ЎЗБЕКИСТОНДА МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ВА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК

Маълумки Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистон ҳудуди қадим асрлардан турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи, бир-бирига ўхшаш бўлмаган бир неча халқлар яшаган ўлкадир. Ўзбекистоннинг жўғрофий нуқтаи назаридан муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани, кўплаб давлатлар билан иқтисодий алоқалар қилгани турли халқларнинг диний ва маънавий ҳаётига, шунингдек, Мовароуннаҳрдаги урф-одатлар ҳам ўзга юртлар маданияти ривожига салмоқли таъсир кўрсатган. Бу эса ўзига хос миллатлараро ҳам жиҳатлик ва диний бағрикенгликни шакллантиришдаги асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилган.

Бу ҳақда биринчи Президентимиз ўзларининг «Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари» асарида: «Минг йиллар мобайнида Марказий Осиё ғоят хилма-хил динлар, маданиятлар ва турмуш тарзлари туташган ва тинч-тотув яшаган марказ бўлиб келди», деб қайд этганлари ҳам бежиз эмас. Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон заминида қадим замондан ислом дини билан бошқа динлар ёнма-ён яшаб, ривожланиб ва бу жамиятнинг маънавий юксалишига муайян ҳисса қўшди.
Ҳозирги кунга келиб, республикамизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Турли миллат ва элат вакиллари учун эса бир қанча миллий-маданият марказлари фаолият юргазиб келмоқда. Жумладан, Тошкент вилоятида Ангрен шаҳар рус миллий-маданият маркази, Олмалиқ шаҳар украин миллий-маданият маркази, Оққўрғон тумани корейс миллий-маданият маркази, Вилоят қозоқ миллий-маданият маркази, Янгийўл шаҳар татар миллий-маданият маркази кабилардир.
Ўзбекистонда барча диний ташкилотларга қонун доирасида тенг шароит яратиб берилган. Уларнинг қонунга мос истаклари рўёбга чиқарилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда бугунги кунда мусулмонлар учун 2000 дан зиёд масжид ва 10 та ўқув юртлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Тошкент вилояти ҳудудида эса 200 ортиқ масжид расмий рўйхатдан ўтган.
Илмий манбалар Ўзбекистон — илк диний қараш ва тасаввурлар юзага келган энг қадимий ўлкалардан бири эканидан далолат беради. Ўлкамизда қадим замонларданоқ зардуштийлик, будизм, яҳудийлик, насронийлик каби мураккаб идеологик тизимга эга бўлган динлар тинч-тотув фаолият олиб борганлар.
Марказий Осиёга кириб келган ислом ва маҳаллий динларнинг, уларга хос қадрият ва одатларнинг қоришиши юз берди. Марказий Осиё халқлари ислом динига маҳаллий диний ахлоқ ғоялари, ҳуқуқий меъёрлар ва урф-одатларни олиб кирдилар. Президентимиз И. Каримов бу хусусида шундай деганлар:
«Халқимизнинг этник, маданий ва диний сабр-бардоши маънавий уйғонишнинг яна бир битмас-туганмас манбаидир. Минг йиллар мобайнида Марказий Осиё ғоят хилма-хил динлар, маданиятлар ва турмуш тарзлари туташган, тинч-тотув яшаган марказ бўлиб келди. этник сабр-тоқат, бағрикенглик ҳаёт бўронларидан омон қолиш ва ривожланиш учун зарур табиий меъёрларга айланди. Ҳатто бу ҳудудларни босиб олганлар ҳам Марказий Осиё халқларининг маданияти олдида бош эгибгина қолмай, унинг энг қимматбаҳо анъаналарини, шу ҳудудда мавжуд бўлган давлатчилик анъаналарини авайлаб қабул қилганлар.
Бағрикенглик тушунчаси
1. Бағрикенглик— бизнинг дунёмиздаги турли бой маданиятларни, ўзини ифодалашнинг ва инсоннинг алоҳидалигини намоён қилишнинг хилма-хил усулларини ҳурмат қилиш, қабул қилиш ва тўғри тушунишни англатади. Уни билим, самимият, очиқ мулоқот ҳамда ҳур фикр, виждон ва эътиқод вужудга келтиради. Бағрикенглик турли-туманликдаги бирликдир. Бу фақат маънавий бурчгина эмас, балки сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж ҳамдир. Бағрикенглик тинчликка эришишни мушарраф қилгувчи ва уруш маданиятсизлигидан тинчлик маданиятига элтувчидир.
2. Бағрикенглик ён бериш, андиша ёки хушомад эмас. Бағрикенглик энг аввало инсоннинг универсал ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тан олиш асосида шаклланган фаол муносабатдир. Ҳар қандай вазиятда ҳам бағрикенглик ана шу асосий қадриятларга тажовузларнинг баҳонаси бўлиб хизмат қилмайди. Бағрикенгликни алоҳида шахслар, гуруҳлар ва давлатлар намоён қилиши лозим.
3. Бағрикенглик инсон ҳуқуқуларини қарор топтириш, плюрализм (шу жумладан, маданий плюрализм), демократия ,ва ҳуқуқнинг тантанаси учун кўмаклашиш мажбуриятидир. Бағрикенглик ақида бозликдан, ҳақиқатни мутлақлаштиришдан воз кечишни англатувчи ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда ўрнатилган қоидаларни тасдиқловчи тушунчадир.
4. Бағрикенгликни намоён қилиш инсон ҳуқуқларига эҳтиром билан ҳамоҳанг, у ижтимоий адолатсизликка нисбатан сабр-тоқатли муносабатда бўлишни, ўз имон-эътиқодидан воз кечиш ёхуд бошқаларнинг эътиқодига ён беришни англатмайди. У шуни англатадики, ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркиндир ва ҳар ким бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканлигини тан олмоғи лозим. У яна шуни англатадики, одамлар ўз табиатига кўра ташқи кўриниши, қиёфаси, ўзини тутиши, нутқи, хулқи ва қадриятлари жиҳатидан фарқланиши эътирофга лойиқлиги баробарида, улар дунёда яшашга ва ўзларининг ана шу индивидуаллигини сақлаб қолишга ҳақлидирлар. У яна шуни англатадики, бир кишининг қарашлари бошқаларга мажбуран сингдирилиши мумкин эмас.
Темиров Салим Навбаҳор туман "Ғойиб Ота" жомеъ масжиди имом хатиби
ЎЗБЕКИСТОНДА МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ВА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.