XVIII асрда Сохта Салафийларнинг найранглари ислом тарихчилари нигохида.

  Муҳаммад Абдуваҳҳобнинг акаси Сулаймон узоқ вақт укасининг ғоясига қарши бўлиб юрди. Ҳижоз тарихчиси Ибн Зайни Даҳлан шундай ёзади: «Бир куни Сулаймон укаси Муҳаммаддан «Исломда нечта аркон бор?» деб сўрайди. Укаси бешта деб жавоб қайтаради. Шунда Сулаймон «Йўқ, сен олтинчисини яратдинг, чунки «Ким менга эргашмаса мусулмон эмас» деб эълон қилдинг», деди». Кўриниб турибдики, улар ўз фанатизми йўлида ҳатто қариндош-уруғларини, яқинларини ҳам аяшмаган. Айни пайтда ўзига қўшилмаган мусулмонлардан кўра яҳудий ва христианларга юмшоқроқ муомала қилишган. Озгина солиқ эвазига уларга уйларида ибодат қилишга рухсат беришган. Ваҳҳобийлар қаерга ҳужум қилиб, у ерни босиб олса, қабристонлардаги мақбара ва ёдгорликларни бузиб ташлашди, эгаллаган жойларида ўз таълимотларини, ғалабаларини мустаҳкамлашди, натижада катта тарихий аҳамиятга эга бўлган кўплаб қимматли ёдгорликлар йўқ бўлиб кетди. Бундан ташқари, ваҳҳобийлар ўз ғояларига тўғри келмаган кўплаб уламоларнинг китобларини ёқиб юборишди.

Ваҳҳобийлик ғоясидаги фанатизм ашаддий, чидаб бўлмайдиган даражага етди. Улар ўзининг асосий душмани деб ҳисоблайдиган ғайридин ва мушрикларга ўта шафқатсиз муносабатда бўлишди. Ҳаддан ошган бу фанатизм ваҳҳобийларни жипслаштирар, тартиб-интизомга туширар ва ҳарбий жасоратга ундарди. Шу тариқа ваҳҳобий бўлмаганларга қарши муқаддас уруш эълон қилиш учун ғоявий замин яратилди. Бунинг учун мамлакатда сиёсий вазият ҳам етилган эди. XVII асрнинг бошларида Нажд воҳасининг амирлиги Сауд ибн Муҳаммад ибн Микрин (Саудийлар сулоласи асосчиси) қўлига ўтди. У 1725 йил вафот этди. Ўзаро урушлар натижасида унинг ўғли Муҳаммад ибн Сауд амир бўлиб қолиб, қўшни қабилаларга қарши талончилик урушларини олиб борди. Амир Муҳаммад 1747 йилда ваҳҳобийлар ақидасини тан олиб, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобга мурид бўлди ва кўп ўтмай оддий босқинчидан «дин софлиги учун курашчи»га айланди. Шундай қилиб, ваҳҳобийлик таълимоти ғайридин ва мушрикларга қарши муқаддас уруш ғоясига, ҳарбий экспансия ва босқинчилик урушлари мафкурасига айланди. 1740 йилда Ибн Сауднинг маслаҳати билан Муҳаммад Абдуваҳҳоб ҳаж пайти Маккага бориб, бутун дунёдан йиғилган ҳожилар ҳузурида ўзини танитиб, ваъз айтади, ўз таълимотларини шарҳлайди. Худди шу йили Муҳаммад ибн Сауд Нажд ўлкасини давлат деб эълон қилади ва бу давлатда ваҳҳобийликнинг етакчи диний оқим сифатида расмийлаштиради. Янги диний оқим бадавийлар ўртасида кенг тарқала бошлайди. Зеро, ваҳҳобийлар одамларни тенглик, биродарликка чорлар, маиший ҳаётдаги дабдабаю асъасага чек қўйишни талаб қилар, бу ғоялар эса оддий саводсиз халқ онгига яхши сингарди.

Ваҳҳобийлик босқинчилик урушлари байроғи бўлса-да, Арабистонни саудийлар бошчилигида бирлаштириш учун мафкуравий асос бўлиб хизмат қилди. Айниқса, арабларни Исломнинг яшил байроғи остида бирлаштириш ғояси ўша пайтда араб ерларида ҳукмронлик қилаётган Туркияга қарши қаратилган эди.

Ваҳҳобийлар байрамлар ва унга боғлиқ маросимларни, муқаддас зиёратгоҳларни, авлиёларни инкор қилишди, ўзларига ёқмаган маҳаллий руҳонийларни қувғин қилишди, эгаллаган жойларидаги авлиёларнинг қабрларини бузишди. Ваҳҳобийлар Макка ва Мадинага, ҳатто Пайғамбар алайҳиссаломнинг қабрини зиёрат қилишга боришни тақиқлаб қўйишди (ҳаждан ташқари). Буларнинг ҳаммаси ҳанафий мазҳабига, турк ҳукмронлигига қарши қаратилган эди.

Шу тариқа Марказий Нажд ваҳҳобийлик байроғи остида бирлаштирилди ва 60-йилларда қўшни вилоятларга ҳужум уюштирилиб, 1773 йиллари Риёз шаҳри эгалланди. Кўп ўтмай, бутун Марказий Арабистон ушбу таълимот таъсири остида бирлашди.

Манба: Меҳроб.уз

Абул Ҳасан Харақоний жомеъ масжиди имом хатиби Ф.Тошев.

XVIII асрда Сохта Салафийларнинг найранглари  ислом тарихчилари нигохида.



Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.