ЖАМИЯТ РАВНАҚИНИНГ НЕГИЗИ ИЛМ

 

   

Роббимизга юзининг улуғлиги, ҳамда куч қудратига лойиқ ҳамду санолар бўлсин. У бизларни яратиб ва яна маънавий ҳаётимизни тўғри йўлга солиб, ўз таълимони бизларга нозил қилди. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

 "...Албатта, Аллоҳ бирор қавм ўзларидаги нарсани (неъматларга нисбатан муносабатни)ўзгартирмагунларича, улардаги нарсани (ҳолатни ёмон ҳолатга)ўзгартирмас...” (Раъд сураси 11-оят)

      Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда ҳам кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан жиддийроқ шуғулланишга ундайди. Ваҳоланки, тарихда мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим этганлар. Кашфиётларнинг кўпи аниқ фанларга тўғри келган, яъни математика, геометрия, астрономия, физика, кимё ҳамда тиббиёт фанлари ривожланган.

      Динимизда илмни диний ва дунёвийга ажритилмайди. Ота-боболаримиз бу қоидага амал қилганларидан уларнинг ичидан Абу Райҳон Беруний,  Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Ибн Сино ва Улуғбек каби қомусий олимлар етишиб чиққан. Улар ҳам диний, ҳам дунёвий илмларда пешқадам бўлганлар. Авлодларимиз ҳам биздан фахрланишлари учун бугун, ўзимиз ва фарзандларимизни илм олишлари ва шу орқали жамиятимизни пешқадам сафларга олиб чиқиши учун ҳаракат қилишимиз – ҳам фарзимиз, ҳам қарзимиз, ҳам бурчимиздир!

Сиз-у бизга таниш бўлган жадидчи олимларимиздан Мунаввар Қори Абдурашидхонов ўзини "Мен сендамен” асарларида қуйидаги таъсирчан жумлаларни келтирганлар: "Оврупо халқи осмонға учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овруполилар денгиз остида сузар экан, бизда узун-қисқа кийим жанжаллари, Оврупо шаҳарлари бутун электрик билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва табиёт ўқитиш, ўқитмаслик ихтилофлари... давом этади”.

Орадан бир аср ўтган бўлса-да, бу жумлаларнинг аҳамияти мутлақо ўзгармаган.

Киши ўзидаги жоҳилликни кетказиш мақсадида илм излаши учун албатта ёш бўлиши шарт эмас, балки қайси ёшда бўлишидан қатъий назар, имкон бўлиши билан илмли бўлишга ҳаракат қилиш керак. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

      "Кимнинг ажали илм талаб қилаётган вақтида етиб қолса, Аллоҳ таолонинг ҳузурида у билан пайғамбарлар ўртасини фақат пайғамбарлик даражасигина ажратиб туради” (Имом Табароний ривоятлари).

Таъкидлаш жоизки, Давлатимиз Раҳбарининг шахсан ўзлари ёшларимизни илм-маърифатга тарғиб қилишни кучайтириш доирасида уларни кўпроқ китоб ўқишга жалб қилиш юзасидан салмоқли ишларни амалга оширмоқдалар. Аммо биз, ота-оналар, мазкур масалада қанчалик эътиборлимиз? Охирги марта ўғил-қизларимизга қандай китоб олиб берганимизни ёки шахсий ибрат кўрсатиб, бирорта адабиёт мутлоаа қилганимизни эслай оламизми? Ваҳоланки, телефон, кийим-бошни "модадан қолди” ёки "модели эскирди” деб, ой сайин янгилаб беришга маблағ топамиз.

      Ёки фарзандларимизни қўшимча тўгарак ёки репетиторга йўналтириш масаласига қандай қарамоқдамиз? Мазкур ишга "қиммат” деб маблағ ишлатишни аяймиз. Бироқ, ушбу маблағ фарзандларимизнинг келажаги учун сармоя экани, уларга олиб бераётган автомобил ёки бошқа ашёдан кўпроқ фойда келтиришини ўйлаб кўрайлик. Мажозий маънода айтганда, фарзандларимизга "балиқ” эмас, "қармоқ” олиб берайлик.

Ҳар қандай жамиятнинг олимлари, зиёлилари, айниқса, ота-оналар миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслиги, ахлоқи бузилмаслиги, сохта ва бузғунчи эътиқодлар ва маданиятлар таъсирига тушиб қолмаслигига масъулдирлар. Фарзандларимизга мактабга бориб таълим олиш ҳам ибодат эканини етказишимиз керак. Ёшларнинг мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришларига алоҳида эътибор қаратиш – ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятидир. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмасликнинг оқибати аянчли бўлади. Аллоҳ асрасин!

Болаларимизни ёшлигидан ўзи қизиққан соҳага мақсадли йўналтириб, режали ва тизимли таълим олишига масъулмиз. Зарурий илмларни олиш нафл ибодатдан устун туради. Ҳозирда мактабларда ҳар бир бола билиши зарур бўлган, асосий билим ва кўникмалар ўргатилади. Мажбурий таълимдан кейин бу билимларни ҳеч ким текинга ўргатмайди.

       Дарҳақиқат, имон ва гўзал хулқ билан пайваста бўлган илм инсонни бахтиёр қилади, мартабасини баландга кўтаради. Илм ҳосил қилишдан мақсад кўркам ва эзгу ишларни амалга оширишдир. Бандасининг қилаётган амалларидан эса Аллоҳ таоло хабардордир!

Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Худди илм олиш фарз бўлгани каби, касбу ҳунар ўрганиш ҳам – фарздир”. Ҳакимлар илм-ҳунарсиз кишини "қанотсиз қуш” деб номлаганлар.

Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу Кумайлга: "Илм молдан яхшидир, у сени муҳофаза қилади, молни эса сен қўриқлайсан. Илм – ҳоким, мол – маҳкумдир. Мол нафақа қилиш билан камайса, илм зиёда бўлади”, деганлар.

Шундай экан, муҳтарам ота-оналарга фарзандлари тарбияси ва таълимига жиддий аҳамият беришга, уларни ҳар вақт назорат қилиш, мактабдан сўнг албатта бирон-бир машғулот билан шуғулланиш, спорт, уй юмушлари, томорқа ишлари каби жисмоний ишларга жалб қилишлари зарур эканлигини таъкидлаймиз.

 

(манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси маърузалар тўплами.)

"Хон Хўжа Эшон Бобо” жомеъ масжиди имом хатиби:     Ибрагимов Қодир.

ЖАМИЯТ РАВНАҚИНИНГ НЕГИЗИ ИЛМ
ЖАМИЯТ РАВНАҚИНИНГ НЕГИЗИ ИЛМ

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.