РАМАЗОНИ ШАРИФ МУБОРАК!

Ўлкамизга ойларнинг сарвари ва саййиди Аллоҳнинг муборак китоби Қуръони карим нозил бўлган ой Рамазон ташриф буюрди. Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойи охирида бизларга хутба қилдилар: Эй инсонлар! Буюк, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Бу ой сабр ойи саналади. Сабрнинг савоби жаннатдир. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда ўшанча ажр бўлади”, дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, бизларнинг ҳар биримиз рўзадорни таомлантирадиган нарса топа олмаймиз-ку”, дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилган кишига ҳам беради, ким рўзадорни тўйдирса, Аллоҳ таоло уни менинг ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунига қадар чанқамайди. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир. Ким қўл остидагига енгиллик қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади ва уни дўзахдан озод қилади”-дедилар. Бошқа бир ҳадиси шарифда: "Кимки рамазон рўзасини имон эътиқод ва Аллоҳдан савоб умид қилиб тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” деганлар.

Қулоқнинг рўзаси-уни ғийбат, чақимчилик, бўлар-бўлмас, беҳуда сўзлардан, айниқса, инсоннинг қалбида тиконли атиргул ўсишига, натижада иймонига путур етказишга сабаб бўладиган, инсон ўзлигини йўқотиб, шаҳватни қўзғатадиган, кўплаб ёшларни ўз гирдобига тортаётган (оммавий маданият кўринишида мусиқалар, гот, имо каби кўринишдаги тадбирлар) динимиз ва миллатимизга ёт бўлган кўринишлардан сақлашдир. Буларнинг ўрнига кўпроқ яхши сўзлар, одоб аҳлоққа тарғиб қиладиган ўгитлар, кекса отахонларимизнинг насиҳатларига қулоқ солиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Оёқнинг рўзаси-уни ҳаром жойларга боришдан сақлаш. Номаъқул дўстлар билан вақтларимизни беҳудага ўтказишга сабаб бўладиган, умримизни зое қиладиган ўтириш, йиғилишларга боришдан сақланмоқдир. Чунки биз ўтказаётган барча вақтларимиз ҳақида қиёмат кунида сўраламиз.

Қўлнинг рўзаси-уни зўравонлик қилиб бирор кишига зулм қилишдан, ҳаром нарсаларга узатишдан, судхўрлик, порахўрликдан, бировнинг молини ноҳақ ейишдан, омонатга хиёнат қилишдан сақламоқдир. Шунинг учун инсонлар бу ойда тинчлик-хотиржамликни қадрига етиб, оилаларда, маҳаллаларда ўзаро меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаб, ёшларнинг таълим-тарбияси бўйича ишларни янада кўчайтириш, ёшларга алоҳида эътибор бериш, эзгу ва гўзал анъаналаримиз поклик, саховат ва меҳр-шафқат, қаноат ҳамда шукроналик каби фазилатлар билан яшашликни асосий шиорларимиздан қилиб яшамоғимиз лозимдир. Аллоҳ таоло барчаларимизни кириб келаётган рамазон ойини ўзи рози бўлгандай ўтказишимизга муваффақ қилсин!

Сайдулло БОБОНАЗАРОВ,

туман бош имом хатиби

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.