Навбаҳор туман ҳокими Л.Н.Облақуловнинг 1 октябрь - “Устоз ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами муносабати билан байрам

Навбаҳор туман ҳокими Л.Н.Облақуловнинг 1 октябрь - "Устоз ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами муносабати билан байрам

ТАБРИГИ

Ассалому алайкум муҳтарам устоз ва мураббийлар!
Жонажон юртимиз узра мустақиллигимизнинг 30 йиллик тантаналари шукуҳи кезиб юрган ушбу кунларда барчамизнинг қалбимизга нур бағишлаб, билим ва тафаккур ёлқинларини ёққан, шарафли касб эгаси бўлган, Сиз азизларни 1 октябрь - "Устоз ва мураббийлар куни” байрами муносабати билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ўқитувчилар эса ҳаётимиз чароғбонларидир. Ким бўлмайлик, қайси соҳада фаолият юритмайлик, барчамизга муаллимлар таълим ва тарбия беришган.
Халқимизда "Устоз отангдек улуғ", деган сўз бор. Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, касбидан эъзоз топса, унинг қалбида устозларига, биринчи ўқитувчисига бўлган ҳурмат абадий муҳрланади.
Шунинг учун ҳам Сизлардан таълим ва тарбия олган, ўзини олдингизда умрбод қарздор деб ҳис этадиган барча инсонлар номидан Сизларга ҳар қанча миннатдорчилик билдирсак шунча оз. Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг "Сизларнинг ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматларингизни барча ота-оналар, жамоатчилигимиз, бутун халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди", — деган сўзлари фикримизнинг яққол тасдиғидир.
Биз шу қутлуғ айёмни кенг нишонлар эканмиз, Сизларнинг ёш авлодга билим беришдек машаққатли, аммо шарафли меҳнатингиз учун барчамиз самимий миннатдорчилик билдиришни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз деб биламиз.
Қадрли устозлар!
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришилди. Бу мамлакатимизнинг барча ҳудудларида яққол кўзга ташланмоқда. Хусусан, республикамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ўз ўрнига эга бўлган бизнинг вилоятимизда ҳамда туманимизда ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганлиги қувонарлидир.
Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги даврига Учинчи Ренессанс Янги Ўзбекистон барпо этишга қадам қўйган ҳозирги кунда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар, ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Ана шу ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши аввало илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан, бу борада бизнинг дунё миқёсида рақобатдош бўла олишимиз билан узвий боғлиқ, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
Айни вақтда бевосита Президентимиз раҳбарликларида барпо этилаётган кўплаб таълим масканларини замонавий талаблар асосида жиҳозлаш, ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, интернет тизимини кенг жорий қилиш, ўқув машғулот ва лабаратория хоналарини ташкил этиш, дарслик ва қўлланмаларнинг янги авлодини яратиш, малакали педагог ва мураббий кадрлар тайёрлаш учун қанчадан-қанча меҳнат, куч ва маблағ сарфланаётганлиги барчамизга кундек равшан.
Юқоридаги сўзларнинг яққол мисоли сифатида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда туманимизда ҳам таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз натижасини кўрсатмоқда.
Жумладан, 2020-2021 ўқув йилида таълим сифатини оширишга қўшган ҳиссаси учун 1 нафар ўқитувчи "Таълим фидойиси”, 5 нафар ўқитувчи "Халқ таълими аълочиси” медали билан тақдирланди.
Шу билан бирга туманимизда олий тоифали педагогларимиз 68 нафарга ҳамда 1-тоифали ўқитувчиларимиз сони 96 нафарга ошди.
2020-2021 ўқув йилида 1346 нафар 11-синф битирувчиларидан 1 нафари кумуш ва 19 нафари олтин медал билан умумтаълим мактабларини битирди.
2019-2020 ўқув йилидаги 11-синф битирувчилари олий таълимга ўқишга кириши 26% (фоиз)ни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич умумтаълим муассасалари битирувчиларига яратилган имкониятларнинг самараси ўлароқ 2020-2021 ўқув йилидаги битирувчиларимизнинг 76 % (фоизи) олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
Биргина 2021 йилни ўтган 9 ойини сарҳисоб қиладиган бўлсак, қарийб 8 млрд сўм маблағ эвазига 30 та мактабимизда, "Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида 2 та мактабимизда, "Инвестиция” дастури доирасида 1 та мактабимизда қурилиш-таъмирлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Ҳурматли устозлар!
Бундан кейин ҳам фарзандларимизга замонавий илм-фан ва касб-ҳунар сирларини ўргатиш, юксак инсоний туйғу ва фазилатларни сингдириш, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида бор куч-ғайратингиз, билим ва маҳоратингизни аямасдан астойдил хизмат қилишингизга ишонамиз.
Сиз борсизки, ҳаётимиз нурафшон, эртанги кунимиз — фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ. Ўзбекистон фарзандлари чеҳрасидаги нур — бу тинчликнинг нуридир. Озод диёримиз, Янги Ўзбекистонимиздаги ана шу осуда, фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин.
Сиз азизларни ва туманимиздаги барча ўқитувчи-мураббийларга Ватанимизнинг бугунги равнақи, эртанги истиқболи йўлидаги масъулиятли ва машаққатли меҳнатингиз учун туман аҳли номидан ва ўз номимдан яна бир бор самимий миннатдорчилик билдираман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!
Байрамингиз яна бир бор муборак бўлсин азиз устозлар!
Навбаҳор туман ҳокими Л.Н.Облақуловнинг 1 октябрь - “Устоз ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами муносабати билан байрам

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.