НАВБАҲОР ТУМАН ҲОКИМИ ОБЛАҚУЛОВ ЛОЧИН НУРҚУЛОВИЧНИНГ 8-МАРТ ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

                                                          
Ассалому алайкум, муҳтарама онахонлар! Мунис опа-сингиллар! 
Аввало, сизларни, бутун туманимиз хотин-қизларини гўзаллик ва нафосат айёми – 8 март байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Барчангизга ўзимнинг энг эзгу ва самимий тилакларимни билдириб, доимо оилангиз ва яқинларингиз, эл-юртимиз ардоғида бўлиш бахтини тилайман.
Ер юзида онгли ҳаёт пайдо бўлибдики, одамзот муқаддас Она сиймосини, аёл зотини улуғлаб, шарафлаб келади.
Оналаримиз шарофати билан Ватанимиз тупроғи жаннат боғларидек гўзал ва мўътабардир. Оналар дуосидан юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ишимизда унум, ҳаётимизда барака бор.
Маълумки, муқаддас Қуръони каримнинг энг катта сураларидан бири – "Нисо”, яъни, "Аёллар” деб аталади. Аллоҳ таоло ушбу сурада инсонларни аёлларга адолатли муносабатда бўлишга даъват этади ва бу илоҳий сўзлар замирида албатта теран ҳикмат мужассам.
Бир ҳақиқат аёнки, ҳар қандай халқнинг маънавий даражасини аввало шу юрт аёлларининг маънавий савияси белгилайди.
Буюк сиймоларнинг ҳаётига назар ташласак, уларнинг шахс сифатида камол топишида меҳрибон оналари, доно рафиқалари ғоят муҳим роль ўйнагани аён бўлади.
Бугун сиз, азизларнинг чеҳрангизда хурсандчилик, шукроналик ифодасини кўриб, ана шундай ишларимиз натижасини оз бўлса-да, ҳис этмоқдамиз. 
Ҳаётимизнинг файзу фариштаси бўлган мунис оналаримиз, меҳрибон опа-сингилларимизга муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, уларни рози қилиш – барча даражадаги раҳбарларнинг нафақат хизмат вазифаси, балки, энг аввало, инсоний бурчидир.
Азиз опа-сингиллар!
Ушбу шукуҳли айёмда бутун туманимиз дилидаги эзгу тилакларни мужассам қилиб, айтмоқчиман: янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги фидокорона меҳнатингиз учун Сизлардан чексиз миннатдормиз.
Ақл-заковатингиз, меҳр-оқибатингиз, сабру қаноатингиз билан барчамизга ибрат бўлиб, гўзал юртимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлашга беқиёс ҳисса қўшиб келаётганингиз учун Сизларга минг бора ташаккур.
Сизларни гўзал байрамингиз билан яна бир марта табриклаб, барчангизга тинчлик-хотиржамлик, мустаҳкам саломатлик тилайман.
Дунёдаги энг улуғ саодат – оилавий бахт Сизларга доимо ёр бўлсин!
НАВБАҲОР ТУМАН ҲОКИМИ ОБЛАҚУЛОВ ЛОЧИН НУРҚУЛОВИЧНИНГ 8-МАРТ ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.