасидан маҳрум бўлса, у ижарага берувчидан бундай мансуб ашёлар ва ҳужжатларни топширишни ёхуд шартномани бекор қилишни, шунингдек зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли;

- агар ижарага берувчи ижарага олувчига ижарага берилган мол-мулкни шартномада кўрсатилган муддатда, башарти шартномада бундай муддат кўрсатилган бўлмаса, оқилона муддатда топширмаган бўлса, ижарага олувчи ушбу Кодекснинг 331-моддасига мувофиқ бу мол-мулкни ундан талаб қилиб олиш ва ижронинг кечикканлиги туфайли етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ёки шартномани бекор қилиш ва унинг бажарилмаганлиги сабабли етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

 

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси   Шерали Хамидов

Мулк ижараси билан боғлиқ ишларнинг ўзига хос хусусиятлари

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.